Ўзбекистон | 11:32 / 02.09.2022
11041
2 дақиқада ўқилади

Тошкент аэропортида аниқланган тимсоҳ болалари ҳайвонот боғига топширилди

Тошкент халқаро аэропортида божхоначилар томонидан аниқланган тимсоҳ болалари ҳайвонот боғига вақтинча сақловга топширилди.

Видеодан кадр

Божхона қўмитаси хабарига кўра, мазкур тимсоҳ болалари умумий қиймати 918,5 миллион сўмни ташкил қилади. Туғилганига бир ҳафта бўлган Нил тимсоҳи турига мансуб тимсоҳ болаларининг аҳволи Тошкент ҳайвонот боғи ходимлари томонидан қониқарли деб баҳоланмоқда.

Нил тимсоҳлари узунлиги одатда 5 метрдан ошади. Уларнинг 7 ва ундан ортиқ метр узунликдаги турлари ҳам учрайди.

Шунингдек, аэропортдаги божхона ходимлари хориждан учиб келган бошқа бир фуқаронинг қўл юкларини божхона кўригидан ўтказган. 

Унда бир дона оқ рангли целлофан пакети ичида фольга қоғозига ўралган, пушти рангли пластик идиши ичидан божхона назоратига белгиланган тартибда тақдим этилмаган, тахминий қиймати 5000 доллар, яъни 54 млн 650 минг сўм бўлган жами 10 дона сувда судралиб юрувчилар туркумига кирувчи буқаламунлар борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур жонзотлар Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақловга топширилди ва мутахассислар доимий назорати остида парваришланмоқда. Ҳайвонот боғи ветеринарлари берган маълумотга асосан, ташиш қоидаларига риоя қилинмагани сабабли, буқаламунлар 6 таси оғир аҳволда дея баҳоланмоқда. 

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид