Жаҳон | 09:38 / 13.09.2022
4901
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Арманистон ва Озарбойжонни ўт очишни тўхтатишга чақирди

АҚШ Давлат департаменти Ереван ва Боку ўртасидаги можарони ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигини яна бир бор таъкидлади.

Фото: Getty Images

АҚШ Давлат департаменти Арманистон-Озарбойжон чегарасида ҳарбий кескинлик ҳақидаги хабарлар нуқтайи назаридан «чуқур хавотир» билдирди ва томонларни ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда 13 сентябр, сешанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди.

«Биз аввал аниқ айтганимиздек, можарони ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Биз ҳар қандай жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз», деб таъкидлади Давлат департаменти раҳбари.

Арманистон бош вазири матбуот хизмати Блинкен ва Никол Пашинян ўртасида телефон орқали мулоқот бўлганини таъкидлади. «Энтони Блинкен Америка томонининг вазиятдан чуқур хавотирда эканлигини билдирди ва вазиятни янада кескинлаштиришни номақбул деб ҳисоблади. У АҚШнинг вазиятни барқарорлаштириш учун саъй-ҳаракатларга тайёрлигини билдирди», - дея хабар қилган расмий Ереван.

Арманистон ҳукумати раҳбари сайтида хабар берилишича, Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам вазиятни юмшатишга чақирган, Пашинян у билан ҳам телефон орқали мулоқот қилган. «Президент Макрон кескинликнинг янада кучайишини қабул қилиб бўлмас деб ҳисоблади ва вазиятни юмшатиш зарурлигини таъкидлади», — деди Пашинян матбуот хизмати. Шу билан бирга, Елисей саройи икки етакчи ўртасида суҳбат ўтказилганини тасдиқламади.

Арманистон Хавфсизлик кенгаши Озарбойжон билан чегарадаги вазият кескинлашгани туфайли Россияга расман ёрдам сўраб мурожаат қилишга қарор қилди, деб хабар қилди мамлакат ҳукумати. Расмий Ереван Москвадан Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартнома қоидаларидан фойдаланишни сўраш, шунингдек, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ва БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилиш ниятида.

Бундан ташқари, Пашинян Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбат чоғида Озарбойжоннинг ҳаракатларини «қабул қилиб бўлмайдиган» деб атади», — дейилади бош вазир матбуот хизмати хабарида. «Раҳбарлар тезкор алоқани давом эттиришга келишиб олдилар», — дея қўшимча қилди Ереван. Кремл музокаралар ҳақида ҳозирча изоҳ бермади. 

Шу билан бирга, Арманистон полицияси чегарадаги вазият муносабати билан кучайтирилган хизмат режимига ўтди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жамоат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмоқда, шунингдек, республика аҳолисини ваҳима қўзғатмасликка чақирмоқда. 

13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбойжон қуролли кучлари чегарадаги арманларнинг Горис, Сотк ва Жермук аҳоли пунктлари йўналишини артиллерия ва йирик калибрли ўқотар қуроллардан интенсив ўққа тута бошлаганини маълум қилди. «Озарбойжоннинг кенг кўламли провокацияси натижасида бошланган шиддатли тўқнашув давом этмоқда. Арманистон қуролли кучлари мутаносиб равишда жавоб қайтармоқда», — дея маълум қилди мамлакат Мудофаа вазирлиги. 

Боку, ўз навбатида, Ереванни чегаранинг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларидаги «кенг кўламли диверсия»да айблади. «Бўлинмаларимиз томонидан ушбу хатти-ҳаракатларнинг зудлик билан олдини олиш бўйича кўрилган тезкор чоралар натижасида жанг содир бўлди», — дейилади Озарбойжон Мудофаа вазирлиги хабарида. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар «Арманистон қуролли кучларининг ўт очиш нуқталарини ўчириш ва ҳарбий можаро кўлами кенгайишига йўл қўймаслик» мақсадида «зарурий чоралар» кўрмоқда. 

Иккала томон ҳам тафсилотларни келтирмаган ҳолда қурбонлар ҳақида хабар беришди. 

Мавзуга оид