Ўзбекистон | 18:00 / 13.09.2022
16774
6 дақиқада ўқилади

“Талимаржон” ИЭС сотилдими ёки ишончли бошқарувга топширилди?

БААнинг 2та компанияси билан “Талимаржон” ИЭСни бошқарувчи қўшма корхона тузилиб, унинг 80 фоиз улуши шу компанияларга берилди. Ўтган йили 1,1 трлн сўм соф фойда кўрган давлатнинг бу катта активи хусусийлаштирилдими ёки ишончли бошқарувга берилди? Бу ҳақда аниқ маълумот берилмаяпти.

Фото: Kun.uz

9 сентябрь куни Бирлашган Араб Амирликларининг Mubadala вa TAQA компаниялари билан Қашқадарё вилоятидаги “Талимаржон” ИЭСга инвестициялар киритишни назарда тутувчи битим имзоланган.

Инвестициялар вазирлиги хабарига кўра, битим доирасида “Талимаржон” иссиқлик электр станциясини бошқарадиган қўшма корхона ташкил этилади. БАА компаниялари қўшма корхонанинг 300 миллион долларлик устав капиталидаги 80 фоиз улуши учун тўлов ҳамда илгари “Талимаржон” ИЭС АЖ томонидан жалб қилинган тахминан 700 млн долларлик кредитларни тўлашга йўналтириладиган маблағларни инвестиция сифатида киритиши керак.

Умумий ҳисобда эса Mubadala вa TAQA компанияларининг деярли 1 миллиард доллар сармоя киритиши кўзда тутилган.

TAQA компаниясининг расмий саҳифасида ёзилишича, БААнинг ҳар иккала компанияси қўшма корхонанинг 40 фоиздан улушига эга бўлган. Қолган 20 фоиз улушга эса “Талимаржон” ИЭС АЖ эгалик қилади. Келишув 2023 йилнинг иккинчи ярмида якунланиши белгиланган.

Талимаржон ИЭСни хусусийлаштириш жараёни бошландими?

Davletov.uz Теlegram-канали муаллифи Қобил Хидиров Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг расмий ахборотида қўшма корхона ташкил этилиши ҳақида хабар берилган бўлса-да, тақдим қилинган суратлардаги орқа фонда “хусусийлаштириш маросими” деб ёзилганига эътибор қаратди.

“Қанақадир тушунарсиз. Нега хусусийлаштириш жараёни бошлангани ёки бўлиб ўтгани ҳақида аниқ-тиниқ айтилмаяпти? “Талимаржон” хусусийлаштирилиши ҳақида олдин ҳам гапирилган. “Талимаржон” ИЭС АЖдаги давлат улуши ҳам қўшма корхонадаги улушлар бўйича тақсимланадими? Қўшма корхонанинг вазифаси нимадан иборат? Бошқарув компанияси кабими ёки тасарруф этадими? Бу давлат хусусийлаштириш дастури доирасида юз беряптими? Алалоқибат, жайдаричасига айтганда, қанчага хусусийлаштирилмоқда? Бизнингча, битим шартлари ҳақида батафсилроқ ахборот берилиши керак”, дея бир қанча саволларни ўртага ташлаган блогер.

“Ангрен” ва “Янги Ангрен” ИЭСлар тақдири такрорланмайдими?

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, яқин ўтмишдаги муҳим энергоактивларни ишончли бошқарувга бериш бўйича “аччиқ ва аянчли тажриба” ҳисобга олиниши керак.

“Ўзбекистоннинг энг йирик иссиқлик станцияларидан иккитаси – “Янги Ангрен” ИЭС ва “Ангрен” ИЭС “Central Asia Energy” МЧЖга ишончли бошқарувга топшириб юборилганига яқинда уч йил бўлади. Ишончли бошқарувга топширилгач, бу икки компаниянинг молиявий аҳволи баттар ёмонлашса ёмонлашдики, яхшилангани йўқ. Ишлаб чиқариш қувватлари ҳам ошиб қолмади. Ўртада қанақа расмий ва норасмий мажбуриятлар ва келишувлар бўлган, ҳеч ким билмайди.

Тўғри, давлат назоратида қолаётган ИЭСларнинг аҳволи мақтагулик эмас. Лекин ишончли бошқарувдагиларнинг янада баттар абгорлашгани қоляпти, холос. Келишувни тузганларда на ҳисобот, на назорат ва на сўров бор. Жамоатчилик ишончли бошқарувга топшириб нима олдик, деган саволга жавоб олиши керак”, дея ёзади иқтисодчи.

“Талимаржон” ИЭС давлат назоратида қолаётган энг йирик ва рентабелли станциялардан бири ҳисобланади. Хусусан, корхона 2021 йилни 1,1 трлн сўм соф фойда билан якунлаган. Таққослаш учун, ўтган йилда "Янги Ангрен” ИЭС АЖ 304 млрд сўм, "Ангрен” ИЭС АЖ 87,6 млрд сўм зарар кўрган.

Бакиров агар “Талимаржон” ИЭС хусусийлаштирилган бўлса, нега очиқ халқаро танлов ўтказилмаганидан таажжубланмоқда.

“Айни вақтда “Талимаржон” ИЭСнинг давлат кафолати остида олинган ташқи қарзлари ҳам анчагина. 2013 йилдаги лойиҳа бўйича 1,3 млрд долларлик ташқи қарз бўйича қанча қарздорлик қолган, очиқланмаган. 2019 йилда бошланган буғ-газ қурилмаларини қуриш билан боғлиқ қарийб 1 млрд долларлик ташқи қарз лойиҳаси нима бўлади, буям номаълум. Расмий ҳисоботга кўра, 2022 йил бошига 7,8 трлн сўмлик узоқ муддатли қарзлар мавжуд бўлган.

Яна бир савол, агар ИЭС хусусийлаштирилган бўлса, нега очиқ халқаро танлов ўтказилмади? Ёпиқ эшиклар ортидаги келишувлар бизнинг ташриф қоғозимизга айланиб қолдими?” дейди у.

Бу намуна бўлиши кераклиги айтилган

Kun.uz “Талимаржон” иссиқлик электр станциясини бошқарадиган қўшма корхона ташкил этилиши ҳақидаги битим шартлари билан батафсилроқ танишиш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди, аммо вазирлик расмийлари томонидан бу борада қўшимча маълумот берилмади.

2022 йил июл ойидаги йиғилишлардан бирида президент Шавкат Мирзиёев “Талимаржон” ИЭСни хусусийлаштириш ҳақида гапириб, бу лойиҳа ИЭСларни бошқариш ва энергия ишлаб чиқаришда намунавий бўлиши кераклигини айтганди.

Ўтган йили март ойида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев “Талимаржон” ИЭСни умумий қуввати 900 МВт бўлган қўшма циклли электр станциялари билан кенгайтириш учун Осиё тараққиёт банкидан 1,32 миллиард доллар миқдорида қарз ва кредит маблағлари жалб қилинганини маълум қилганди.

Мавзуга оид