Ўзбекистон | 07:20 / 14.09.2022
8312
2 дақиқада ўқилади

Сенат Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятидаги камчиликларни маълум қилди

Жорий йил 13 сентябр куни Сенат 32-ялпи мажлисида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Фото: Senat.uz

Муҳокамалар жараёнида вазирлик фаолиятида мавжуд бир қатор камчиликларга ҳам эътибор қаратилди.

Мамлакат 140 дан ортиқ давлатлар билан дипломатик алоқаларни ўрнатилганига қарамай, инвестицион ҳамкорлик улар атиги 25 фоизи, яъни 35 та мамлакат билан олиб борилиши, салбий аҳамиятга эга бўлмоқда. Грузия, Дания, Нидерландия, Ирландия, Бразилия, Португалия, Бангладеш, Греция каби салоҳиятли мамлакатлар билан ташқи савдо алоқалари йўлга қўйилмаган.

Хорижий инвестицияларни жалб қилишда Ўзбекистон айрим элчихоналари томонидан эришган натижалар қониқарли даражада эмас. Элчихоналар ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган лойиҳалар 50 фоизи амалиётга татбиқ этилмасдан қолиб кетмоқда.

Фото: Senat.uz

Туризмни тарғиб қилиш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини хорижий бозорларга олиб чиқиш йўналишида элчихоналар томонидан амалга оширилган ишлар сезиларли натижа бермаган. 

Сенаторлар кенг жамоатчилик асосли танқидларидан бири бўлган хориждаги меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам эътибор қаратди. Ўзбекистон меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш, улар қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, янги иш ўринларини яратишга қаратилган норматив-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш ишлари амалга оширилмагани танқид қилинди. Меҳнат мигрантлари учун янги йўналишлар яратиш доирасида Буюк Британия, Польша, Латвия ва Литва каби хорижий шериклар билан икки томонлама ҳужжатлар имзоланишида сусткашликка йўл қўйилган.

Фото: Senat.uz

Хорижий сайёҳлар учун E-visa сайти орқали Ўзбекистон электрон визасини олишда турли техник носозлик ва қийинчиликлар сақланиб қолмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон хориждаги элчихоналари сайтларидаги маълумотлар мунтазам равишда янгиланиб борилмайди. Инвесторлар, ишбилармонлар ва сайёҳлар учун етарли маълумот ва ҳаволалар жойлаштирилмаган.

Фото: Senat.uz

Юқоридаги масалалар инобатга олиниб, вазирлик ахбороти юзасидан Сенат тегишли қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид