Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими, прокурори ва бошқа раҳбарлари суд қилинмоқда
63 млрд сўмдан ошиқ маблағни талон-торож қилганликда гумонланаётган Андижон шаҳрининг собиқ раҳбарлари Фарғонада суд қилиняпти. Улар орасида Андижон шаҳрининг собиқ прокурори ҳам бор. Тергов хулосасига кўра, прокурор уюшган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилиб, маориф тизимидаги мансабдорлардан «доля» олиб юрган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди биносида суд қилинаётган Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими ва прокурори дохил судланувчилар жами 44 нафар. Уларнинг 15 нафари аёллар.
63 млрд сўмдан зиёд маблағни талон-торож қилишда гумонланаётган Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров, шаҳарнинг собиқ прокурори Қурбонали Асқаров, вилоят ХТБ собиқ раҳбари Азизбек Миркомилов — жами 44 кишилик жиноий гуруҳга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни давом этмоқда. Судланаётганларнинг 34 нафари эҳтиёт чораси сифатида судгача қамоққа олинган. Шу сабабли суд залидаги ҳар иккала қафас ҳам айбланувчилар билан тўлган.
Очиқ суд мажлисида иштирок этаётган Kun.uz мухбирига кўра, айбланувчилар ва уларнинг адвокатлари илтимосини қаноатлантирган. Раислик этувчи судья А.Ўтаев жараённи фото ва тасвирга ҳамда аудиога ёзиб олишга рухсат бермаган.
Айблов хулосасида ёзилишича, Андижон шаҳар ХТБ марказлашган молия-бухгалтерия хизмати собиқ бош ҳисобчиси ва Андижон вилояти Давлат молиявий назорат бошқармаси собиқ бошлиғи, Андижон шаҳар собиқ прокурори раҳбарлигидаги гуруҳ 2018–2021 йиллар мобайнида ҳужжатларни сохталаштиришиб, асоссиз равишда шакллантирилган сохта тўлов қайдномаларини расмийлаштириш орқали, «ўлик жонлар» номига АТБ «Ўзсаноатқурилишбанк» Бунёдкор филиалида банк пластик карталари очишган.
Гуруҳ шу орқали иш ҳақидан ушлаб қолмасдан ҳамда ортиқча тўлаш орқали Андижон шаҳар ХТБ тизимида ишламаган шахслар ҳамда муқаддам ишлаб кетган, фарзанд парваришида бўлган ходимлар номига ноқонуний тўловларни амалга оширишган. Натижада, жами 63,1 млрд сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.
12–13 сентябр кунлари бўлиб ўтган суд жараёнида Халқ таълими вазирлиги ходими, мактаб ўқитувчилари, АТБ «Ўзсаноатқурилишбанк» Бунёдкор филиали ходими, маҳалла раиси, айбланувчиларнинг қариндошлари ҳамда уларнинг кўчмас мулк олди-сотдисида бевосита иштирок этган шахслар гувоҳ сифатида кўрсатма берди.
14 сентябр куни бўлиб ўтган суд мажлисида Андижон шаҳрида жойлашган 5-, 18-, 19-, 20-, 28-, 35-ўрта мактабларда ишлаган ўқитувчи ва ходимлар ҳамда 26-махсус мактаб тарбиячиларининг кўрсатмаси тингланди.
Суд жараёнида қайд этилишича, гувоҳ сифатида чақирилган Н.И. 2016-2018 йилларда Андижон шаҳридаги 19-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган. У гарчи таълим муассасасидан ишдан бўшаганига қарамай, унинг номига 10 миллион сўм ойлик маош ёзилган ва бу маблағ мансабдорлар томонидан талон-торож қилинган.
Худди шу мактабда фаолият юритиб, 2018 йилда пенсияга чиққан Санобархон Усмонованинг пластик картасига 2019 йилнинг март ойида 10 миллион сўм миқдорида маблағ туширилган. Гувоҳнинг судда кўрсатма беришича, у тушган пулдан хабари бўлмаган ва маблағ ким томонидан ишлатилганини ҳам билмаган.
Суд мажлисига гувоҳ сифатида чақирилган яна бир ўқитувчи Д.Х. эса Андижон шаҳридаги 28-мактабда фаолият юритиб, 2015 йилда ишдан бўшаган. Унинг мактабда мавжуд бўлган паспорт маълумотларидан фойдаланган айбланувчи ҳисобчи Ш.С. унинг номига банкдан пластик карта очган. Картага 33 миллион пул тушириб, ишлатиб юборган. Суд жараёнида ҳисобчи ҳақиқатан ҳам Д.Х.нинг номига пластик карта очиб, маблағни эҳтиёжи йўлида сарфлаб юборганини тан олди.
35-мактаб ўқитувчиси Г.А. гарчи директор ўринбосари лавозимида ишламаса ҳам, у шу лавозимга «расмийлаштирилади». 6 ой давомида унинг пластик рақамига директор ўринбосарининг ойлиги тушади ва тушган сумма 3 га тақсимланади. Сумманинг бир қисми ўзига, қолгани эса мактаб «катта»ларига етказилади.
Суд жараёнида кўрсатмаси тингланган Г.З.нинг айтишича, у Андижон шаҳридаги 5-мактабда кутубхоначи бўлиб ишлаган. У ойлик-маошини нақд шаклда олган. Ҳисобчи Ш.С. унинг номига пластик карта очиб, 83 миллион сўм пул туширган ва сарфлаб юборган. Кутубхоначининг ўзи эса бундан хабари бўлмаган.
Муқаддам 20-мактабда фаррошлик қилган ва ҳозирда уй бекаси бўлган Ш.А.нинг номига ҳам пластик карта очилиб, 170 млн сўмдан ортиқ пул туширилган. Тушган пуллар ҳам ҳисобчи томонидан ишлатилган.
Суд мажлисида кўрсатмаси тингланган яна бир гувоҳ Х.М.га кўра, у Андижон шаҳридаги 20-мактабда ишлаб, 2016 йилда декрет таътилига чиққан. Унинг онаси шу мактабда илмий бўлим мудири лавозимида ишлаган. ХТБ ҳисобчиси М.Р. онасидан декретга чиқиб кетган қизининг паспорт маълумотларини олиб, унинг номига пластик карта очган. Картага 76 миллион сўмдан ортиқ пул тушириб, эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборган.
Шунингдек, 20-мактабда фаррош бўлиб ишлаган А.А. номига пластик карта очилиб, унга 163 миллион сўм туширилган. Фаррош эса ойлик маошини нақд шаклда олган. Фаррош пластик картасига тушган маблағ ҳақида билмаган. ХТБ ҳисобчиси М.Р. томонидан маблағ ўзлаштирилган.
Бундан ташқари Андижон вилояти ХТБ ҳисобчилари томонидан яна бир қанча ўқитувчилар номига ҳудди шундай пластик карталар очилган. Маблағлар эса «туя» қилинган.
Ҳисобчи бўлиб ишлаган айбланувчи аёллардан бири раислик этувчининг саволига «33 млрдни ўзлаштирдик, 18 млнни ҳам ўзлаштирганимизни тан олавераман», — дея киприк қоқмасдан, бамайлихотир жавоб қилди.
Суд 19 сентябрга қадар танаффус эълон қилди.
Маълумот ўрнида: жиноят иши Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси А.Ўтаев раислигида ҳамда судьялар О.Арабов ва Ш.Шерқуловдан иборат таркибда, биринчи инстанция судида кўрилмоқда.
Дастлабки тергов органи айблов хулосасига кўра, судланувчилар томонидан 63 млрд сўмдан зиёд маблағ талон-торож қилинган ва улар Жиноят кодекси 167-, 168-, 207-, 209-, 210-, 28+210-, 211-, 28+211- ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Жами 44 нафар судланувчиларнинг 29 нафари эркак ҳамда 15 нафари аёл бўлиб, 34 нафар судланувчига нисбатан «қамоққа олиш», 10 нафарига эса «гаров» ва «уй қамоғи» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган.
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
07:37 / 24.12.2024
Аҳолини кўмир билан таъминлаш учун ажратилган маблағни талон-торож қилган шахс ушланди
22:36 / 20.12.2024
Қашқадарёда иситиш тизимидаги таъмирлашда салкам 1 млрд сўмни талон-торож қилган МЧЖ аниқланди
16:13 / 20.12.2024
Йигирмага яқин болани 1,5 минг км масофага ташиётган учта Damas ушланди
16:54 / 19.12.2024