Ўзбекистон | 23:53 / 02.10.2022
12486
2 дақиқада ўқилади

Навоийда конда автоағдаргич ёниб кетди. Ҳайдовчи ҳалок бўлган

Фото: Навоий кон-металлургия комбинати

Ҳаракатдаги БелАЗ русумли автоағдаргичнинг олд чап қисмида ёнғин келиб чиққан. Оқибатда автоағдаргич ҳайдовчиси куйиш тан жароҳати билан касалхонада вафот этган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, “Марказий Амантой” конида тоғ жинсларини тўкиш учун ҳаракатланаётган вақтида БелАЗ русумли оғир юк кўтарувчи карьер автоағдаргичининг олд чап қисмида ёнғин келиб чиққан. Бунинг оқибатида куйиш тан жароҳатини олган ҳайдовчи касалхонага етказилган. Бироқ шифокорлар кўрсатган тиббий ёрдам ва муолажаларга қарамасдан, ҳайдовчи вафот этган.

“Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги Низом”га асосан махсус текшириш комиссияси тузилган. Комиссия томонидан оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қиламиз. Ўрганиш натижалари юзасидан қўшимча маълумот эълон қилинади”, — дейилади расмий муносабатда.

Мавзуга оид