Ўзбекистон | 10:24 / 05.10.2022
12335
2 дақиқада ўқилади

Аҳолини кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш тартиби тасдиқланди 

Фото: Dunyo

Вазирлар Маҳкамасининг “Республика истеъмолчиларига кўмир маҳсулотларини етказиб бериш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бюджет ташкилотларини кўмир маҳсулотлари билан бюджет маблағлари ҳисобидан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У қуйидаги тартибни назарда тутади:

  • бюджет ташкилотлари кўмир маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини шакллантириш;
  • бюджет ташкилотларига кўмир маҳсулотларини ҳудудлардаги кўмир омборлари орқали етказиб бериш;
  • бюджет ташкилотлари билан ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш;
  • улар омборларида кўмир маҳсулотларини сақлаш.

Республика аҳолисини кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У ҳудудлардаги кўмир омборларига кўмир маҳсулотларини етказиб бериш, сақлаш ва сотиш, аҳоли билан кўмир маҳсулотлари учун ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини белгилайди.

Республика ҳудудлари бўйича аҳоли ва бюджет ташкилотларига кўмир маҳсулотларини етказиб бериш учун масъуллар рўйхати белгиланди.

2023 йил 1 апрелга қадар кўмир маҳсулотларини сотиш, бюджет ташкилотлари ва аҳоли билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш тўғрисида маълумотлар жойлаштириладиган интерактив портали ишга туширилади.

  • 2022 йил 1 октябрдан бошлаб ўрнатиладиган тартибга мувофиқ:
  • идоралараро тариф комиссияси томонидан ҳар йили камида бир марта (1 июнга қадар) ҳамда ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари қайта кўриб чиқилганда, кўмир улгуржи ва чакана нархлари қайта кўриб чиқилиб тасдиқланади;
  • кўмир брикети маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар кўмир брикети учун маҳаллий кўмир хомашёсини биржа савдолари орқали сотиб олади ҳамда ишлаб чиқарилган кўмир брикетини бозор нархларида истеъмолчиларга етказиб беради.

“Ўзбеккўмир”, Республика товар-хомашё биржаси, “Ўзбекистон темир йўллари”га биржа савдоларида инсон омилини чеклаш учун сотилган кўмирни ортиб юбориш босқичларини тўлиқ автоматлаштиришни назарда тутувчи дастурий таъминотни ишлаб чиқиш топширилди.

Мавзуга оид