Жамият | 10:55 / 07.10.2022
50189
2 дақиқада ўқилади

Наманганда ўқувчи ўқитувчига ҳужум қилди

Косонсой туманидаги мактабда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида жанжал юзага келди. Ўқувчининг ота-онасига чора кўрилди. Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода бошқа бир ўқувчи ҳам ўқитувчига гултувак отгани акс этган.

Фото: Видеодан скриншот

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги мактаблардан бирида ўқувчилар ўқитувчини калтаклашгани акс этган видео тарқалди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби ҳолат юзасидан маълумот бериб, ўқувчи ва ўқитувчи ўртасида юзага келган келишмовчилик сабаб ўқитувчи ўқувчини синфдан чиқариб юборгани, ўқувчи эса синфга қайтиб кириб, ўқитувчига қўл кўтарганини маълум қилди. 

Видеода бошқа ўқувчилар томонларни ажратгани, лекин улардан бири синфхонадан чиқиб кетаётган ўқитувчига гултувак отганини кўриш мумкин.

Вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳодиса 19 сентябр куни Косонсой тумани халқ таълими бўлимига қарашли 29-сонли мактабда, физика дарсида содир бўлган.

«Физика фани ўқитувчиси дарс ўтаётганда ўқувчи ўқитувчининг дарс ўтишига халақит берган. Шунда ўқитувчи ўқувчини дарсдан чиқариб, мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарига суҳбатлашиш учун топширган.

Бироз вақт ўтгандан сўнг ўқувчи синф хонасига қайтиб кирган ва видеода акс этгани каби ўқитувчига ташланган. Синфдаги бошқа ўқувчилар уларни ажратишга ҳаракат қилган», дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ бўлими ва туман халқ таълими бўлими ходимлари мактабда ўрганиш олиб борган ва тегишли тартибда ўқувчининг ота-онасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, халқ таълими бўлими ва мактаб раҳбарларига ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида ўзаро ҳурмат ва белгиланган тартиб қоидалар асосида дўстона муносабат ўрнатилишини таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилган.

Мавзуга оид