Жамият | 17:18 / 09.10.2022
15009
3 дақиқада ўқилади

Қаршида 24 туп дарахт кесиб ташланди

Дарахтларнинг кесилиши натижасида табиатга, ўсимлик дунёсига 156 миллион сўм миқдорида зарар етказилгани ҳисобланган. Бундан ташқари, дарахтларни кесган фуқарога 3 миллион сўм жарима жазоси қўлланган.

Қашқадарё вилояти экология бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, Қарши шаҳар Экология бўлими давлат инспекторлари томонидан ўтказилган навбатдаги рейдлар давомида Қарши шаҳар “Алишер Навоий” МФЙ Гулмачит кўчасида яшовчи фуқаро томонидан 24 дона дарахтлар кесиб ташлангани аниқланган.

Дарахтларнинг кесилиши юзасидан Қарши шаҳар “Алишер Навоий” МФЙ Гулмачит кўчаси 3-уйда яшовчи фуқаро М.Қ. дан тушунтириш хатлари ёзма равишда олиниб, ҳолатни жойида ўрганиш юзасидан далолатнома расмийлаштирилган.

Дарахтларнинг ноқонуний кесилиши натижасида "Экологик назорат тўғрисида"ги, "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги бир қатор қонун талабларига риоя этилмасдан қўпол равишда бузилганлиги ҳолати тегишли тартибда қайд этилган ва табиатга, ўсимлик дунёсига 156 миллион сўм миқдорида зарар етказилгани ҳисобланган.

Қайд этилишича, фуқаро М.Қ.га нисбатан қўлланган 3 миллион сўм жарима ундириб олинган. Етказилган зарар суммаси расмийлаштирилган ҚВ 0010509-рақамли баённомада акс эттирилган. Шунингдек, 2022 йил 23 августдаги 27992535419915-сонли карешок орқали махсус базага киритилган.

“Етказилган зарарни ундириб олиш мақсадида белгиланган ихтиёрий тўлов муддати берилган. Ихтиёрий ундирув муддати тугаганлиги учун, ҳозирда расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилиб, мажбурий ундириш чоралари кўрилмоқда”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 43-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 45-бандида дарахтлар ва буталарни Давлат экология қўмитаси органларининг хулосалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари рухсатномаларисиз кесиш ноқонуний ҳисобланиши белгиланган.

Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги фармони билан Ўзбекистон ҳудудида дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилган, тартибни бузганлик учун жарималар 5 баробарга оширилган, етказилган зарар 2 баробар қилиб ундирилиши белгиланган эди. Фармонда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини фото ва видеотасвирга олиб жўнатганларга пул тўланиши ҳам кўзда тутилган. Шунга қарамасдан, жойларда ҳамон ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари тўхтамаяпти.

Мавзуга оид