Жаҳон | 20:45 / 11.10.2022
14874
3 дақиқада ўқилади

Янги Зеландия сигирларнинг кекирикига солиқ солмоқчи

Фото: Mark Baker / AP

Янги Зеландия ҳукумати иқлим ўзгаришига қарши курашиш мақсадида қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари чиқарадиган иссиқхона газларига солиқ солишни режалаштирмоқда.

Веллингтон 2050 йилга бориб, иссиқхона газларини камайтириш ва углерод нейтраллигига эришишни ваъда қилмоқда. 2030 йилгача қишлоқ хўжалигидаги метан чиқиндиларини 10 фоиздан 47 фоизгача камайтириш мажбурияти ҳукумат стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.

Бош вазир Жасинда Ардерн сўзларига кўра, фермер хўжаликларидан йиғилган солиқ тушумлари янги технологиялар, тадқиқотлар ва фермерларни рағбатлантириш тўловларини молиялаштириш учун қайта инвестиция қилинади.

Бундай солиқ дунёнинг ҳеч бир мамлакатида йўқ ва Янги Зеландия бу борада биринчи бўлади. Фермерларга ушбу солиқ миқдорини ўз маҳсулотлари нархига қўшган ҳолда қоплаш тавсия қилинмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазири Дэмиен О’Коннор буни мамлакат фермерлари учун ҳаяжонли истиқбол деб атади.

«Фермерлар аллақачон иқлим ўзгаришидан зарар кўрмоқда, чунки қурғоқчилик ва сув тошқинлари тез-тез содир бўляпти. Қишлоқ хўжалиги чиқиндиларини камайтиришда етакчилик қилиш атроф-муҳит учун ҳам, иқтисодиётимиз учун ҳам фойдалидир», - деб тушунтирди у.

Фермерлар уюшмаси президенти Эндрю Ҳоггард янги солиқнинг жорий қилинишидан мамнун эмас.

«Фермерлар икки йил давомида ҳукумат билан иссиқхона газларини камайтириш режаси устида бирга ишлашга ҳаракат қилишди. Фермерлар ишлаб чиқаришни камайтирмаган ҳолда бундай чораларни қўллаш тарафдори эди. Энди эса янги таклиф фермерларни ўз фермаларини сотишга мажбур қилади», деди у.

Қўй ва сигирларнинг метан кекириклари мамлакатдаги иссиқхона газларининг энг йирик манбаларидан бири ҳисобланади. Ҳар бир ҳайвон ҳар куни кекирик ва газ чиқариш орқали атмосферага 400-500 литр метанни тарқатади. Метан атмосферада карбонат ангидридга қараганда камроқ яшайди, лекин иссиқликни 30 баробар самаралироқ сақлайди, шунинг учун хавфлироқ бўлиши мумкин. Умуман олганда, 5 миллион аҳолига эга мамлакатда 10 миллионга яқин гўшт-сут йўналишидаги қорамол, 26 миллион қўй боқилади.

Аввалроқ Янги Зеландия ҳукумати келажак авлодга сигарет сотишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиб, мамлакатни «чекишдан холи» қилиш режасини эълон этган эди.

Мавзуга оид