Жамият | 15:21 / 12.10.2022
13947
2 дақиқада ўқилади

Қўрқинч билан яшаётган она: “Боламнинг вақти кам қолди”

12 ёшли Суннатиллога суяк саратони – остеосаркома ташхиси қўйилган. У соғайиши учун зудлик билан қилиниши керак бўлган операция эса Ҳиндистонда қилинади.

Суннатиллога мураккаб ташхис қўйилган – остеосаркома. Унинг ўнг оёғи болдир суягида саратон хасталиги аниқланган кундан бери оиланинг тинчлиги йўқолган. Суннатиллонинг отаси умумтаълим мактабида ўқитувчилик билан оила тебратаётган эди. Аммо вазиятнинг бундай тус олиши уни ишидан воз кечишга мажбур қилди. Чунки номи ҳам қўрқинчли бу дарднинг келиши осон бўлса-да, кетиши мушкул эди. Аввалига Москва шаҳрида ўтказилган текширувлар ташхиснинг аниқлигини кўрсатди. Аммо у ерда даволаниш учун имкониятлари етмаганлиги сабаб Ўзбекистонга қайтишди.

Бир муддат даволангач, фарзанди ҳаёти учун ҳеч нарсани аямаган ота бор-йўғини тўплаб, кира қилиб рўзғор боқаётган автомобилини ҳам сотиб Ҳиндистонга кетишади. Қайтадан ўтказилган текширувлар зудлик билан операция ўтказилиши кераклигини исботлайди.

“Бор-будимизни сотиб, умид билан боргандик Ҳиндистонга. Ўша ердан боламни ўз оёғида юргизиб келаман деб ният қилгандим. Афсус, маблағимиз етмасдан яна ортга қайтдик.

Бизда жудаям вақт кам қолди. Ўғлимни омон-эсон операция қилдириб келишимда, саратондан сақлаб қолишимда ёрдамингизни аяманг. Болам спортга қизиқарди, болалигидан тинимсиз шуғулланарди”, - дея ватандошларидан кўмак сўрайди беморнинг онаси Дилсўз Юсупова.

Айни пайтда Суннатилло Республика болалар миллий тиббиёт марказида даволанмоқда. Тажрибали шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан боланинг аҳволи ёмонлашишдан сақлаб турилибди. Аммо бу ҳаракатлар ҳам кун келиб фойда бермаслиги мумкин. Бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш, унинг яқинларига катта неъматни тақдим этиш ҳам бахт аслида. Шу ҳимояга қодир яхшилар орамизда бисёр.

Суннатилло Юсуповга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0201 5867 3595 қариндоши Бобур Абдумажидов номида

Манзил: Фарғона шаҳри, “Дўстлик” МФЙ, Мотуридий кўчаси, 28 уй, 43 хонадон.

Мавзуга оид