Жаҳон | 21:10 / 13.10.2022
7543
2 дақиқада ўқилади

1970 йилдан бери ёввойи ҳайвонлар популяцияси деярли 70 фоизга қисқарди

Бутунжаҳон ёввойи табиат фонди ва Лондон зоология жамияти тадқиқотчилари хулосасига кўра, ўрмонларнинг кесилиши ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши туфайли ёввойи ҳайвонларнинг популяцияси кескин қисқарган.

Фото: AP

Бутунжаҳон ёввойи табиат фонди (WWF) ва Лондон зоология жамиятининг «Тирик сайёра» деб номланган қўшма ҳисоботига кўра, 48 йил давомида (1970 йилдан 2018 йилгача) дунёдаги ёввойи ҳайвонлар популяцияси 69 фоизга камайди.

Тадқиқот доирасида мутахассислар 5230 турдаги ҳайвонларни таҳлил қилиб, уларнинг популяциясидаги ўзгаришларни баҳолади. Аниқланишича, ёввойи ҳайвонлар популяцияси камайишининг асосий сабаблари орасида ўрмонларнинг кесилиши, истеъмолнинг ўсиши ва атроф-муҳитни одамлар томонидан ифлослантирилиши каби омиллар бор.

Ёввойи ҳайвонлар популяциясининг энг сезиларли қисқариши Лотин Америкасида қайд этилган — 94 фоиз. Африкада ёввойи ҳайвонлар популяцияси 66 фоизга, Осиё — Тинч океани минтақасида 55 фоизга, Шимолий Америкада 20 фоизга, Европа ва Марказий Осиёда 18 фоизга камайган.

«Иқлим инқирозлари ва табиий офатлар нафақат экологик муаммо, балки иқтисодиёт, хавфсизлик ва тараққиётни оғир аҳволга солиб қўювчи ижтимоий, маънавий ва ахлоқий таҳдиддир. Иқлим инқирозлари ва табиий офатлар учун энг кам жавобгар бўлганлар — аҳолининг заиф қатламлари, сайёрамизнинг турли бурчаклари ва ёввойи табиат олами энг кўп зарар кўрмоқда.

Ҳозир биз икки томонлама инқирозни бошдан кечирмоқдамиз — ҳалокатли табиий йўқотишлар ва сайёрамиз ресурсларидан беқарор фойдаланиш оқибатида юзага келган иқлим ўзгаришлари жараёни», - дейилади тадқиқотчилар ҳисоботида.

Дунё мамлакатларида зарарли чиқиндилар миқдорини камайтириш – вазиятнинг кескинлашувини секинлаштирадиган чора-тадбирлардан бири сифатида таклиф қилинмоқда.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу борадаги давлатлараро келишув 5-17 декабр кунлари Монреалда ўтказиладиган БМТнинг Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенциясига киритилиши мумкин.

Мавзуга оид