Орамиздаги одамлар: Икки оёқсиз ҳам бахтли яшашни Ўлмасжондан ўрганиш керак
Етти ойлик чақалоқ сандалдаги чўғга тушиб кетади. Шифокорлар болани сақлаб қолишнинг ягона йўли унинг оёқларини кесиб ташлаш деган хулосага келишади. 35 ёшга кирган Ўлмасжон соғлом одамлардек меҳнат қилади ва тўрт мучаси омон баъзи тенгдошларидан яхши яшайди.
Ўлмасжон оёғидаги нуқсон сабаб мактабга бора олмади. Таҳсилни уйида олди. Айнан бахтсиз ҳодиса сабаб ота-онаси ажраб кетди. У отасиз улғайди.
“1988 йил 27 декабрда сандал тўла чўғга тушиб кетиб куйиш натижасида икки оёғимнинг тизза қисмига шикаст етган. Шифокорлар оёғимни кесиб ташлашга мажбур бўлишган. Ўша пайтда чақалоқ бўлганим учун бўлиб ўтган мудҳиш воқеани эслай олмайман. Ота-онамдан эшитганман. Вақти келиб тенгдошларим мактабга чиқишди. Мен эса таълим даргоҳига бора олмадим. Ўқитувчилар уйимизга келиб дарс бериб кетишар эди. Дўстларим қатори мактабга бориб дарс олиш ушалмас орзуларимдан бири бўлиб қолди.
18 ёшга тўлганимда ўқишга киришга қарор қилдим. Фарғона шаҳридаги ногиронлар коллежида таҳсил олдим.
Отамни 19 ёшга кирганимда таниганман. Бахтсиз ҳодисадан куйиб оёғимдан ажраганимдан кейин ўртага совуқчилик тушиб, ота-онам ажрашиб кетишган. Отам Жиззах вилояти Дўстлик туманида истиқомат қилган. 19 ёшга тўлганимда, оёғимга протез кийишни бошлаганимда отамни топдим. У билан учрашганмиз. Охиратлари обод бўлсин. 2018 йилда отам вафот этди. Яратган менга икки ўғил берди”, – дейди у.
Тасалли...
Ҳар куни тизимли режа асосида ишлайман. Асаларичилик асосан март ойидан бошланади. Унгача зерикиб қолмаслик учун иссиқхонага бодринг экиб парваришлайман. Томорқа ерини ағдараман. Скутеримда қўшниларнинг юмушини қилиб бераман.
Ногиронлик билан эсимни танидим. Табиий оёқда юриб “мазза” қилмадим. Яратганга шукр, шундай бўлса-да, ҳолатим ўзимга маъқул келади. Айнан ногиронлигим, оёғим йўқлиги учун армон қилмайман. Чунки бу арзийдиган нарса эмас.
Ёши катта бир инсон насиҳат қилган эди. Сен оёғинг билан эмас онг, ақл-идрокинг билан яшайсан, деб. Агар шундай бўлса қўли, оёғи йўқ ёки кўзи ожиз кимса бу дунёда бўлмас эди. Тушкунликка тушганимда шу инсоннинг гапи тасалли беради. Вазиятдан чиқиб кетиш учун китоблар ўқишга ҳаракат қиламан.
Протезда ичингизни нимадир “чақиб” туради...
Протез кийишга ҳар доим ҳам зарурият туғилмайди. Айниқса ҳовли ичида. Скутер миниб ташқарига чиққан пайтимда хавфсизлик нуқтаи назаридан тормоз босиш учун протез оёқни кийиб оламан. Оёғингиз оғримайдими, деган саволларни кўп беришади. Буни протези бор инсонлар билади. Протез кийганда оёқда албатта оғриқ бўлади. Ичингизни нимадир “чақиб” туради. Бирор жойга яхши кайфиятда бормайсиз. Протезда кимдир сизга ҳазил қилгудек бўлса, шу нарсани кўтара олмай қолишингиз мумкин. Негаки бир аъзонгиз оғриб тургандан кейин ортиқча гап ёқмайди.
Ногиронлик мавзусида ҳазил қилишса буни тўғри тушунишга ҳаракат қиламан. Қўшни болалар ўрганиб кетишган. Лекин меҳмон болалар маҳаллага келиб қолишса ёки ўғлимнинг дўстлари нега оёғингиз орқага қараган, деб савол беришади. Уларга ҳолатни тўғри тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Жисмоний ҳаракат қилмаслик мен учун ҳаётда тўхтаб қолишдек гап. Агар ишламасам, зерикиб қоламан. Ишласам ҳам манфаатли, ҳам вақтни мазмунли ўтказишда кўмак бўладиган юмуш билан шуғулланаман.
Армон...
2018 йил 1 декабр куни тўсатдан синглим қўнғироқ қилиб отамнинг сизда гапи бор экан, келар экансиз, деб қолди. Ота чақиргандан кейин фарзанд унинг ҳузурига “учиб” бориши керак эмасми?! Қишнинг изғирин палласи. Протез кийиш ноқулай. Унинг устига оёғим оғриб турганди. Синглимга отам мендан хафа бўлмаслигини, ёнларига бора олмаслигимни айтдим.
16 декабр куни отам вафот этди. Умримда биринчи марта отам мени чақирди. Лекин бора олмадим.
Ичимда тинчлик бермайдиган, доим қийнайдиган дард бор. Фарзанд туғилгандан кейин узоғи 2 йилда ўзи мустақил равишда юриб кета олади. 10 ёшга киргунимча онам мени елкасида кўтариб опичлаб катта қилди. Онамни Ҳажга жўнатишни орзу қиламан. Ҳалигача фарзандлик бурчини бажара олмаганим мен учун армон. Онамга хизмат қилишим керак...
Ўлмасқўзи Жумаевга ёрдам беришни истаган юртдошларимиз учун: 8600 0211 0277 7177 (ЖУМАЕВ УЛМАСКУЗИ)
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
17:54 / 17.12.2024
Фарғона вилоятида Умра зиёратини ноқонуний ташкил этиш билан шуғулланганлар қўлга олинди
11:00 / 10.12.2024
“Жарроҳнинг ўз қабристони бор” — кардиожарроҳ ҳикояси
23:01 / 27.11.2024
Фарғонада 750 млн сўмлик iPhone телефонларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди
12:39 / 12.11.2024