Жаҳон | 21:47 / 19.10.2022
10867
2 дақиқада ўқилади

Европарламент Сахаров мукофотини Украина халқига топширди 

Европа парламенти Сахаров номидаги инсон ҳуқуқлари бўйича мукофотини Украина халқига топширди.  

Фото: AFP/Sergei Supinsky

Қайд этилишича, мукофотга ўз заминида жанг қилаётган украиналиклар ҳам, қочқинлар ҳам, жанговар ҳаракатлар пайтида яқинларини йўқотганлар ҳам бирдек сазовор бўлган. 

2021 йилда россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний, 2020 йилда Беларус мухолифати ушбу мукофот лауреати бўлган эди. 

Тақдирлаш маросими 14 декабр куни Страсбургда бўлиб ўтади.  

Аввалроқ Европа халқ партияси (ЕХП) Украина президенти Владимир Зеленский ва мамлакат халқини Андрей Сахаров номидаги «Фикр эркинлиги учун» мукофотига номзод сифатида кўрсатган эди. 

1988 йилда Европа парламенти томонидан таъсис этилган мукофот водород бомбаси яратувчиси ва ҳуқуқ ҳимоячиси Андрей Сахаров номи билан аталган. 1970 йилда у СССР Инсон ҳуқуқлари қўмитаси асосчиларидан бири бўлди. 1975 йилда «одамлар ўртасидаги тинчликнинг асосий тамойилларини қўрқмасдан қўллаб-қувватлагани учун» тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди.  

Сахаров мукофоти лауреатига диплом ва 50 минг евро мукофот берилади. 

Мавзуга оид