Ўзбекистон | 19:08 / 25.10.2022
13638
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунни қабул қилди

Депутатлар «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунни қабул қилди. Энди уни Сенат кўриб чиқиши керак. Аксилкоррупция агентлиги директори Акмал Бурҳоновнинг айтишича, агентлик давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ минглаб ҳолатларни аниқлаган. Янги қонун давлат тизимида таниш-билишчилик ва қариндош-уруғчиликка қарши курашиш учун ҳуқуқий асос бўлиши кутиляпти.

Фото: Shutterstock

25 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси билан «манфаатлар тўқнашуви» тушунчасига аниқ таъриф берилиб, ушбу вазият кимлар ўртасида ва қачон вужудга келиши мумкинлиги аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.

Шунингдек, давлат ташкилоти ходимлари, уларнинг яқин қариндошлари ва уларга алоқадор шахсларнинг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Давлат ташкилотида аниқланган манфаатлар тўқнашуви вазиятларини ҳисобга олиш реестри юритилиши, манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузганлик учун ҳуқуқий оқибатлар назарда тутилмоқда.

Депутатлар томонидан муҳокамалар давомида асосан қонун лойиҳасининг номи ва ҳужжатдаги айрим атамаларга эътирозлар бўлди, бир қанча ўзгартириш киритилиши белгиланди.

Шундан сўнг учинчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаси Сенатга юборилиши белгиланди. Ҳужжат Сенат томонидан тасдиқланиб, президент имзолагач кучга киради.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳоновнинг маълум қилишича, агентлик ўтказган ўрганишларда давлат хизматида “минглаб манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик ҳолатлари” аниқланган. Бироқ ҳозиргача манфаатлар тўқнашувини тартибга солишнинг ҳуқуқий асоси ёки унга йўл қўйганлик учун жавобгарлик белгиланмаганлиги сабабли уларни бартараф этишда қийинчиликлар мавжуд эди.

“Ушбу қонуннинг қабул қилиниши давлат идораларида коррупциявий хавф-хатарларнинг бартараф этилишига, энг асосийси - давлат хизматида таниш-билишчилик, қариндош-уруғчиликнинг олди олинишига хизмат қилади”, дея ўз Telegram-каналида ёзди Акмал Бурҳонов.

Мавзуга оид