Иқтисодиёт | 17:50 / 01.11.2022
35170
5 дақиқада ўқилади

Самарасиз имтиёзларни бекор қилиш зарурлиги таъкидланди

Имтиёзларнинг самарадорлиги таҳлил қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида иқтисодиёт тармоқларига йўналтирилган имтиёзлар самарадорлиги таҳлили бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

Инсонлар ўз бизнесини бошлаши, ночор корхоналар ёки чекка ҳудудлар “оёққа туриб олиши” ва янги экспорт бозорларига кириши учун баъзан ёрдам керак. Бу пировард натижада янги иш ўринлари пайдо бўлиши ва аҳоли даромадлари ошишига хизмат қилади.

Шу мақсадда охирги йилларда бир қатор имтиёзлар жорий этилди. 2021 йилда уларнинг жами ҳажми 51 триллион сўмни ташкил қилган. Натижада ўтган йили 170 мингта янги тадбиркорлик субъекти очилган, 500 мингдан зиёд иш ўрни яратилган.

Охирги олти йилда биргина солиқ соҳасида 1 минг 400 га яқин имтиёзлар тақдим этилган.

Экспортни қўллаб-қувватлашга қаратилган субсидиялар ҳам ўз натижасини бериб, тадбиркорларнинг ташқи бозорга чиқишига мадад  бўлмоқда. Биргина ўтган йилда 280 миллиард сўмдан ортиқ шундай субсидиялар ажратилган бўлиб, унинг 220 миллиардга яқини экспорт бўйича транспорт харажатларига йўналтирилган. Натижада 2 минг 800 та корхона илк бор ташқи бозорга чиққан.

Шунингдек, экспортчи корхоналарга халқаро стандартлаш ва сертификациялаш, суғурта ва ҳатто реклама харажатлари қисман қоплаб берилмоқда. Натижада электр техникаси тармоғида берилган ҳар бир сўм субсидия эвазига 870 сўмлик экспорт амалга оширилган. Бу кўрсаткич тўқимачилик соҳасида 555 сўм, қурилиш материаллари соҳасида 273 сўмни ташкил этган. 

Тадбиркорларга кўмаклашиш учун кредит фоизларини компенсация қилиш ва кредит кафолатлари бериш тизими яратилди. Уларга кредит юкламаларини камайтириш мақсадида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 6 триллион 100 миллиард сўмлик мажбуриятлар олинган бўлиб, жорий йилнинг ўзида 2 триллион 500 миллиард сўмлик компенсациялар тўлаб берилган.

Лекин, жойларда имтиёзлардан самарасиз ёки мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Масалан, давлат бюджетидан 127 турдаги субсидиялар жорий этилган бўлса-да, амалда уларнинг 15 тасидан фойдаланилмаяпти.

Тармоқлар ва соҳалар бўйича ҳам имтиёзлар самарадорлиги бир хил эмас. Мисол учун, қишлоқ хўжалигига берилган ҳар 1 сўм имтиёз эвазига соҳада 33 сўм қўшилган қиймат яратилмоқда. Бу кўрсаткич соғлиқни сақлаш соҳасида 30 сўм, таълимда 22 сўм, ахборот технологияларида 16 сўмни ташкил этмоқда.

Йиғилишда имтиёзларнинг самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

«Сўнгги йилларда иқтисодиёт тармоқларига туртки бериш учун илгари тарихимизда бўлмаган имтиёзларни жорий этишга мажбур бўлдик. Бугун улардан натижа, сабоқ, тажриба қандай бўлди, деган саволга жавоб топиш керак. Бюджетдан ажратилган ҳар бир сўмнинг ҳисоб-китобини жойига қўйиш, имтиёзларнинг самарадорлигини ошириш зарур», – деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан келиб чиқиб, Бош вазир ўринбосари ва молия вазирига барча имтиёз ва субсидияларнинг натижадорлиги кўрсаткичларини белгилаб, улардан самарали фойдаланиш бўйича қатъий назорат тизимини жорий этиш топширилди.

Ҳисоб палатасида мониторинг бўлими ташкил этиб, имтиёзлар самарадорлигини доимий таҳлил қилиб бориш вазифаси қўйилди.  

Солиқ ва божхона имтиёзларини хатловдан ўтказиб, самарасизларини бекор қилиш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун берилган имтиёзларни бир хиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Ҳудудлар кесимида олганда, солиқ имтиёзларининг 31 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларининг улуши 2 фоиздан ошмайди. Лекин Сурхондарёнинг Олтинсой туманида ҳам, Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ҳам тадбиркорлар учун белгиланган талаблар, солиқлар, имтиёзлар, субсидия, компенсация ва преференциялар бир хил.

Шу боис давлат раҳбари солиқ имтиёзларини ҳудудларнинг ривожланиш даражасидан келиб чиқиб белгилаш бўйича кўрсатма берди.

«Энди жойларга бориб, манзилли қарорлар қабул қилиб, имтиёзлардан тўғри фойдаланиб, чекка-чекка туманларни ҳам ривожланиш йўлига олиб чиқиш керак», – деди президент.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг бу борада хабардорлигини ошириб, имтиёзлардан фойдаланиш қамровини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Субсидиялар бўйича ягона очиқ портал яратиб, барча имтиёзларни босқичма-босқич шу орқали бериш таклифи билдирилди.

Мавзуга оид