Жамият | 13:08 / 04.11.2022
16970
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда сохта диплом ясаб сотувчи жиноий гуруҳ ушланди

Шароф Рашидов туманида жойлашган касб-ҳунар мактаби масъуллари тадбиркорлардан бири билан ҳамкорликда пул эвазига мактабнинг сохта дипломларини ясаб беришган.

Видеодан кадр

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, вилоят ИИБ уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Шароф Рашидов туманида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда фуқаролардан бирига диплом ясаб бериш эвазига ундан 500 доллар, паспорт ва шаҳодатнома нусхасини олган аёл ушланган. Тадбир давомида туманнинг Суғдиёна маҳалласида яшовчи ушбу аёл фуқародан олган пулининг 100 долларини ўзида қолдириб, 400 доллар ва ҳужжатларни ҳамкасбига беришини маълум қилган.

Шундан сўнг тадбир давом эттирилиб, касб-ҳунар мактабининг мансабдори ашёвий далиллар билан ушланган.

Шароф Рашидов туманида яшаб келган ушбу аёл пуллар ва ҳужжатларни Жиззах шаҳрининг Заргарлик маҳалласида яшовчи МЧЖ раҳбари бўлган танишига берган вақтида у ҳам қўлга олинган.

1981 йилда йилда туғилган МЧЖ раҳбари аввал ҳам жиноят содир этгани учун ахлоқ тузатиш жазосини ўтаётгани аниқланган.

Дастлабки суриштирувда касб-ҳунар мактабининг икки нафар масъули ва МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, 10 кишига улар ўқимаган бўлса-да, диплом тайёрлаб беришгани аниқланган.

Ушбу дипломларнинг биттаси Жиззах шаҳар уй-жой коммунал хўжалиги, олтитаси Жиззах маиший хизмат, иккитаси Жиззах тумани иқтисодиёт, биттаси Жиззах транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежлари томонидан расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид