Captiva-5 можароси: UzAuto Motors судда ютқазди
Пули тўланган машинасини ололмаётган Ў.Қаҳҳоров ва UzAuto Motors ўртасидаги суд мажлиси якунланди. Компания ҳисобидан истеъмолчи фойдасига катта миқдорда пул ундирилади. Captiva-5 етказиб бериш билан боғлиқ шартнома эса бекор қилинди.
UzAuto Motors 2021 йилда бир қанча истеъмолчилар билан янгиланган Chevrolet Саptiva автомобилини етказиб бериш бўйича шартномалар тузганди. Лекин маълум муддат ўтганидан кейин бу жараён тўхтатилди. Сабаб сифатида эса Captiva-5’нинг Ўзбекистон иқлимига тўғри келмаслиги иддао қилинди.
UzAuto Motors'нинг «чексиз узри»ни қабул қилишни истамай, қонуний ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилган Ўктам Қаҳҳоров эса судга мурожаат қилади.
Жорий йил 8 ноябрь куни бир йилдан бери машинасини ололмаётган истеъмолчи ва UzAuto Motors ўртасида навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.
Унда харидор UzAuto Motors'га 3 хил таклиф жўнатганини, аммо ушбу масала 3-4 марта муҳокама қилинса-да, келишувга эришилмаганини таъкидлади.
UzAuto Motors томони эса барча истеъмолчиларга шартнома бериш тўхтатилганидан кейин пуллари қайтарилиб, компенсация ҳам тўланганини, шу сабабли истеъмолчидан даъво аризасини рад қилишни сўради.
Суднинг янгидан чиқарган ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, унга Captiva-5 харид қилиш учун амалга оширган тўлов суммаси – 240 млн сўм, шунингдек, 5 фоизлик компенсация кўринишида 12 млн сўм, автомобиль харид қилиш мақсадида олинган кредит фоизлари учун 31 млн 927 минг сўм, суғурта харажатлари учун 7 млн 721 минг сўм ҳамда инфляция учун 36 млн сўм ундирилиши белгиланди.
Captiva-5 етказиб бериш билан боғлиқ шартнома бекор қилинди.
“Қонун танлаб муносабат билдириши керак эмас”
Камолиддин Баҳавадинов, адвокат, автоблогер:
“Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида Captiva-5 можароси бўйича апелляция инстанцияси якуний суд мажлисини ўтказди ва қарор қабул қилинди. Жамоатчилик назорати сифатида иштирок этдим ва айтишим мумкинки, менда бу процессда ҳайрат ва таажжубланиш кўпроқ бўлди. Суд келтирилган кўплаб далиллар ва важларни ўрганган бўлса-да, мижоз ва автосалон ўртасида имзоланган шартномани бекор қилишга қарор қилди. Қолаверса, UzAuto Motors ҳисобидан истеъмолчига маълум миқдордаги ҳақни ундириб бериш билан кифояланди. Аслида даъво предмети шартнома шартларини асл ҳолида бажаришни назарда тутарди. Бу, шубҳасиз, истеъмолчининг кескин эътирозларига сабаб бўлди. Кичик бир процессуал хатоликни ҳам кузатдим. Одатда суд қилган қарори юзасидан “қарор қилади” қисми бўйича тушунтириш бериши керак эди, аммо нима учундир қарорни ўқиб бўлиши биланоқ видеоконференция узилди. Истеъмолчи ва судда иштирок этаётган бошқа иштирокчиларнинг саволлари қолиб кетди. Назаримда бундай қилиш керак эмас эди, чунки ҳар битта қарор юзасидан судлов ҳайъати қисқача тушунтириш бериши керак.
“Қарор қилади” деган қисмига келадиган бўлсак, кимдир кимдандир автоулов ёки маълум бир турдаги маҳсулотни етказиб бераман деб ҳақ олади. Маълум бир муддат ушбу маблағлардан фойдаланиб, сўнгра мазкур маҳсулотни етказиб бера олмаслигини келтириб ўтади. Ушбу ҳолатда маълум бир миқдордаги компенсация билан қутулиб кетиладиган бўлинса, бундай имкониятни бошқаларга ҳам бериш керак, фақат битта корхонага эмас.
Масалан, “Teshavoy Motors” одамлардан йўқ автомашина учун пул йиғиб, кейин етказиб бера олмаслигини маълум қилса ва пулларни ҳамда компенсациясини қайтариб беришни иддао қилса, шу заҳоти унга нисбатан амалдаги қонунчилигимиз бўйича фирибгарлик аломатлари билан жиноий иш қўзғатилади. Лекин ушбу ҳолат бундан мустасно бўлиб қолди. Қонунларимиз барчага бирдек татбиқ этилиши керак. Қонун бор, жазо эса муқаррар. Ҳар бир қилмиш, ҳар бир жиноий ҳаракат учун, ҳар бир алдов ва фирибгарлик учун қонунда белгиланган жавобгарлик татбиқ этилиши шарт. Қонун танлаб муносабат билдириши керак эмас, акс ҳолда мавжуд ишонч ўз кучини йўқотади”.
Мавзуга оид
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
15:29 / 11.12.2024
Москвадаги ҳарбий суд терроризм бўйича деярли барча ишларни яширди
17:49 / 06.12.2024