Ўзбекистон | 08:48 / 10.11.2022
4530
4 дақиқада ўқилади

Идоравий қўриқлаш бўлинмалари учун намунавий низомлар тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг “Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Маълумот учун, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш — давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг ўз объектларини қўриқлаш бўйича махсус вазифаларни бажариш учун юридик шахс ташкил этмасдан тузиладиган, хизмат фаолияти қоровуллик хизматини ташкил этиш ва ўташ тартиби талабларига мувофиқ ташкил этиладиган таркибий бўлинмаси томонидан амалга ошириладиган қўриқлаш фаолиятининг тури саналади.

Идоравий қоровуллик — давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, тадбиркорлик субъектларининг ўз объектларини қўриқлаш учун юридик шахс ташкил этмасдан тузиладиган таркибий бўлинмаси томонидан ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юклатилган алоҳида ходими томонидан амалга ошириладиган қўриқлаш фаолиятининг тури.

Ҳужжат билан идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари тўғрисида намунавий низом тасдиқланмоқда. Унга кўра, қуйидаги шахслар ишга (хизматга) қабул қилинмайди:

  • қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар;
  • жиноий жазони ўтаётган шахслар;
  • мулкка тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган, шунингдек жамоат тартибига ёки бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун 1 йил ичида такроран маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар;
  • руҳий касалликлари бўлган, наркологик касалликларга чалинган, шунингдек соғлиғининг ҳолатига нисбатан белгиланган талабларга жавоб бермайдиган шахслар;
  • суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
  • умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлмаган шахслар;
  • чет эл фуқаролари бўлган шахслар.

Ўз вазифаларини бажариш жараёнида ходимлар қуйидаги ваколатларга эга:

  • қўриқланадиган объектга келган ёки унинг ҳудудида бўлган шахслардан объектнинг ички режимига, шу жумладан жамоат тартибига риоя этилишини талаб қилиш;
  • объектга тақиқланган буюмларни олиб кириш ёки объектдан қонунга хилоф тарзда мол-мулкни олиб чиқишга уриниш чоғида шахсларни ушлаш;
  • объект ҳудудига кириб-чиқиш (шу жумладан транспорт воситаларида) ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни текшириш;
  • объект ҳудудида ва патруллик йўналишида аниқланган ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш, жиноят изларини сақлаш мақсадида фуқаролардан ҳодиса жойини тарк этишни талаб этиш;
  • ҳуқуқбузарлар ва ҳудудга ноқонуний кирган шахсларни қўриқлаш бўлинмасининг хизмат хонасига олиб келиш;
  • муомалада бўлиши чекланган ёки ҳудудга олиб киришга тақиқланган моддалар бор деб ҳисоблаш учун етарли асослар мавжуд бўлганда фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказиш, шунингдек уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўздан кечириш;  уларни олиб юриш учун фуқароларда ваколат бўлмаган тақдирда уларни олиб қўйиш;
  • хизмат қуроли ва махсус воситаларни олиб юриш, зарурат туғилганда жисмоний куч ишлатиш.

Ҳужжат билан идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларида ишлашга тўсқинлик қиладиган  96 номдаги касаллик ва нуқсонлар (юрак ишемик касаллиги, асаб касалликлари, нутқнинг бузилиши ва бошқалар) тасдиқланмоқда.

Мавзуга оид