Россия Херсонни тарк этмоқда. Россия телевидениесида бу ҳақда нима дейишди?
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 9 ноябр куни ишғол қилинган Херсондан қўшинларни олиб чиқишни буюрди. Россия давлат телеканалларидаги янгиликлар дастурларида ва ток-шоуларда бу воқеа батафсил ёритилмади.
Кечки янгиликларда бу ҳодиса изоҳланмади ва таҳлил қилинмади, асосан Украинадаги қўшинларнинг бирлашган гуруҳи қўмондони Сергей Суровикин ҳисоботининг тўлиқ видеолавҳаси намойиш этилди.
Унда генерал «махсус операция» ҳудудидаги вазият «барқарорлаштирилгани», гўёки сафарбар қилинган ва кўнгиллилар туфайли рус қўшинларининг салоҳияти ошгани, баъзи йўналишларда ҳужум қайта бошланганини маълум қилди. Шунингдек, Днепр дарёсининг ўнг қирғоғида қўшинларни ушлаб туриш беҳуда экани, уларни чап қирғоққа кўчириб, мудофаа чизиғини ташкил этиш мақсадга мувофиқлигини айтди.
Шойгу унинг фикрларига қўшилди.
Янгиликларда асосий эътибор «ҳаётни сақлаб қолиш»га қаратилди. «Россия 1» телеканалида берилган видеолавҳадан олдин бошловчи шундай матнни ўқиди: «Қўмондон Сергей Суровикин қўмондонлик пунктида бўлиб ўтган йиғилишда Сергей Шойгуга «махсус ҳарбий операция» ҳудудидаги вазият ҳақида ҳисобот берди. Бу операцияни режалаштиришда ҳарбийларимиз аскарлар ва тинч аҳолининг ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилмоқда. Мудофаа вазири сафарбар қилинганлар орасидан фақат энг яхши тайёргарликка эга жангчиларни юбориш кераклигини алоҳида таъкидлади».
«Биринчи канал»да бўлаётган воқеалар «Херсон областида қўшинларнинг қайта гуруҳланиши» деб номланди.
НТВ телеканалида бошловчи «Херсон областидаги хавотирли вазият» ҳақида хабар берди ва «вазият тезкор ва қийин қарорларни қабул қилишни талаб этаётгани, хусусан, қўшинларни бошқа ҳудудга кўчириш зарурати борлиги»ни айтди.
Шу каби сўзлар ток-шоуда ҳам янгради. «Национальная оборона» журнали бош муҳаррири Игор Коротченко «60 минут» дастурида Херсоннинг таслим бўлишини «оғир қарор» деб атади. «Суровикин масъулиятни ўз зиммасига олди, лекин биз тушунишимиз керакки, у қўшинлар бошқарувига тайинланган пайтда ўзидан олдингилар тушган вазиятни ўнглай олмаслигини яхши билган. Ҳар қандай ҳолатда, Россия армиясига тош отувчилар хоиндир». У Россия армиясининг ғалабасига ишонишини таъкидлади, гарчи унинг фикрича, «бу осон бўлмайди».
Дастур бошловчиси Олга Скабеева бу чекиниш «олдиндан режалаштирилгани»ни айтди. Унинг сўзларига кўра, Суровикин вазият жуда ва жуда қийин эканини дарҳол айтган, бу катта эҳтимол билан баҳорги кампания пайтидаги унчалик муваффақиятли бўлмаган ҳаракатлар билан боғлиқ. «Қарор осон эмас, лекин у тинч аҳоли ва ҳарбийларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қабул қилинди», деди бошловчи.
Москва давлат университети Жаҳон сиёсати факултети амалий, сиёсий ва ҳарбий тадқиқотлар маркази раҳбари, захирадаги генерал-лейтенант Евгений Бужинский «60 минут» дастурида чекинишнинг иккита сабабни санади: биринчидан, Антонов кўприги вайрон қилиниши ва оқибатда шаҳар ва ҳарбийлар таъминоти йўлларининг бузилиши. Иккинчидан, агар Каховка тўғони вайрон қилинса, Херсон шунчаки сув остида қолиши, аҳоли ва ҳарбийларни эса экстремал шароитда эвакуация қилишга тўғри келиши.
«Ҳа, психологик томондан қарор мураккаб ва оғир бўлди, аммо асосли эди», деди у.
Кремлпараст сиёсий таҳлилчи Сергей Марков каналида «Херсон бўйича умумий цензура» деб ёзди, бироқ кейинчалик постни ўчириб ташлади. Бунга журналист Олег Кашин (Россияда «хорижий агент» деб топилган) эътибор қаратган.
Уруш партияси қандай муносабатда бўлди?
Ҳозирда уруш тарафдорлари деб ҳисобланадиган гуруҳлар Шойгу ва Суровикиннинг қарорини қўллаб-қувватлашди.
Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров шундай деди: «барча ижобий ва салбий хусусиятларни тарозига солиб, генерал Суровикин аскарларнинг бебаҳо ҳаётини сақлаб қолиш учун баландпарвоз баёнотлар ва бемаъни қурбонликлар ўртасида қийин, аммо тўғри танлов қилди».
У Херсоннинг «душманга топширилгани» ҳақида гапирмасликка чақирди. Чунки, шаҳар жангчилар билан бирга «топширилади». Суровикин эса аскарлар ҳаётини ҳимоя қилди ва янада қулай, хавфсиз стратегик позицияни эгаллади».
«Суровикин томонидан қабул қилинган қарор осон эмас, лекин у масъулиятдан қўрқмайдиган ҳақиқий эркакдек ҳаракат қилди. У буни уюшқоқлик билан амалга оширди. Қарор қабул қилиш масъулиятини қўрқмасдан зиммасига олди. Шуни таъкидлашни истардимки, қўшинларни олиб чиқиш операцияси ҳар доим мураккаб. Душманга орқани қаратган ҳолда позицияларни тарк этиб бўлмайди», деди «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин.
«Единая Россия» бош кенгаши котиби Андрей Турчакнинг таъкидлашича, Херсон яқинидаги рус ҳарбийлари «катта хавфга дучор бўлган», шунинг учун «бугунги манёврнинг асосий мақсади – аҳолини ҳимоя қилиш ва ҳарбийлар ҳаётини имкон қадар сақлаб қолиш».
Ватанпарвар блогерлар
«Биз буни федерал каналларда қандай тақдим этилишини билмаймиз. Балки, аччиқ дорини «тарих ҳаммасини жой-жойига қўяди» деган тинчлантирувчи сўзлар билан юмшатишар. Балки Улуғ Ватан уруши тажрибаси билан хаспўшлашар ёки «армия тугаса – душман тугайди» деган ибора билан изоҳлашар ва ҳоказо. Лекин одамлар наздида бу – мағлубият», деб ёзди «Рыбарь» телеграм канали.
«Аччиқ. Аламли. Агар устига-устак Украина билан сулҳ тузилса (Россия Ташқи ишлар вазирлиги икки кундан бери музокараларга ишора қилмоқда), бу Россия жамиятининг ватанпарвар, ядро қатлами юзига тупуриш бўлади», деб хулоса қилди улар.
Ҳарбий блогер Владлен Татарский Херсондан чекинишни уруш бошидаги Киевдан чекинишга ўхшатди. Унинг фикрича, шаҳар учун курашни давом эттириш ва жангсиз таслим бўлмаслик керак эди.
WarGonzo ҳарбий лойиҳа муаллифларидан бири «ғалаба нафақат оммабоп ва оддий қарорлар, балки ғурур бўғзига босилган оёқ орқали ҳам яратилади», деб ёзди: «Ҳар қандай қарорда, ҳатто нохуш қарорларда ҳам соғлом фикр бўлиши керак».
«Бундай вазиятда бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз керак, аҳмоқларга «бемаъни гапларни айтиши»га йўл қўймаслик керак. Кўнгилни саросимага солмаслик керак. Кимдир махсус операциянинг иккинчи босқичини эълон қилди, лекин аслида иккинчи босқич йўқ. Бу шунчаки махсус операция учун бошқа даражадаги шартлар», деб ёзди блогер.
Мавзуга оид
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00
РФда Украинага қарши уруш қатнашчилари имтиёзли ипотекани ололмайди
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
22:34 / 24.12.2024