«Барибир Россия айбдор». Полшага ракета қулашига Ғарб қандай реакция қилмоқда?
Ғарбдаги сиёсатчилар Полшанинг Украина билан чегара яқинидаги Пшеводув қишлоғига ракета қулаши бўйича ҳодиса тафсилотларини синчиклаб текширишга чақирмоқда ва эскалациядан хавфсирашмоқда. Россия қулаган ракета украинларники бўлганини таъкидлашда давом этмоқда, Ғарбдагилар эса бу ҳодисада барибир Москвани айбдор деб ҳисоблашларини айтишмоқда - чунки 15 ноябр куни айнан россиялик ҳарбийлар Украина ҳудудларини ўққа тутганди.
Пшеводувга сешанба куни кечқурун ракета қулади, портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлган. Чоршанбага ўтар кечаси Полша ҳукумати бу россияликлар ишлаб чиқарган ракета эканини маълум қилди.
Кейинроқ Associated Press агентлиги америкалик мулозимларга асосланган ҳолда ракетани украиналик ҳарбийлар россияликлар ракетасини уриб тушириш учун учиргани тахмин қилинаётгани ҳақида хабар берди - ўша куни Россия Украина ҳудудлари бўйлаб яна бир бор ёппасига ракета зарбалари йўллаганди ва бу уруш бошидан буён энг кенг кўламли зарбалар бўлганди.
Полша президенти Анджей Дуда чоршанба куни твиттерида ҳодиса Полшага қасддан қилинган ҳужум сифатида кўрилмаётгани ва гап ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракетаси қулаши ҳақида кетаётганини ёзди.
Ўша кунги ҳужумлар оқибатида Украинанинг катта қисми электр таъминотисиз қолди, Киев марказида эса учта турар жой биноси шикастланган. Қўшни Молдова бош вазири ўринбосари Андрей Спину россияликларнинг Украинага зарбалари оқибатида Молдовада электр таъминотида муаммолар юзага келаётганини айтди.
«Фақат Россия жавобгар»
Ракета украин ҳарбийлари томонидан россияликларникини уриб тушириш учун учирилгани тахмин қилинаётгани ҳақида хабар пайдо бўлгач, вазиятни Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Михайло Подоляк изоҳлади. У рўй берган ҳодиса учун жавобгарликни Россия зиммасига юклади.
«Украинадаги уруш ва ёппасига ракета зарбалари учун фақат Россия жавобгар. Чегарадош мамлакатлар учун хавф ортиши ортида фақат Россия турибди. Баҳона излаш ва ҳал қилувчи қарорларни кейинга қолдиришнинг ҳожати йўқ», дея ёзди у твиттерида ва Европани Украина осмонини ёпишга чақирди.
Британия бош вазири Риши Сунак ҳам Индонезиядаги G20 саммити матбуот анжуманида чиқиши чоғида шу каби фикрларни билдирди. Хусусан, у Россия Украинага босқин учун жавобгарлигига урғу қаратди.
«Агар Россиянинг Украинага босқини бўлмаганида буларнинг ҳеч бири рўй бермасди», деган у Полшадаги ҳодисани «Путин урушининг бешафқат ва аёвсиз реаллиги» деб атади.
Британия бош вазири офиси 16 ноябр куни у ва унинг канадалик ҳамкасби Жастин Трюдо Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқотида Полшага ракета зарбаси тўлақонли текширилиши лозимлигини қайд этишгани ҳақида хабар берган.
Нидерландия бош вазири Марк Рютте Пшеводувга ракета қулашини изоҳлар экан, Полшадаги ҳодиса Россия ўша куни Украина ҳудуди бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллаши оқибати бўлганини таъкидлаган.
«Шуниси аниқ: агар Россиянинг Украина бўйлаб даҳшатли ракета зарбалари бўлмаганида бу рўй бермасди. Биз Украинани унинг Россия тажовузидан ҳимояланишида қўллаб-қувватлашда давом этамиз», дея ёзди у твиттерида.
Германия канцлери Олаф Шольц Полшадаги ҳодисани «даҳшатли воқеа» деб атади ва хулосалар чиқаришдан олдин синчиклаб текширув ўтказишга чақирди. У шунингдек «Россиянинг Украинага қарши уруши, Украина инфратузилмаларига доимий ва беҳисоб миқдорда йўлланаётган ракеталари бўлмаганида» Полшадаги ҳодиса ҳам рўй бермаган бўлишини айтган.
Литва президенти Гитанас Науседа Пшеводувга ракета зарбаси йўллангач, НАТОни Полша-Украина чегарасига, шунингдек, алянс шарқий қанотининг қолган қисмига катта миқдорда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ўрнатишга чақирди.
«НАТО осмони 100 фоизга ҳимояланиши керак. Литва Полша-Украина чегараси бўйлаб НАТО ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари жойлаштирилишини фаол қўллаб-қувватлайди», деган Науседа журналистларга.
Латвия мудофаа вазири Артис Пабрикс чоршанба тонгида маҳаллий телевидениедаги чиқиши чоғида ҳодисанинг уч эҳтимолий сабабини санаб ўтди: «Бу Россия ҳудудидан ёки россияликлар самолётидан учирилган ракета бўлиши мумкин. Бу Беларусдан туриб учирилган ракета бўлиши мумкин. Бу россияликлар ракетасини уриб туширишга уринган украинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракетаси бўлиши мумкин».
У рўй берган ҳодиса ҳақида хулоса қилиш ва тўғри жавоб қайтариш учун синчковлик билан текширув ўтказилиши зарурлигини таъкидлаган.
«Аммо биз доим ёдда тутишимиз керакки, агар Россиянинг Украинага жиноий босқини бўлмаганида, биз кеча кечқурун ва бугун тонгда бу ракета ҳақида айтмаётган бўлардик. Бу мутлақо аниқ», дея Пабрикснинг сўзларини келтирган Delfi.
«Россия ракета зарбаларининг ўзи – эскалация»
АҚШ президенти Жо Байден Полшадаги ҳодиса муносабати билан чоршанба куни «Катта еттилик» ва НАТО етакчиларининг шошилинч йиғилишини чақирди. Учрашувдан кейинги чиқишида у Пшеводувга тушган ракета Россиядан учирилгани эҳтимоли камлигини айтди, аммо Полшага текширув ишларида ёрдам кўрсатилишини ваъда қилди.
Журналистларнинг ракета Россиядан учирилгани эҳтимоли бўйича аниқлаштирувчи саволига Байден «буни рад этувчи дастлабки маълумот борлиги»ни айтди. «Траектория линиясига кўра бу Россиядан учирилгани эҳтимоли кам, аммо яна кўрамиз», деган америкаликлар президенти.
Полшадаги ҳолат АҚШ ва унинг иттифоқчилари тўғридан тўғри можарога тортилиши хавфини кўрсатиб берди - Байден ва унинг маъмурияти бу вариантдан қочишга уриниб келаётганди, дея ёзади Америкадаги The Washington Post газетаси.
«Полша алянс аъзоси экан, ушбу давлатга ҳужум рўй берган тақдирда, келишувга кўра Қўшма Штатлар уни ҳимоя қилиши керак», дея изоҳлайди газета.
Европалик юқори мартабали дипломатлардан бири газетага айтишича, Полшадаги ҳодиса Россиянинг қасддан қилинган ҳужумига ўхшамаган. Шу билан бирга, у якуний хулосага келиш учун кўпроқ маълумот йиғилиши лозимлигини қайд этган.
Унинг сўзларига кўра, ҳар қандай ҳолатда ҳам 15 ноябр куни амалга оширилган ёппасига зарбаларни вазиятнинг кескинлашуви сифатида баҳолаш мумкин, чунки Полша ҳудудига украинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракетаси тушган бўлса ҳам, келгусида бундай ҳодисалар рўй бериши эҳтимоли ошган.
Пентагоннинг собиқ юқори мартабали ходими Жим Таунсенднинг газетага айтишича, агар ракета Полша қишлоғига тушиши тасодиф деб топилса, АҚШ катта эҳтимол билан бу ҳужумни қоралайди ва Полша ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтириш имкониятларини кўриб чиқади. Унинг фикрича, НАТО ҳар қандай қарорни обдон ўйлаб кўради. «Ҳатто 11 сентябрдан кейин ҳам терактлар «Ал-Қоида» томонидан содир этилганига ишонч ҳосил қилиш учун бир неча кун кетганди», дея эслатади у.
«Тинчланинг, бу уруш эмас»
Полшадаги кундалик газеталардан бири, консерватив қарашларни ифода этувчи Rzeczpospolita нашри мамлакат фуқароларини «хотиржамлик ва сабрли бўлиш»га чақириб, Полша ҳукуматининг ва НАТО блокининг реакцияси оқибатларини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлади.
«Россияликлар бизнинг реакциямизни диққат билан кузатиб бормоқда: ҳарбийлар нима қилаётгани, давлат ва жамият қандай муносабатда бўлаётганини. Ишонаверинг, улар хулосалар қилишади. Агар улар бу каби ҳодисалардан мамлакатимизда барқарорлик келтириб чиқаришда фойдаланиш мумкин деб топишса, буни эътиборга олиб қўйишади. Аммо агар улар Полша ва поляклар ўзини совуққон тута олишини кўришса, улар бу каби ҳодисалар исталган натижани бермаслигини тушунишади», дея ёзади газета.
Rzeczpospolita нашрининг бошқа бир эслатмасида шундай дейилади: «Тинчланинг, бу уруш эмас». Муаллифлар фикрича, Пшеводувдаги каби ҳодиса рўй беришини кутиш мумкин эди, чунки қўшни Украина «қонли уруш» олиб бормоқда, Россия эса «бу мамлакатни ёппасига ракета зарбалари билан террор қилмоқда».
«Шунинг учун Полша ҳам буни ҳис қилганига ҳайрон бўлмаслик керак», дея ёзади газета.
Мавзуга оид
14:45
Захарова: Украина мустақил равишда ядро қуролини яратишга қодир эмас
11:53
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024