Жаҳон | 15:53 / 23.11.2022
4956
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Walmart супермаркетидаги отишма оқибатида одамлар ҳалок бўлди

Виржиния штатида ўқотар қуролдан фойдаланган ҳолда оммавий қотиллик содир бўлди. Walmart филиалларидан бирининг менежери беш ва ундан ортиқ одамни отиб, яралаган.

Фото: AP

Қўшма Штатларда охирги бир неча кун ичида ўқотар қуролдан фойдаланган ҳолда иккинчи оммавий қотиллик содир этилди. Виржиния штатида Чесапик шаҳридаги Walmart супермаркетида содир бўлган отишмада олти киши ҳалок бўлди ва яраланди, дея маълум қилди 23 ноябрь, чоршанба куни полиция вакили. 

Ҳалок бўлганлар орасида жиноятчининг ўзи ҳам бор, унинг исми ҳозирча ошкор этилмаган. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, отишмани супермаркет менежерларидан бири уюштирган. Полиция у ўзини отиб ўлдирганми ёки полиция томонидан йўқ қилинганми, аниқлик киритмади. Фожиа маҳаллий вақт билан соат 22:00 (Тошкент вақти билан 8:00) лар атрофида содир бўлган. Қўшма Штатлардаги энг йирик чакана сотув тармоғи - Walmart маъмурияти содир бўлган воқеадан ҳайратда қолганини ва тергов билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирди.

Виржиния штатидан сенатор Луиза Лукас ҳам воқеадан шокда эканлигини айтиб ўтди. «Бугун кечқурун менинг Виржиния штатидаги Чесапик округимда Америка Қўшма Штатларида яна бир қирғин содир бўлганидан кучли шокдаман. Мамлакатимизда кўплаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган қуролли зўравонлик эпидемиясини тўхтатиш учун ечим топмагунимизча тинчланмайман», деб ёзди у Twitter’даги микроблогида. 

Биргина 20 октябр куни Колорадодаги тунги клубга қуролли ҳужум уюштирилиб, беш киши ҳалок бўлди, 18 киши яраланди. АҚШ узоқ вақтдан бери қуролли зўравонликнинг улкан тўлқинига қарши курашиб келмоқда. Бу мамлакатда қонуний йўл билан қурол олиш жуда осон. 

Расмий маълумотларга кўра, биргина 2020 йилда АҚШда 20 000 га яқин одам отиб ўлдирилган - кунига деярли 50 киши. Gun Violence Archive порталига кўра, жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатда ўқотар қуролдан фойдаланган ҳолда 600 дан ортиқ оммавий қотилликлар содир этилган. 

Мавзуга оид