Мундиалнинг энг чиройли голи урилди, Роналдуда рекорд
Қатардаги жаҳон чемпионатининг бешинчи кунидаги асосий воқеалар, голлар ва гуруҳларда юзага келган вазият.
Ришарлисоннинг голи — олтин коллекция учун шедевр. Серблар бир соат қаршилик кўрсатишди, аммо бразилиялик сеҳргарларни тўхтата олишмади.
ЖЧ-2022. 1-тур. G гуруҳи
Бразилия — Сербия 2:0
Голлар: Ришарлисон (62, 73).
Бразилия – Алиссон, Данило, Силва, Маркиньос, Сандро, Каземиро, Пакета (Фред, 75), Неймар (Антони, 80), Ришарлисон (Жезус, 79), Рафинья (Мартинелли, 87), Винисиус (Родриго, 76).
Сербия – Милинкович-Савич, Велькович, Миленкович, Павлович, Младенович (Влаҳович, 66), Гудел (Илич, 57), Милинкович-Савич, Лукич (Лазович, 66), Живкович (Радонич, 57), Тадич, Митрович (Максимович, 83).
Огоҳлантиришлар: Павлович (7), Гудел (49), Лукич (64).
Фаворитлардан охирги бўлиб турнирга қўшилгани Бразилия бўлди. Айтиш мумкинки, улар ўзига ҳаддан юқори ишонч қурбони бўлган бошқа топ-терма жамоаларнинг хатоларидан сабоқ чиқариш имконига эга эди. Фақат немислар ва аргентиналикларни оқламаган ҳолда уларнинг ўйинга ўта хотиржамлик билан қараганини тушуниш мумкин: рақиблар олдиндан гуруҳ аутсайдерлари мақомида эди. Бразилларни эса биринчи турда анча мустаҳкам Сербия кутаётганди ва бу ўринда қандайдир менсимаслик ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди.
Умуман олганда, фақат биринчи ўринни олишни ўз олдига мақсад қилган жамоа ҳеч қайси ўйинда хотиржамликка берилмаслиги керак. Аммо, масалан, Неймарнинг шортигида олтита чемпионлик юлдузи акс этган фото такаббурлик сифатида баҳоланди. Бунга жавоб қайтарган Ришарлисон эса шунчаки бу ҳақда ёзган немис журналистини ҳақоратлади ва шундай деди: «Биз олтинчи юлдуз ҳақида орзу қиляпмиз ва уни қўлга киритамиз». Айтиш керакки, бу тасодифий ҳолат эмас, балки тизимлидир.
Аргентиналиклар ҳам Месси учун соврин ютиб беришни орзу қилаётган бўлса-да, ўз чиқишларида анчагина камтарлик қилишмоқда, уларнинг абадий рақиблари эса тийилиб ўтирмаяпти. Масалан, тиним билмас Дани Алвес Жаҳон кубогини қўлга киритиш хаёли билан ухлаши ва уйғонганида ҳам фақат шуни ўйлашини тан олди. Неймар эса жаҳон чемпионатидаги ғалабани энг ардоқли орзуси деб атади ва Мессига финалда уни енгиб, совринни қўлга киритишни ваъда қилиб ҳазиллашганини айтиб берди.
Бу ўзига ҳаддан ташқари юқори ишончми? Бўлиши мумкин, лекин булар бразиллар. Уларнинг барчаси шунақа — футболчилар, мухлислар ва ҳатто мамлакатнинг янги сайланган президенти Лула да Силва, у ҳам 20 йил ўтгач яна чемпион бўлиш вақти келгани ҳақида гапирди. Турнир якунида бош мураббийликни тарк этадиган Тите эса унинг мамлакатидаги футбол маданияти ва босим ҳақида гапирганда айнан шуни назарда тутганди.
Ўйин кутилганидек бошланди. Бразиллар тўпни олишди ва биринчи рақамда ўйнашди. Диққат марказида, кутилганидек Неймар бўлди. Аввалига Саша Лукич қанотда Бразилиянинг асосий юлдузига қарши шундай фаоллик билан кураш олиб бордики, майдондан ташқарига чиқиб кетгандан кейин ҳам унинг футболкасини қўйиб юбормасди.
Бир неча дақиқа ўтиб Неймар бурчак зарбасини тўғридан тўғри голга айлантиришига бир бахя қолди.
Want to see @richarlison97's goal again?
— FIFA World Cup (@FIFAWorldCup) November 24, 2022
Look no further 👇#FIFAWorldCup | #Qatar2022
Сербия эса аввалги йирик турнирлардан фарқли ўлароқ, чиндан ҳам мувозанатли ва яхши тайёрланган жамоа экани ва нима истаётганини аниқ билишини кўрсатди. Мураббий бу ўйинда одатдаги икки форвард ўрнига ҳужум учига фақат Митровични қўйди, чап қанотни эса ҳужумга ихтисослашган Костич ўрнига ҳимоячи Младенович ёпди. Биринчи бўлим рақибни кучли прессинг қилиш билан кечди ва қарши ҳужумларга таянилди. Серблар мудофааси биринчи бўлимда туриб берди.
Аммо бразиллар ўйини — худди сув каби, у ёки тошни тешади ёки уни айланиб ўтиш йўлини топади. Иккинчи бўлим бошида дарвозабон Милинкович-Савич ноқулай пас билан Гуделни ноқулай ҳолатга солиб қўйди, лекин тўпга эга чиққан Рафиня билан яккама-якка вазиятда хавфни бартараф этди, кейинги вазиятда Гудеб жарима майдонига кириб бораётган Неймарни йиқитди.
Бош мураббий Драган Стойкович дарҳол реакция қилди — бўш детални алмаштирди. Аммо бу ёрдам бермади.
Иккинчи бўлим ўрталарига келиб, серблар фақат мўъжиза туфайли қутулиб қолиши мумкинлиги кўриниб қолди. Жанубий америкаликларнинг ҳужумлари кучайгандан кучайди. 60-дақиқада Алекс Сандронинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси устундан қайтди, икки дақиқа ўтиб эса Ришарлисон ҳисобни очди. Неймар жарима майдонига ёриб кирди, Винисиус зарба берди, дарвозабондан қайтган тўпни эса Ришарлисон дарвоза тўрига жойлаб қўйди.
11 дақиқа ўтиб эса бутун ўйиннинг энг ажойиб лаҳзаси рўй берди. Винисиус қанотдан тўпни жарима майдонига узатди, Ришарлисон уни қабул қилди ва одатда пляж футболида кузатиладиган қайчи услубида зарба йўллади. Ўйинда барчасини савия ҳал қилди - бундан олдинроқ серблар ҳужумида Влаҳович тўпга шу каби зарба беришга уриниб, уни ўтказиб юборганди. Бразилиялик ҳужумчининг шедеври эса катта эҳтимол турнирнинг энг чиройли голи масаласига биринчи турдаёқ нуқта қўйди.
Richarlison! What have you done?! 🤯#FIFAWorldCup | @richarlison97 pic.twitter.com/kCKFdlINXq
— FIFA World Cup (@FIFAWorldCup) November 24, 2022
Ўйиннинг давоми хотиржам кечди. Бразилларни ҳисоб қониқтирарди, серблар энди ҳеч нарса қила олмасликларини ҳис қилиб туришарди. Мухлислар бу ўйинда кутилган манзарага гувоҳ бўлишди. Серблар энди кейинги икки ўйинда плей-оффга ҳаракат қилиб кўришади, Бразилия эса ҳозича ўз кузирларининг фақат ярмини кўрсатган яққол фаворит.
Эмболо тарихий ватани жамоасига гол урди ва нишонламади
Швейцария – Камерун 1:0
Гол: 1:0 – 48 Эмболо.
Швейцария – Зоммер, Видмер, Элведи, Аканжи, Родригес, Шақири (Окафор, 72), Чака, Фройлер, Соу (Фрай, 71), Варгас (Ридер, 81), Эмболо (Сеферович, 72).
Камерун – Онана, Фэ, Нкулу, Кастеллетто, Толо, Замбо-Ангисса, Гвет, Онгла (Ондуа, 68), Шупо-Мотинг (Абубакар, 74), Токо-Экамби (Нкуду, 74), Мбемо (Нгамале, 81).
Огоҳлантиришлар: Фэ (36), Элведи (64), Аканжи (83).
Самюэль Это'О ватандошларига жаҳон чемпионатида совриндор бўлиш вазифасини қўйган бўлса-да, турнир арафасида Камерун гуруҳ фаворити бўлиб кўринмаётганди. Бу гуруҳдан Бразилия осонлик билан плей-оффга чиқиши, иккинчи йўлланма учун кураш эса Швейцария ва Сербия ўртасида кечиши тахмин қилинган. Аммо Камерунга дастлабки турларда айнан европаликлар рақиб бўлди, шу туфайли африкаликлар дарҳол очко учун ўйнаши талаб этиларди.
Буни амалга ошириш эса қийинлиги маълум. Камерун куздаги ўртоқлик учрашувларида гол уришга қийналди, дарвозасида буюк Зоммер турадиган Швейцарияга гол уриш эса янада қийин эди. Менҳенгладбаҳнинг «Боруссия» клуби посбони августда «Бавария»га қарши ўйинда рекорд даражада 19 зарбани қайтарди ва терма жамоада ҳам доимий равишда ёрқин ўйин кўрсатиб келади — саралаш турнирида Италия унинг дарвозасига қўйилган икки пенальтини аниқ ижро эта олмаган ва натижада гуруҳда иккинчи ўринда қолиб, ўтиш ўйинларидаги муваффақиятсизликдан кейин жаҳон чемпионатида томошабинга айланганди.
Бу ўйинда ҳам Зоммер қаҳрамонлардан бири бўлди. Биринчи бўлим бошида у Мбеумо ва Экамбига гол уришга қўймади, лекин бу билан чекланиб қолмади ва жамоани қутқаришда давом этди. Камерун дастлабки ярим соатда рақибдан анча кучлироқ кўринди ва гол уришга ҳақли эди. Аммо Шупо-Мотинг бошчилигидаги ҳужумчилар рақиб мудофаасини таслим эта олмади, трибуналардаги африкалик шаманлар ҳам гол келтира олмади.
📺 Watch the best bits from Switzerland's win over Cameroon over on FIFA+ #FIFAWorldCup | #Qatar2022
— FIFA World Cup (@FIFAWorldCup) November 24, 2022
Швейцария танаффусга қадар анча пассив ўйин кўрсатди. Европаликлар тўпга эгалик қилишга интилмади ва максимал даражадаги эҳтиёткорлик билан олдинга боришди. Танаффусда бош мураббий Мурат Яқин футболчилардан ҳаракатларига тезлик қўшишни сўрагани аниқ, чунки уларга айнан шу нарса етишмаётганди.
Ва танаффусдан кейиноқ жамоа тезлик олди, Камерун биринчи хавфли ҳужумдан гол ўтказиб юборди. Гол оддий урилди: Шақири ўнг қанотдан жарима майдони марказига тўпни узатди, бу ерда негадир бутунлай ёлғиз қолдирилган Эмболо эса тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Вазият шу даражада эдики, камерунлик ҳимоячилар гўё «Монако» форвардини ўзиникилардан деб ўйлаган ва уни ёпмаган. Маълум маънода бу тўғри ҳам эди: Эмболо Камерунда туғилган ва шу туфайли голни нишонламади.
Шу голдан кейин ўйин сценарийси Швейцария учун максимал даражада қулайлашди. Бу жамоа саралаш турнирида ҳам керакли ҳисобни ушлай олишини намойиш этганди ва бирор ўйинда мағлубиятга учрамаганди. Ўйин давомида Швейцария яна гол уриши мумкин эди: Онана Варгаснинг мураккаб зарбасини амаллаб қайтарди, бошқа бир вазиятда эса Замбо-Ангисса ўз дарвозасини ишғол этиб қўйишига бир бахя қолди. Швейцарлар хотиржамлик билан ўйинни якунлашди ва ҳақли ғалабага эришди. 1:0 — ўйинга мос ҳисоб.
Криштиану яна диққат марказида: мадҳия вақтида йиғлади ва буюк рекордни ўрнатди
ЖЧ-2022. H гуруҳи. 1-тур
Португалия – Гана 3:2
Голлар: 1:0 – 65, пенальти Роналду, 1:1 – 73 Айю, 2:1 – 78 Жоау Фелиш, 3:1 – 80 Рафаэл Леау, 3:2 – 89 Бухорий.
Португалия – Диогу Кошта, Жоау Канселу, Данилу Перейра, Рубен Диаш, Геррейру, Отавио (Вильям Карвалью, 56), Бернарду Силва (Пальинья, 88), Рубен Невеш (Рафаэл Леау, 77), Бруну Фернандеш, Роналду (Гонсалу Рамуш, 88), Жоау Фелиш (Жоау Мариу, 88).
Гана – Ати-Зижи, Сейду (Лэмпти, 66), Жику (Семеньо, 90), Амарти, Салису, Баба, Парти, Қуддус (Бухорий, 77), Абдул-Самед (Кьере, 90), Айю (Айю, 77), Уильямс.
Огоҳлантиришлар: Қуддус (45), Айю (49), Сейду (57), Уильямс (90), Данилу Перейра (90), Бруну Фернандеш (90).
Турнир арафасида Криштиану Роналду можароли интервью бериб, «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Эрик тен Ҳагни ҳурмат қилмаслигини айтди, шунингдек клубдаги вазиятни кескин танқид қилди — хусусан, унинг назарида эскириб қолган инфратузилмани. Интервью улкан резонанс келтириб чиқарди ва «МЮ» сешанба куни — жаҳон чемпионати бошланиб кетганида — Роналду билан шартнома бекор қилинганини эълон қилди.
Ўз-ўзидан тушунарлики, муҳокама учун асосий мавзу — буларнинг бари Криштианунинг ва Португалия термасининг Қатар мундиалидаги иштирокига қай тариқа таъсир кўрсатиши бўлди. Лекин саволга жавоб биргина Гана билан ўйиннинг ўзида топилмайди.
Биринчидан, бу ҳали гуруҳ босқичининг биринчи ўйини ва бу ўйин ҳали деярли ҳеч нарсани ҳал қилмади. ЖЧ-2010 да Испания старт ўйинида Швейцарияга мағлуб бўлганди — 0:1 (швейцарлар ўшанда плей-оффга ҳам чиқа олмаган). ЖЧ-2018да Франция Австралияга қарши ўйинда жуда қийналган, фақат қўшимча дақиқалардаги автогол эвазига ғалаба қозонган (2:1). Евро-2008да эса Нидерландия ўша вақтда амалдаги чемпион бўлган Италияни биринчи турда тор-мор этганди — 3:0. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
Бу шахсан Роналдуга ҳам тааллуқли. 2018 йилги жаҳон чемпионатини у Испанияга қарши ўйиндаги ҳет-трик билан бошлаганди. Иккинчи ўйинда эса у Марокаш дарвозасига ягона гол муаллифи бўлади (1:0). Лекин бу иштирок 1/8 финалда Уругвайга мағлуб бўлиш билан якунланади (1:2). Евро-2020да Криштиану Венгрия дарвозасига дубл йўллайди, Европа чемпионатлари финал турнирларида урилган голлар сони бўйича Мишел Платини рекордини янгилайди, кейин Германияга гол уради, Франция дарвозасига ҳам икки гол жойлайди. Аммо бу сафар ҳам португаллар 1/8 финалда Белгияга қарши нурсиз ўйин кўрсатиб (0:1), иштирокини якунлайди.
Гана билан ўйинда Криштиану ўртача иштирок этди, у миллий жамоа сафида 118-голни урган бўлишига қарамай, унинг ушбу учрашувдаги энг ёдда қоларли вазият ўйиндан олдин Португалия мадҳияси янграётганида бўлди, 37 ёшли форвард бу вақтда кўз ёшларини тия олмади. Унинг иштирокидаги яна бир эътиборли эпизод биринчи бўлим ўрталарида рўй берди, ўшанда қанотдан узатмага Роналду баланд сакради, «Ювентус» сафида «Сампдория»га қарши ўйинда бўлгани каби бир муддат ҳавода муаллақ қолди, аммо бу сафар зарба хато кетди.
Криштиану иккинчи бўлимнинг иккинчи ярмида пенальти ишлади. Муҳаммад Салису унга қарши ўта эҳтиётсиз ҳаракат қилди. Роналду ҳам «маҳоратини ишга солди», аммо амалда африкалик футболчи унинг оёғига тегди. Натижада ажойиб медия сюжети юзага келди: Криш ўзи иштирок этган барча беш жаҳон чемпионатларида гол урган ягона футболчи.
Португалия термаси мудофааси ҳам сардор каби ўртамиёна ҳаракат қилди. Лекин бу сафарги ЖЧ-2022 турнирида ким мукаммал иштирок этмоқда? Ҳатто Англия, Франция ва Испаниянинг ғалабаларига ҳам саволлар бор. Биринчи тур ўйинларидан кейин аён бўлдики, Қатарда барчада позицион ҳужумларда муаммолар кузатилмоқда. Тайёргарлик йиғини учун вақт бўлмаган шароитда шундай бўлиши мантиқий ҳам.
Португалиянинг омади келди, ганаликлар ҳисобни тенглаштиргач, негадир эҳтиёткорликни унутди ва ўз кучига юқори баҳо бериб юборди. Африкаликлар ҳужум қилаётганда тўпни йўқотди ва Фернандешнинг одатий пасидан кейин Жоау Фелиш жамоасини олдинга олиб чиқди. Шундан кейин европаликлар рақиб ҳимоясидаги хатолардан яна фойдаланди. Африкаликлар яна майдон марказида тўп йўқотди, яна Фернандеш пас берди, ўйинга захирадан қўшилган Леау ҳисобни 3:1 кўринишига келтирди.
Missed the action from a thrilling second half between Portugal and Ghana?
— FIFA World Cup (@FIFAWorldCup) November 24, 2022
We've got you covered 👇#FIFAWorldCup | #Qatar2022
Лекин ўйин охири португаллар учун максимал даражада асабий кечди, рақиб ҳисобни қисқартиришга эришди, қўшиб берилган дақиқаларда эса учинчи гол ўтказиб юборилиши ҳам мумкин эди. Аммо Уилямснинг ҳийласи иш бермади - португаллар дарвозабони у ортда эканини пайқамай хотиржамлик билан тўпни ўйинга киритмоқчи бўлганида ҳужумчи тўпни олиб қўйди, аммо йиқилиб, вазиятни йўққа чиқарди.
Португалиянинг бу ғалабаси ва Роналдунинг бу голи ЖЧ-2022 истиқболлари ҳақида ниманидир англатадими? Йўқ. Бунинг учун ҳеч бўлмаганда гуруҳ босқичи якунини кутиш керак.
Суарес энди аввалгидек эмас, Сон Хин Мин ҳам ҳали формасини тикламади. Жаҳон чемпионатида яна бир голсиз дуранг
ЖЧ-2022. H гуруҳи. 1-тур
Уругвай – Жанубий Корея 0:0
Уругвай – Рочет, Касерес, Годин, Хименес, Оливера (Винья, 79), Варела, Весино (де ла Крус, 78), Бентанкур, Вальверде, Пельистри, Суарес (Кавани, 64), Нуньес.
Жанубий Корея – Ким Син Гю, Ким Мун Ҳван, Ким Ен Гвон, Ким Мин Чжэ, Ким Чжин Су, Чжон У Ен, Ли Чжэ Сон (Сон Чжун Хо, 75), Хван Ин Бом, Сон Ҳён Мин, Ҳван Ий Чжо (Чжо Гю Сон, 74), На Сан Хо (Ли Кан Ин, 75).
Огоҳлантиришлар: Касерес (57), Чжо Гю Сон (88).
Уругвай Қатарга йўлланмадан маҳрум бўлиб, жиддий ва чуқур инқирозга тушиб қолиши ҳам мумкин эди. Ўн йилдан ортиқ вақт давомида жамоани юқори савияда ўйнатган Оскар Табарес кетган, жамоа ўйини ўта зерикарли ва ғоясиз бўлиб қолган, йирик турнирларда кетма-кет муваффақиятсизликларга учралмоқда. Афсонавий мутахассис билан хайрлашгач, уругвайликлар саралаш турнирида беш турда биргина гол уришди ва қаторасига тўрт ўйинда ютқазишди.
Диего Алонсо саралаш турнирида еттинчи ўринда бораётган жамоани қабул қилиб олди — бу қитъаларао ўтиш ўйинларида иштирок этиш имконини берувчи зонадан ҳам ташқарида эди. Аммо бунгача фақат клублар билан ишлаган 46 ёшли мутахассис жамоани силкитди ва таркибни янги номлар билан тўлдириб, қаторасига тўрт ғалабадан кейин саралаш турнири учинчи ўринда якунланди. Айтиш керакки, ҳал қилувчи даврда барча яхши ҳаракатланди — 2010 йилги мундиалда яримфиналга чиққан ва 2011 йил Америка Кубогини қўлга киритган эски таркибнинг ёши ўтган юлдузлари ҳам, кейинги йилларда жамоанинг асосий футболчиларига айланадиган ёшлар ҳам.
Кўриниб турибдики, Суарес, Кавани, Касерес, Муслера ва жаҳон чемпионатларидаги энг ёши катта уругвайликка айланган Годин учун Қатардаги турнир — хайрлашув гастроли бўлади. Кўпчилик учун дарвозани Рочет қўриқлаётгани ажабланарли бўлиши мумкин, чунки уругвайликлар сўнгги бор 2002 йилги жаҳон чемпионатида Муслерадан бошқа дарвозабон билан иштирок этганди.
Энди Бентанкур ва Вальверде — ўрта линиянинг асосий фигуралари, ҳужум учлигида эса Нуньес ва «МЮ» учун ҳозирча фақат ички кубокларда майдонга тушган 20 ёшли Пельистри ҳаракатланмоқда. Уругвай бошқарувидаги дастлабки ўйинларида йиллар мобайнида синовдан ўтган 4-4-2 схемасидан фойдаланишда давом этган Алонсо аста-секинлик билан 4-3-3 схемасига ўта бошлади.
Лекин жамоа ўйини радикал ўзгарди дейиш муболаға бўлади. Катта эҳтимол билан, тўлиқ қайта қуриш натижалари ҳақида кейинги Америка кубогига бориб гапириш мумкин, аммо саралаш босқичининг дастлабки қисми билан солиштирганда уругвайликларнинг ўйини анча янгиланган. Ва жамоанинг аксар футболчилари ёши футбол мезонларига кўра анча катта бўлса ҳам тезкор корейслар тўхтовсиз югуришига имкон берилмади.
Биринчи бўлим давомида жанубий америкаликлар фақат бир марта рақибнинг хавфли ҳужумини ўтказиб юборди, аммо Ҳванг Ий Жо ўн метр масофадан туриб тўпни тўсин устидан ўтказиб тепди.
Splitting the points to kick off Group H action 🤝#FIFAWorldCup | #Qatar2022
— FIFA World Cup (@FIFAWorldCup) November 24, 2022
Уругвайнинг анъанавий устунликлари эса йўқолиб қолмади. Тезкор қарши ҳужумлардан бирини шериклари учун ноқулай пас берган Оливера йўққа чиқарди. Хавфли стандарт вазиятлар Табареснинг энг яхши даврларини ёдга солиб юборди. Аммо Годиннинг зарбасини дарвоза устуни қайтарди, бошқа бир вазиятда Нуньес Пельистрининг ажойиб пасини голга айлантира олмади.
Агар бу вазиятлардан ҳеч бўлмаганда бирортаси гол билан якунланганида ўйин очиқроқ кечиши мумкин эди. Аммо, эҳтимол, уругвайликларга Суареснинг аввалги самарадорлиги етишмади. Луис бу ўйинда асосан прессинглардаги иштироки билан ажралиб турди. Унинг ҳозирги даражаси «Насьонал» билан миллий чемпионатда ғолиб бўлиш учун етарли, аммо жаҳон биринчилиги учун бу етарли эмас. Ўз навбатида корейслар асосий юлдузи Сон Хин Мин ҳам ўзидан кутилган ўйинни намойиш эта олмади.
«Тоттенҳэм» форварди юзидаги жароҳат туфайли операция қилингач, аввалги формасига ҳали қайтмаган. Мухлислар балки Ганага қарши ўйинда одатий Сонни кўришлари мумкин. Суарес эса Португалияга қарши ўйинда фойдали ҳаракатлар қила оладими? Бу қарийб риторик савол, чунки жароҳатидан фориғ бўлган Кавани ўзига ажратилган қисқа муддатда яхшироқ ҳаракат қилди.
Бу ўйинда таркибида 35 ёшдан ошган тўрт нафар футболчиси ҳаракат қилган Уругвай ғалабани ўз томонига оғдира олмади. Бу ўйинда икки томон ҳам ғалабага ҳақли эмасди. Шу билан бирга мағлубиятга ҳам. Рақиблар бир-бирига муносиб бўлиб чиқди, масалан осиёликлар яримҳимоячиси Ҳванг Ин Бом ҳеч бир жабҳада Вальвердедан ортда қолмади. Лекин «Реал» ҳавбеки ўйин охирида жамоасига ғалаба келтириши мумкин эди, аммо йиллар ўтиб дарвоза устунига теккан зарбаларни эмас, фақат голларни эслаб қолишади. Йўқса — ўйин ўтади ва унутилади. Икки жамоа ҳам плей-оффга чиқиш учун имконият сақлаб қолмоқда.
Мавзуга оид
11:06 / 14.12.2024
Ҳусанов трансфер баҳоси бўйича Роналду билан тенглашди
13:29 / 16.10.2024
Мессида ҳет-трик ва икки узатма, Бразилия ўйнай бошлади. Конмеболда ЖЧ саралаши
13:29 / 17.09.2024
Роналду — «МЮ»ни тарк этиши, клуб билан ҳозирги муносабатлари ва ўғлининг футболчи бўлиш истаги ҳақида
10:49 / 13.09.2024