Ўзбекистон | 13:30 / 28.11.2022
26679
2 дақиқада ўқилади

Навоийда кондаги портлашда экскаватор ҳайдовчиси вафот этди

Портлаш кон массасини қазиб олиш жараёнида содир бўлган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.

Фото: KUN.UZ

2022 йилнинг 26 ноябрь куни “НКМК” АЖ Шимолий кон бошқармасига қарашли “Шарқий” конида кон массасини қазиб олиш жараёнида портлаш юз берган. Бу ҳақда “НКМК” АЖ ва Навоий вилояти прокуратураси расмий баёнот берди.

Вилоят прокуратурасига кўра, коннинг портлатиш ишлари олиб борилган ҳудудида руда тошларни олиш ишлари билан шуғулланаётган ЭКГ-40 русумли экскаватор кабинасига тоғ жинслари кўчмаси сачраган. Бунинг оқибатида кабинада бўлган машинист Ш.Ш. тан-жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган. Бундан ташқари, экскаваторда бўлган машинист ёрдамчиси Т.М. тан-жароҳати олган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги 2-сон ИИБ тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Терговга қадар текшириш ҳаракатлари Зарафшон ихтисослаштирилган прокуратураси томонидан назоратга олинган”, — дейилади вилоят прокуратураси баёнотида.

“НКМК” АЖ матбуот хизмати эса махсус текшириш комиссияси томонидан портлаш сабаблари ва бахтсиз ҳодиса тафсилотлари ўрганилаётганлигини маълум қилди.  

Олдинроқ “Марказий Амантой” конида ҳаракатдаги БелАЗ русумли автоағдаргичида ёнғин келиб чиққан ва бунинг оқибатда автоағдаргич ҳайдовчиси куйиш тан жароҳати билан касалхонада вафот этганди.

Мавзуга оид