Жаҳон | 18:13 / 02.12.2022
10330
2 дақиқада ўқилади

Эдвард Сноуден қасамёд қилди ва Россия паспортини олди

АҚШ махфий хизматининг собиқ ходими, 2013 йилда ватанидаги таъқибдан қочган Эдвард Сноуден Россия фуқаролигини олди.

Фото: EPA-EFE/MIGUEL A. LOPES

АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг собиқ ходими Эдвард Сноуден қасамёд қилиб, Россия паспортини олди. Бу ҳақда унинг адвокати Анатолий Кучерена хабар берди.

«Ҳа, паспорт олди. Қасамёд қилди», деди адвокат.

Адвокат, шунингдек, Сноуденни бир кун олдин кўрганини ва унинг аҳволи яхши эканини қайд этган.

Сентябр ойи охирида Россия Федерацияси президенти фармони эълон қилинди, унга кўра АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг собиқ ходими Эдвард Сноуденга Россия фуқаролиги берилди.

2017 йилда Сноуден ва америкалик спортчи Линдси Миллс Москвада турмуш қуришган эди.

Кучеренанинг айтишича, Сноуденнинг рафиқаси ҳозирда Россия фуқаролигини олиш учун ариза топширган.

2013 йилда Сноуден АҚШ разведка идораларининг бутун дунё бўйлаб кузатув дастурларини матбуотда ошкор қилган эди. Маълумотлар кенг муҳокамага сабаб бўлди. Шундан сўнг, унга ватанида жосуслик ва давлат мулкини ўғирлаш бўйича сиртдан айблов қўйилди. Сноуден аввал Гонконгга, кейин эса Россияга қочиб кетган эди. АҚШ ҳукумати Сноуденни қидирувга берган. 

Мавзуга оид