Спорт | 16:24 / 02.12.2022
41215
24 дақиқада ўқилади

Қатарда драмалар куни: Турнирнинг энг шов-шувли голи урилди. Фаворитлар уйга қайтди

Қатардаги жаҳон чемпионатининг ўн иккинчи кунидаги асосий воқеалар, голлар ва гуруҳлардаги якуний вазият.

Германия ўзи билан Испанияни олиб кетиши мумкин эди, аммо тўрт карра жаҳон чемпионлари ёлғиз чўкишди.

ЖЧ-2022. Е гуруҳи, 3-тур
Коста-Рика — Германия 2:4

Голлар: Техеда (58), Варгас (70) — Гнабри (10), Ҳавертц (73, 85), Фюллькруг (90+1).
Коста-Рика – Навас, Фуллер (Беннетте, 74), Дуарте, Уостон, Варгас, Овьедо (Контрерас, 90+3), Агилера (Салас, 46), Борхес, Техеда (Вильсон, 90+3), Венегас (Матаррита, 74), Кэмпбелл.
Германия – Нойер, Рюдигер, Зюле (Гинтер, 90+3), Раум (Гётце, 67), Гундўған (Фюллькруг, 55), Горетцка (Клостерманн, 46), Киммих, Мюллер (Ҳавертц, 67), Гнабри, Сане, Мусиала.
Огоҳлантириш: Дуарте (76).

Германиянинг сўнгги муваффақиятли турнирларидан буён анча вақт ўтди, энди немислар гуруҳ босқичининг сўнгги турида ҳаёт-мамот жангига чиқиши одатга айланмоқда. ЖЧ-2018 турнирида жамоа сўнгги турда Кореяга ютқазиб, плей-оффдан қуруқ қолганди. Евро-2020 турнирида регламент бўйича гуруҳдан чиқиш осонроқ эди, аммо у ерда ҳам жамоа венгрларга қарши 84-дақиқадаги гол эвазига қутулиб қолганди. Қатардаги турнирда бу сценарий такрорланди: яна учинчи тур — ва яна ҳеч нарса ҳал бўлмаган.

Бу сафар барчаси Германиянинг ўзига боғлиқ эмасди, параллел учрашувдаги натижага ҳам қараш талаб этиларди. Испания ғалабасига умид қилиш билан бирга, немисларнинг ўзи йирикроқ ҳисобда ғалаба қозониши маъқул эди. Гунинг учун Ҳанси Флик Киммиҳни ўзи учун қадрдон бўлган позицияга, мудофаанинг ўнг қанотига қўйди ва бу майдонда яратувчи футболчилар сонини оширишга имкон берди.

Кутилганидек Кейлор Навас илк дақиқаларданоқ зарбаларга учради. У икки вазиятда қутқарди, аммо Раумнинг узатмасидан кейин Гнабрининг бош билан бурчакка берган зарбаси қаршисида ожиз эди, немис футболчиси голни нишонламай, тўпни дарвозадан олиб, майдон марказига чопди.

Немислар барча вариантларни, жумладан Япония испанлар устидан ғалаба қозониши эҳтимолини ҳам ҳисобга олишганди. Бундай сценарийда Коста-Рикани 1-турда 7:0 ҳисобида таслим этган «Қизил фурия»нинг натижасини такрорлаш талаб этиларди.

Аммо биринчи бўлим якунланганида ҳам йирик ҳисобдан дарак йўқ эди. Ҳа, Германия тўпни ҳам, ҳудудларни ҳам тўлиқ назорат қилди. Кўплаб вазиятлар яратилди, аммо улардан фойдаланилмади.

Ёки ҳозирги жамоа «немис машинаси» режимини ёқишга қодир эмас. Ёки футболчиларни параллел учрашувда Испания ҳам тезкор гол ургани бўшаштирган. Иккинчи эҳтимол шубҳали. Аммо факт фактлигича қолади: биринчи бўлимда рақибга биргина зарба беришга йўл қўйган немислар минимал устунликни ҳам бой беришга яқин келди. Бу вазиятда Раум ва Рюдигер жарима майдони атрофида ўз даражаларига мос бўлмаган ҳолда ҳаракат қилиб, рақиб ҳужумини ўтказиб юборишди.

Жамоа бахтига Нойер бунга тайёр бўлиб чиқди ва Кэмпбеллнинг тўсин остига йўллаган зарбасини қайтариб қолди. У шу куни жаҳон чемпионатларидаги 19-ўйинини ўтказди ва буюк ватандоши Зепп Майер ҳамда бразилиялик Клаудио Таффарелни ортда қолдириб, дарвозабонлар учун рекордни янгилади.

Флик танаффусда Киммиҳни таянч зонасига қайтариб, Горетцканинг ўрнига Испания билан ўйин охирида яхши ҳаракат қилган ўнг қанот ҳимоячиси Клостерманни туширгани бежиз эмас. Аммо энди бу қарордан наф йўқ эди, чунки Япония параллел учрашувда уч дақиқа ичида икки гол урди. Германия учинчи ўринга тушиб кетди ва энди жамоа олти гол уриши талаб этиларди.

Ҳисоб икки ўйинда ҳам 1:0 ҳолатида немислар ғалабани сақлаб қолиб, испанлардан умид қилиши мумкин эди. Аммо коста-рикаликлар ҳам жим қараб туришмади ва Елцин Техеда Нойернинг қўлидан чиқиб кетган тўпни дарвозага жойлаштириб, ҳисобни тенглаштирди. Коста-Рика японлар сценарийсини такрорлади ва 70-дақиқага келиб онлайн режимда Германия сўнгги ўринга тушиб кетди, бу вазиятда Испания ҳам учинчи ўринда эди.

Бундай вазиятда фаворитлардан фақат бири қутулиб қолиши мумкин эди — «Қизил фурия» бахтига немисча характер ўзини кўрсатди. Мусиаланинг икки зарбаси устунга тегди, кейин эса Ҳаверц иккита, Фюллькруг битта гол урди. Аммо ўйинга ўн дақиқа қўшиб берилиши ҳам немислар учун етарли эмасди. Германия бу ўйинда 32 та зарба берди, шундан 11 таси дарвоза соҳасига аниқ борди (костарикаликларда бу кўрсаткич 7-5). Аммо уларнинг голлари фақат испанларни қутқаришга яради, параллел учрашувда эса испанлар дуранг ҳам қайд эта олишмади ёки буни исташмади. Энди «немис машина»си долзарблигини йўқотди, бу чемпионат авлодлар алмашинувини бошдан кечираётган жамоа учун аччиқ тажриба вазифасини ўтади. Ўйиндан кейин 2014 йилги мундиалдаги ғалабанинг асосий ижодкорларидан бири бўлган Томас Мюллер миллий жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Тўрт йилдан кейинги мундиалда Нойер ва Гундўған ҳам таркибда бўлмаслиги, Мусиала каби ёшлар жамоа етакчисига айланишини кутиш мумкин.

Япония Испанияни ҳам енгди. Бу икки жамоа биргаликда Германияни қолдириб кетишди

Abedin Taherkenareh / EPA / Scanpix / LETA

ЖЧ-2022. Е гуруҳи, 3-тур
Япония — Испания 2:1

Голлар: Доан (48), Танака (51) — Мората (11). 
Япония – Гонда, Йошида, Танигути, Итакура, Нагатомо (Митома, 46), Морита, Танака (Эндо, 87), Камада (Томиясу, 69), Кубо (Доан, 46), Ито, Маэда (Асано, 62).
Испания – Симон, Аспиликуэта (Карвахал, 46), Родри, Пау Торрес, Бальде (Альба, 68), Бускетс, Педри, Гави (Фати, 68), Ольмо, Мората (Асенсио, 57), Уильямс (Ферран Торрес, 57).
Огоҳлантиришлар: Итакура (39), Танигути (44), Йошида (45).

Энрикенинг ротацияси

Гуруҳнинг охирги ўйини олдидан Испания ўзини хавфсиз сезаётганди. Эҳтимолий вариантлардан фақат биттаси уларни қаноатлантирмасди — Япония ва Коста-Риканинг ғалабалари. Чунки ўйиндан олдин деярли ҳеч ким бундай вариантларни реал деб ҳисобламаётганди. Умуман олганда, квартет етакчиси Германиядан фарқли ўлароқ гуруҳнинг сўнгги ўйинига хотиржамлик билан тайёргарлик кўраётганди.

Испанлар шунчалик қулай позицияда эдики, агар хоҳласа, чемпионлик учун асосий рақиблардан бирини (Германия) гуруҳда қолдириб кетиши ва шу билан бирга плей-оффда қайси сеткадан юришни ўзи танлаши мумкин эди.

Энрике бошланғич таркиби билан бироз ҳайрон қолдирди, аммо бу Франция Тунисга қарши ташлагани каби ўринбосарлар таркиби эмасди. Катта эҳтимол билан Испания Германияга қарши қийин баҳсдан кейин жамоани тетиклаштирмоқчи бўлган ва захира футболчиларига ўйин амалиёти беришни мақсад қилган. Мората, Пау Торрес, Аспиликуэта, Балде ва Уилямс каби футболчилар бошланғич таркибда пайдо бўлди.

Осиёликлар мудофааси

Япония ҳам сюрприз тайёрлаганди. Германия устидан қозонилган ғалабадан кейин жамоа Коста-Рикага ютқазган ва энди яна бир сенсация содир этиши талаб этилаётганди. Бунинг учун осиёликлар жамоаси бош мураббийи Ҳадзимэ Мориясу сўнгги икки йилликда илк бор икки марказий ҳимоячидан иборат схемадан воз кечди ва уч марказий ҳимоячи туширди. Японлар умуман тўпга эгалик қилишга интилмади ва бундай тактика уларни 0:0 ҳисоби қониқтирганида ўзини оқларди.

Японлар ўйинни фаол бошлади ва испанларни олдинроқда кутиб олишга киришди. Вазиятлардан бирида Осиё вакиллари Унаи Симонни хато қилишга ҳам мажбур этишди, аммо бу бир марталик ҳолат эди. Танаффусгача испанлар тўпга тўлиқ эгалик қилишди (83 фоиз), японлар ҳам кучли прессинг ўтказишмади.

Шу билан бирга, Испания ҳам катта таассурот қолдиролмади. Аммо уларнинг ҳаракатларини тезкор гол изоҳлаши мумкин — 11-дақиқада Мората японлар мудофаасидаги барча футболчилардан юқори сакради ва қаторасига учинчи ўйинда гол урди. Шундан сўнг испанлар жуда секин ўйнай бошлади, худди японларнинг биринчи турда бўлгани каби кутилмаганда ўзгариши билан кечадиган фантастик сценарийдан чўчигандек кўринишди.

Лекин осиёликлар ортиқча хавф туғдиришмасди. Испания иккинчи бўлимда ҳам тўпга эгалик қилишда давом этиб, яна бир-икки гол уришини кутиш мумкин э ди. Аммо Германия ҳам биринчи тур танаффусида шундай ўйлагани аниқ.

Япония чиндан ҳам бутунлай ўзгарди. Ҳатто бундан кўпроқ — барча оёққа турди. Осиёликлар иккинчи бўлим бошидан гранд рақибнинг кўзини очирмай кучли прессинг уюштирди ва Испания бунга тайёр эмасди. Натижада ҳимоячилар ўз жарима майдони атрофидаги футболчиларни қўриқлашмади ва Доан ҳисобни тенглаштирди. Дежавю: айнан шу форвард Германия дарвозасига биринчи голни урганди.

Ўшанда Япония тезда иккинчи голни ҳам уриб олганди. Бу ўйинда ҳам шундай ҳолат такрорланди, фақат бу янада драматик тарзда рўй берди: Танака сенсацион голни нишонлай бошлаганида ҳакам вазиятни кўриб чиқиш учун мониторга югурди — ҳужум вақтида тўп майдон ташқарисига чиқиб кетгани эҳтимоли текширилди. Маълум бўлишича, тўп чизиқни тахминан 95 фоизга кесиб ўтган. Гол бекор қилиниши учун эса 100 фоиз бўлиши керак эди. Барча шокка тушди — 2:1.

«Тўп ўйинда» – Японияга сенсацион ғалаба келтирган 2-голдаги вазият ҳақида

Кучли рақибдан асровчи мағлубият

Албатта, Япония айниқса Коста-Рикага қарши мағлубиятли ўйиндан кейин топ-жамоаларни ортда қолдириб, қаторасига иккинчи бор плей-оффга чиқишини ҳеч ким кутмаганди. Кўпчилик японларнинг Германияга қарши ўйиндаги муваффақиятига Саудия Арабистонининг Аргентина билан ўйинидаги каби стартдаги бир марталик чақнаш сифатида қараганди. Аммо бундай бўлиб чиқмади — Япония иккинчи бор шу ишни қилди.

Аммо Испания учун мағлубият фожиа эмасди. Жамоа фақат ақл бовар қилмас сценарий рўй бергандагина турнирни тарк этиши мумкин эди — Япония ва Коста-Рика ғалаба қозонганида. Параллел кечаётган иккинчи учрашувда ақл бовар қилмас воқеа рўй берганида — Германия КОНКАКАФ вакилларидан икки тўп ўтказиб юборганида, онлайн турнир жадвалида испанлар учинчи, немислар тўртинчи ўринга тушиб қолишди.

Энрике эса бунга реакция қилди ва ҳисоб ўзгариши билан ўзгартиришлар қилишга киришди — асосий таркиб футболчилари жангга ташланди, 68-дақиқада эса у барча футболчи алмаштириш имкониятларидан фойдаланиб бўлди. Ва Испания ўйинни кучайтирди... Аммо ҳисобни тенглаштириш даражасида эмас. Захира ўриндиғида ўтирганлар параллел учрашувни кузатиб бораётган ва билиб туришарди: Германия барибир ғалаба қозонади, бу эса Испания иккинчи ўрин билан плей-оффга чиқишини таъминлайди. Испанлар учун биринчидан кўра иккинчи ўрин билан чиқиш қулайроқ эди, шунда нимчорак финалда жамоани Европа чемпионатида 120 дақиқа давомида қийнаган Хорватия эмас, у қадар тажрибали бўлмаган Марокаш кутарди. Қолаверса, гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиққан жамоанинг плей-оффдаги йўли нисбатан осонроқ эди - финалгача турнирнинг асосий фаворити Бразилия билан йўллар кесишмайди.

Тахминан 80-дақиқалардан бошлаб Испания мағлубиятли ҳисоб сақланиб қолиши учун ўйнагандек кўринди. Қоғозда шармандали кўринади, аммо барибир 1/8 финалга чиқилади, шу билан бирга тўғридан тўғри рақиблардан бири Германия гуруҳда қолдириб кетилади.

Япония сенсацион равишда биринчи ўринни эгаллади ва плей-оффда Хорватияга рақиб бўлади, Испанияга Марокаш тушади. Германия — яна мундиалдаги иштирокини гуруҳдаёқ якунлади.

Белгиянинг даври ўтди. Хорватия олтин авлодни ҳеч нарсасиз қолдирди

ЖЧ-2022. F гуруҳи. 3-тур
Хорватия – Бельгия 0:0

Хорватия – Ливакович, Юранович, Ловрен, Гвардиол, Соса, Модрич, Ковачич, Брозович, Перишич, Крамарич (Пашалич, 64), Ливая (Петкович, 64).
Белгия – Куртуа, Менье (Азар, 87), Вертонген, Алдервейрелд, Кастань, Дендонкер (Тилеманс, 72), Витцел, де Брюйне, Карраско (Доку, 72), Мертенс (Лукаку, 46), Троссар (Азар, 59).
Огоҳлантиришлар: Дендонкер (66).

ЖЧ-2022 бошланиши арафасида топ-жамоалардан қайсилари гуруҳ босқичида қийналиши сўралганида, кўпчилик Португалия ёки Францияни айтарди. Биринчисини — Криштиану Роналду билан боғлиқ сўнгги можаролар туфайли, иккинчисини — амалдаги жаҳон чемпионларининг тавқи лаънати ҳамда таркибдаги етакчи футболчилар жароҳат олгани туфайли.

Бельгиядан бундай муваффақиятсиз иштирокни ҳеч ким кутмаганди. Ҳа, олтин авлод вакиллари кексайишди ва аста-секин саҳнани тарк этмоқда ва бу сафар ҳамма ҳам «Қизил иблислар»ни турнирнинг асосий фаворитлари қаторида санамаётганди, аммо тажриба ва савия эвазига улар плей-оффга чиқишда қийналмаслиги тахмин қилинганди. Аммо ФИФА рейтингида 2-ўринда турган ва қуръада сараланган жамоалар қаторида бўлган Белгия якуний тур арафасида гуруҳни тарк этиш учун асосий даъвогар бўлиб қолди.

Жамоа дастлабки икки турда очиқчасига жуда бўш ўйнади, кейин эса жамоада ички муҳит бузилгани ва парчаланиш рўй бергани ҳақида хабарлар чиқди. L'Equipe нашри Марокашга қарши мағлубиятли ўйиндан кейин (0:2), Кевин де Брюйне Тибо Куртуа билан, Эден Азар — Леандро Троссар билан, Ромелу Лукаку эса Миши Батшуайи билан гаплашмаслиги ҳақида ёзди. Бундан ташқари, Лукаку кийим алмаштириш хонасида жанжаллашиб кетган де Брюйне ва Ян Вертонгенни ажратишига тўғри келгани айтилди. Марокашга қарши ўйиндан кейин ҳимоячи мағлубиятни шундай изоҳлаганди: «Белгия ёмон ҳужум қилмоқда, чунки ҳужум чизиғи вакиллари жуда қариб қолган».

Кейин, албатта, раддиялар пайдо бўлди. «Ҳозир ҳеч ким хурсанд эмас, аммо биз пайшанба куни ғалаба қиламиз ва давом этамиз деб ўйлайман. Бу футбол, барчаси рўй бериши мумкин, аммо биз боримизни берамиз. Марокаш билан ўйиндан кейин кийим алмаштириш хонасида мағлубиятдан аламзада бўлдик, натижадан жуда ранжигандик. Лекин Белгия миллий жамоасидаги жанжаллар ҳақидаги хабарлар — ёлғон. Муаммо шундаки, одамлар ҳамиша бундай хабарларни рост деб қабул қилади. Буни ким айтганини қидиришимиз шарт эмас. Агар «каламуш»ни билиб қолсак, ким бўлишидан қатъи назар, бу унинг биз билан охирги куни бўлади. Бир жамоамиз, оиламиз. Ҳамма нарса жамоа ичида қолиши керак», — деди Куртуа.

Шу билан бирга, бундай муаммоларга қарамай Белгиянинг Хорватия билан ўйиндаги имкониятлари нолга тенг тейиш тўғри бўлмасди. Нима бўлганда ҳам, таркибда исталган рақибга қарши  исталган ўйинда қутқариши мумкин бўлган Куртуа, вазиятларни ҳал қилишга қодир бўлган де Брюйне бор эди. Умуман, гап фақат бир ўйин ҳақида кетаётганда унда ҳар қандай натижа бўлиши — вазиятни рақибнинг биргина хатоси, рикошет ёки бошқа эпизод ҳал қилиб қўйиши мумкин.

Белгияликлар бош мураббийи Роберто Мартинес эски услуб иш бермаётганини тушунган ҳолда схемани ўзгартирди — 3-4-3 схемасидан (Белгия бу схемада унинг бошқарувидаги олти йил мобайнида ўйнаб келганди) 4-2-3-1 схемасига ўтилди, бунда Тимоти Кастан ва Тома Менье ҳимоя қанотларида, Аксел Витсел ва Леандер Дендонкер — яримҳимоя марказида жойлашишди. «Реал»да ишлари юришмаган ва футболчилик фаолиятини якунлаши мумкиндек кўринаётган, лекин терма жамоага чақирув олиб, Мартинес танқидларга учрашига сабаб бўлган Эден Азар бу сафар захирада қолдирилди.

Аммо ўйиндаги илк хавфли вазият Хорватияда бўлди — Иван Перишич 10-сониядаёқ ҳисобни очиши мумкин эди, аммо унинг олис бурчак томон йўллаган зарбаси бироз хато кетди. Белгиянинг яна омади келди, бош ҳакам дарвозага пенальти қўйганида видеоассистентлар офсайдни қайд этишнинг яримавтоматик тизими орқали Янник Карраско Андрей Крамаричга фол ишлатишидан олдин Деян Ловрен офсайдда қолганини аниқлашди. Умуман олганда, хорватлар илк дақиқаларданоқ ўзини қониқтирадиган дуранг ҳисоб учун ўйнамаслигини намойиш этишди ва Эквадор ҳамда Эроннинг хатосини такрорламади.

Аммо биринчи бўлимдаги энг хавфли ҳужумни айнан Белгия ташкиллаштирди, ҳужум чизиғи вакиллари энг яхши йилларидаги каби ҳаракатланишди, аммо Дрис Мертенс де Брюйненинг пасидан кейин қулай вазиятда туриб тўпни юқорига тепди. «Қизил иблислар» қанчалик сифатли ўйин кўрсатганини xG бўйича устунлик ҳам кўрсатади — 0,98 га қарши Хорватияда 0,36. Белгияликлар дарвоза сари бирорта аниқ зарба бермаган бўлса-да, ўйин динамикаси ва кайфият Канада ва Марокашга қарши ўйинлардагидан анча юқори эди.

Танаффусдан кейин эса дарвоза соҳаси томон аниқ зарбалар ҳам бўла бошлади, иккинчи бўлимнинг дастлабки 10 дақиқасида Хорватиянинг ўзида учта шундай вазият бўлди. Аммо Куртуа марокашликларга қарши ўйиндаги хатоларини ювди ва формаси жойида эканини кўрсатди. Белгияда эса Лукаку майдонга тушгач, 4-2-3-1 схемаси чинакамига иш бера бошлади, жамоа ҳужум қилиши осонлашди.

Иккинчи бўлимда Белгия турнирдаги энг яхши ўйинини намойиш этди ва ўз навбатида Хорватия ҳам муносиб ҳаракат қилди. Бу эса ўйин сифати ва томошабоплигини таъминлади. 20 ёшли Жереми Доку майдонга тушгач, белгияликлар ўйини янада кучайди, ҳолбуки Мартинес Европа чемпионатида ёрқин ўйин кўрсатган ушбу вингерга бир ярим йилдан буён деярли имкон бермаётганди, кечанинг энг омадсиз инсони эса — бу мавсумда деярли ўйнамаган Лукаку бўлди, у гол урмаслик қийин бўлган учта қулай имкониятни йўққа чиқарди.

Энди футбол аҳли Белгиянинг олтин авлоди билан хайрлашди. Сўнгги бир ярим йилликда фахрийларни сақлаб қолиш билан бирга таркибни ёшартириш ишларини олиб борган Хорватия эса иштирокини давом эттиради.

Марокаш Белгия ва Хорватияни ортда қолдириб, 36 йил ичида илк бор плей-оффга чиқди

Фото: MATTHIAS HANGST/GETTY IMAGES

ЖЧ-2022. F гуруҳи. 3-тур
Канада – Марокаш 1:2
Голлар:
0:1 – 4 Зиёш, 0:2 – 23 Ан-Носири, 1:2 – 40, автогол Агерд.
Канада – Борян, Жонстон, Витория, Миллер, Адекугбе (Коне, 61), Осорио (Ларейя, 66), Кэй (Ҳатчинсон, 60), Дэвис, Ҳойлетт (Уозерспун, 76), Ларин (Дэвид, 60), Бьюкенен.
Марокко – Буну, Ҳакими (Жабран, 85), Саисс, Агерд, Мазрауи, Амрабат, Собири (Амалла, 65), Унаи (Эль-Ямик, 77), Зиёш (Амдалла, 76), Буфал (Абухлол, 65), Ан-Носири.
Огоҳлантиришлар: Ҳойлетт (7), Осорио (27), Адекугбе (45), Витория (84).

Африкада барчаси кутилмаганда жуда тез ўзгариши мумкин. Марокашликлар тарихи эса бу тезисни тасдиқлайди. Йил бошида Африка Кубоги арафасида бош мураббий Ваҳид Халихожич жамоа етакчилари Зиёш ва Мазравийни ўзаро зиддият туфайли таркибга чақирмаган, натижада «Челси» яримҳимоячиси терма жамоадаги фаолиятини якунлагани ҳақида эълон қилганди.

Бундай ижрочилардан воз кечиш — футболдаги жиноят эди, лекин «Атлас шерлари» турнирни яхши ўтказишди. Гуруҳ босқичидан ишонч билан чиқишди ва плей-оффнинг биринчи раундидан ҳам ўтишди, кейин эса драматик кечган чоракфинал ўйинида қўшимча дақиқаларда Мисрга мағлуб бўлишди. Ўша турнирда Ҳакими жамоанинг янги етакчисига айланганди. Жамоада Зиёш борлигида («ПСЖ»да Месси ва Неймар борлигида бўлгани каби) у жарима зарбаларини ижро этишни хаёлига ҳам келтиролмасди, қитъа биринчилигида эса стандартдан иккита ажойиб гол урди.

Аммо Халиҳожич ўз тақдиридан қочиб қутула олмади. У тўртта турли жамоаларни жаҳон чемпионатларига олиб чиққан ва фақат бир марта, 2014 йилги турнирга Жазоир билан келган. Марокашликлар ҳам турнир қолганига бир неча ой қолганида босниялик мутахассис билан шартномани бекор қилишди, аввалроқ бу иш у Кот-д'Ивуар ва Япония билан ишлаганида ҳам содир бўлганди. Федерациядагилар унинг ўрнига маҳаллий мутахассисни — миллий жамоанинг собиқ футболчиси Валид Реграгини қўйишди, у клублар даражасида Қатар ва Марокаш чемпионатларида ғолиб чиққан, май ойида «Видад» клубини Африка Чемпионлар лигасида чемпионликка олиб келганди.

Натижа эса — сўнгги тур арафасида 1986 йилдан буён илк бор мундиал плей-офф босқичига чиқиш имкони сақлаб қолинди. Бу ўйинга барча тайёр ҳолатда эди, жумладан Монреалда туғилган, ўтган турда Белгияга қарши ўйин арафасида мадҳияни ижро этиш чоғида ўзини ёмон ҳис қилган дарвозабон Буну ҳам. Аммо бу сафар дарвозабон бўйича муаммо шимолий америкаликларда юзага келди — Борян ўйин бошидаёқ Марокашга гол совға қилди. У тўпни шунчаки узоқлаштириб юбориши мумкин бўлган ҳолатда Зиёшнинг оёғига ташлаб берди ва яримҳимоячи бўш дарвозани ишғол этди.

Тезкор голдан кейин канадаликлар сўнгги турда уч очко олиб, белгияликларга ёрдам бериб юбориши мумкинлиги ҳақидаги фаразлар йўққа чиқа бошлади. Ҳолбуки Жон Ҳердман нафақат таркибни янгилаган, балки Хорватия билан ўйинда мудофаа чизиғи муваффақиятсизликка учраганидан кейин уч марказий ҳимоячидан иборат жамоанинг одатий схемасига қайтилганди. Фақат «Атлас шерлари» таркибидаги футболчилар иштиёқи ва маҳорати барчасини ҳал қилди.

«Севилья»да ҳар сафар турлича мавсум ўтказадиган Ан-Носирий — даражадаги фарқни кўрсатиб берди, у икки жаҳон чемпионатида гол урган илк марокашлик футболчига айланди. Биринчи бўлим охирида эса африкаликлар ҳимоячиси ўйинга интрига қайтарди. Аввалига «Вест Ҳэм» футболчиси тўпни ўз жамоаси дарвозасига киритиб юборди ва бу билан Қатардаги илк автогол муаллифи ҳамда юзинчи гол муаллифига айланди. Кейин эса у Ан-Носири гол урган вазиятда офсайдда қолиб кетгани учун гол бекор қилинди.

Шу воқеалар туфайли ўйин охирига қадар кескинлик ўсиб борди. Рақиб сафида Дэйвис ва Ҳатчинсон каби футболчилар борлигида бу табиий эди. 39 ёшли сардор бу ўйинни захира ўриндиғида бошлаган ва иккинчи бўлимда тетик ҳолда майдонга тушиб, дарвозани ишғол қилишига бир бахя қолди. Марокашликларни тўп тўсиндан дарвоза чизиғи устига тушиши қутқариб қолди. Сўнгги дақиқаларда эса Буну асабийлашишига тўғри келди.

Марокашликлар плей-оффга шунчаки йўл олишмади — улар Белгия ва Хорватия билан бир гуруҳда биринчи ўринни эгаллашди, мундиал стартида буни ҳеч ким хаёлига келтира олмасди. Аммо Африка бу турнирда яхши иштирок этмоқда ва «Атлас шерлари» Сенегалдан қолишишни истамади. Қора қитъанинг икки вакили курашда қолмоқда.

Мавзуга оид