Жаҳон | 07:56 / 13.12.2022
4359
3 дақиқада ўқилади

Украиналик икки фотожурналист «Чегара билмас мухбирлар» мукофотига сазовор бўлди

Мариупол воқеаларини ёритган Евгений Малолетка ва Мстислав Чернов «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг «Матбуот эркинлиги учун» мукофотини олди. Маросимда Нобел мукофоти совриндори Дмитрий Муратов сўзга чиқди.

Фото: DW

Россия қўшинлари қуршовида бўлган Мариуполдаги воқеаларни ёритган украиналик фотожурналистлар Евгений Малолетка ва Мстислав Чернов «Чегара билмас мухбирлар» халқаро нотижорат ташкилотининг «Таъсир» номинацияси бўйича «Матбуот эркинлиги учун» (Press Freedom Prize) мукофотига сазовор бўлди. Тақдирлаш маросими 12 декабрь, душанба куни Парижда бўлиб ўтди.

«Фронтдаги хавф-хатарлардан Парижнинг сокин муҳитига ўтиш қийин. Қаерга бормайлик, Украина бизнинг қалбимизда. Мариупол ҳақида ҳис-туйғуларга тўлиб-тошмаган ҳолда гапиришнинг иложи йўқ. Бу бутунлай хаос эди», - дея Мстислав Черновнинг изоҳини келтирган «Чегара билмас мухбирлар» расмий Twitter-аккаунти.

Тақдирлаш маросимида Украина маданият ва ахборот сиёсати вазири Александр Ткаченко ва 2021 йилги Нобел тинчлик мукофоти лауреатларидан бири, «Новая газета» бош муҳаррири Дмитрий Муратов сўзга чиқди. Ткаченко украиналик журналистларга оғир шароитда қилган ишлари учун миннатдорчилик билдирди. Муратов, шунингдек, сўнгги 15 йил ичида дунё бўйлаб 1200 га яқин журналист ўлдирилганини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни «диктатура ёки авторитар режимлар ва мустақил журналистика ўртасидаги қарама-қаршиликнинг янги даври» деб атади.

Чернов ва Малолетка Мариуполга 24 февралда, Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланган куни етиб келишди. Улар шаҳарнинг Россия қўшинлари қамалида қандай яшаётганини маълум қилиб, ўқ отиш натижасида юзага келган вайронагарчиликни тасвирга олишган, маҳаллий касалхоналардаги шифокорларнинг ишини ёритишган, тинч аҳоли орасида кўплаб  қурбонлар борлигини қайд этишган. Журналистлар Мариуполдан 2022 йил 15 март куни гуманитар коридор очилгандан кейин жўнаб кетган колонна таркибида чиқиб кетишди.

Евгений Малолетка Deutsche Welle мухбири билан суҳбатда қамалдаги Мариуполда кечган фаолияти ҳақида гапириб берди. Бошқа нарсалар қаторида, у уруш рамзларидан бирига айланган - отишма натижасида вайрон бўлган Мариупол туғуруқхонасидан кадрлар қандай олинганини айтиб берди.

Май ойида Малолетка ва Чернов DW'нинг «Сўз эркинлиги учун» (Freedom of Speech Award) мукофотига сазовор бўлишди.

Чернов ва Малолеткадан ташқари «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг «Матбуот эркинлиги учун» 2022 йилги мукофоти ҳозирда қамоқ жазосини ўтаётган икки матбуот ходимига топширилди. Улар эронлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Наргиз Муҳаммадий ва нозик мавзуларни ёритгани учун ватанида «жосуслик»да айбланиб судланган марокашлик тадқиқотчи журналист Умар Радийдир. Биринчиси «Жасорат учун», иккинчиси «Мустақиллик учун» номинациясида мукофот олди.

Бу йилги мукофотга дунёнинг 15 давлатидан жами 15 нафар журналист ва оммавий ахборот воситалари номзоди кўрсатилган.

Мавзуга оид