Истанбул мэри мулозимни ҳақорат қилишда айбланди. У Эрдўған учун асосий рақиб бўлиши кутилаётганди
Шаҳар мэри лавозимини эгаллаб турган Имомўғли турк мухолифати вакили бўлиб, 2023 йилда ўтказиладиган президентлик сайловида мамлакатнинг амалдаги раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг эҳтимолий рақибларидан бири саналади.
Туркия суди Истанбул шаҳри мэри Акром Имомўғлини ҳукумат амалдорини ҳақорат қилишда айблаб, икки йил-у етти ой муддатга озодликдан маҳрум этди.
Суд у ўз чиқишларидан бирида 2019 йил мартида ўтказилган Истанбул мэрлиги сайлови натижаларини бекор қилган амалдорларни аҳмоқ деб атаганини жиноят деб топди. Прокуратура Имомўғли учун тўрт йил-у бир ой қамоқ жазосини сўраган эди.
Ўшанда у мухолифатдаги Халқ-Республика партияси номзоди сифатида президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Адолат ва тараққиёт партияси вакилини мағлуб этганди. Истанбулдаги сайловларни икки бор ўтказишга тўғри келган, Имомўғли 31 март куни бўлиб ўтган биринчи сайловда минимал устунлик билан ғолиб келган бўлса, 23 июн куни ўтказилган иккинчисида рақибини 9 фоиздан ортиқ фарқ билан ортда қолдирганди.
Дастлабки натижалар ҳукмрон партия гўёки овоз бериш жараёнида рўй берган қоидабузарликлар бўйича бир неча бор шикоят билдирганидан кейин бекор қилинганди.
Якунда сайлов комиссияси такрорий сайловлар ўтказиш бўйича қарор чиқарганди ва Имомўғлининг ишончли ғалабаси Адолат ва тараққиёт партиясининг Туркиянинг энг йирик шаҳри устидан 25 йиллик бошқарувига чек қўйганди.
Суд иши мэрнинг 2019 йилдаги биринчи сайловдаги ғалабасидан кейин айтган сўзларига асосланади. Имомўғли ўз ҳимоя сўзида сайлов комиссияси аъзоларини ҳақорат қилганини рад этган ва унга шу каби эпитетни қўллаган (яъни уни аҳмоқ деб атаган) ички ишлар вазири Сулаймон Сойлунинг сўзларига жавоб қайтарганини айтган.
Агар апелляция суди ҳукмни ўзгаришсиз қолдирса, бу Акром Имомўғлининг сиёсий фаолиятига якун ясаши мумкин, у беш йилга сиёсий фаолиятдан четлаштирилиши, Истанбул мэри лавозимини тарк этиши ва кейинги йили ўтказиладиган президентлик сайловларида қатнаша олмаслиги мумкин.
Суд ҳукми эълон қилинганидан кейин у видеомурожаат қилиб, суд қарорига ҳурматсизлик билдирди ва «бир ҳовуч одамларнинг халқ берган ҳокимиятни эгаллашга ҳаққи йўқлиги»ни айтди.
Имомўғли суд ҳукмидан шикоят қилиши ва у кўриб чиқилгунига қадар лавозимда қолиши кутилмоқда, аммо катта эҳтимол билан у президентлик сайловларига номзодини қўйиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Бу эса мухолифатдагиларнинг номзод бўйича танловини қийинлаштиради, чунки агар сўровларга ишонилса, Истанбул мэри - мухолифатчиларнинг 2014 йилдан буён президентликда қолаётган Ражаб Тоййиб Эрдўғанни мағлуб этиши мумкин бўлган кам сонли етакчиларидан бири ҳисобланади.
Мавзуга оид
20:48
Эрдўған Суриядаги курд қуролли гуруҳларини «кўмишга» ваъда берди
17:38 / 24.12.2024
Туркияда портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи заводда портлаш содир бўлди
00:45 / 23.12.2024
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
20:38 / 20.12.2024