Жамият | 13:04 / 15.12.2022
17427
2 дақиқада ўқилади

“Ногиронлигимдан нолимайман” – ярим гавда билан рўзғорини бутун қилаётган уста

Асака туманидаги Кужган қишлоғида кимнинг телевизори бузилиб қолса, Носиржон Қорабоевнинг уйига шошилади. Чунки 2 ёшлигидаги хасталик сабаб оёқлари деярли ҳаракатланмайдиган, қўллари ҳам соғлом бўлмаган бу инсон қишлоқнинг “телемастер”и сифатида танилган. Телевизорнинг исталган тури билан “тиллаша” оладиган уста шу ҳунари ортидан рўзғор тебратмоқда.

Кужган қишлоғи аҳли бузилган телевизор ёки электроника жиҳозларини қаҳрамонимизга тузаттиради. У телевизорларни тузатиш билан бирга дастурини янгилаш билан ҳам шуғулланади.

Носиржон Қорабоевнинг таъкидлашича, у 2 ёшида касаллик туфайли ногирон бўлиб қолган:

2 ёшимда соппа-соғ бола хасталик сабабли юрмай, гапиролмай, бирданига шол бўлиб қолганман. Ота-онамга минг раҳмат, улар вояга етказишди. Даволанганим билан тўлиқ соғайиб кетолмадим, асорати қолди. Мактабга бордим. Яхши баҳоларга ўқиб, Фарғонадаги ногиронлар билим юртида таҳсил олдим. 1999 йил у ерни тамомлаб, шундан бери телевизор тузатиш билан шуғулланаман”. 

Телевизорларнинг “шифокори” 10 нафардан ортиқ шогирд етиштириб, уларга ўз ҳунарини ўргатган. У ушбу ҳаракатлари, ҳалол меҳнати туфайли давлат мукофотига лойиқ кўрилиб, “Жасорат” медали билан тақдирланган.

“Бир кунда 10 та телевизор тузатса ҳам бўлади, гоҳида эса бир дона телевизорни тўрт кунда ҳам тузата олмаслик мумкин. Ҳамма гап унинг “касалини” топа олишда. Ҳозир қиш кунларида 3-4 та телевизор тузатаман. Столимга ўтириб, ишни бошлаганимдан қийинчиликларни унутаман. Ногиронлигимдан афсусланмаганман. Фарзандларим, оилам бор. Доим шукр қиламан”, – дейди у.

Носиржон Қорабоев келгусида ўз устахонасини кенгайтиришни ният қилмоқда.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Жаҳонгир Турғунов

Мавзуга оид