Президент инсон ҳуқуқлари масаласида Пўлат Бобожоновга талаб қўйди
“Охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев бош прокурор ва ички ишлар вазирига юзланиб. Президент улардан қонун ва инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканини ўз тизимидаги ҳар битта ходимга етказишни талаб қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатида ҳибсга олинган шахсларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётган ҳолатларга эътибор қаратди.
“Охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилмоқда. Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади.
Шу боис, бундай жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси (Face ID) ўрнатилади.
Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият”, – деди президент.
Шавкат Мирзиёев бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бу ҳақиқатни ҳар бир ходимига етказиб, таъсирчан назорат ўрнатиши шартлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари, шунингдек илғор тажриба асосида маъмурий судларнинг фаолияти янги босқичга олиб чиқилишини маълум қилди.
“Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинганда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинади.
Вазирлар ҳам, ҳокимлар ҳам бир нарсани яхши тушуниб олиши керак. Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлади, бундан кейин”, – дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Эслатиб ўтамиз, охирги ойларда ИИВ тизимидаги муассасаларда бир неча киши вафот этди. Хусусан, 16 октябрь куни Қўқондаги марказга олиб келинган 15 яшар ўсмир шу жойда вафот этганди. Жамоатчиликнинг кескин эътирозларидан сўнг, ИИБ маркази раҳбари ва икки ходими ишдан олинди, бир қанча ходимларга нисбатан интизомий жазолар қўлланди.
Октябр ойида Самарқандда алимент тўламагани учун маъмурий тартибда қамоққа олинган Рашид Болиев уч кун ўтиб вилоят руҳий касалликлар шифохонасида вафот этди.
8 ноябр куни эса Фарғона вилояти Қўқон шаҳар ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум юрак касаллиги оқибатида вафот этди.
Бу воқеалардан кейин, 24 ноябр куни блогер ва публицист Шокир Шарипов Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилиб, Тошкент шаҳрида бир кишилик пикет уюштирди.
Шундан сўнг ИИВ матбуот хизмати ҳар ҳафта жамоатчилик учун матбуот анжумани ўтказишни бошлади. Шу билан бирга, шахсан вазирнинг ўзи жамоатчилик олдида чиқиб ҳисоб беришга шошилмаяпти.
Мавзуга оид
18:39 / 19.12.2024
Қирғизистонда милиция ходимларини суратга олишни тақиқловчи қонун лойиҳаси қабул қилинмади
14:56 / 10.12.2024
Кун сўрови: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини қайси ташкилотлар ҳимоя қилади?
22:33 / 02.12.2024
“Жиддий асослар талаб қилиниши керак” — фаоллар БААга киритилмаган ўзбеклар воқеаси ҳақида
17:39 / 07.11.2024