Жаҳон | 10:13 / 23.12.2022
5093
3 дақиқада ўқилади

NASA астронавтлари ХКСга қуёш панелларини ўрнатди

Америкалик астронавтлар Жош Кассада ва Фрэнк Рубио ХКСга тўртинчи iROSA эгилувчан қуёш батареясини ўрнатди.

Фото: NASA

АҚШ астронавтлари, 68-экспедициянинг борт муҳандислари Жош Кассада ва АҚШ Миллий аэронавтика ва космик маконни тадқиқ қилиш бошқармасидан (NASA) Фрэнк Рубио Халқаро космик станцияга (ХКС) тўртинчи эгилувчан қуёш батареясини (iROSA) ўрнатди. 22 декабрь, пайшанба куни NASA матбуот хизмати хабар беришича, космонавтлар коинотда 7 соат-у 8 дақиқа вақт ўтказиб, АҚШнинг Шарқий қирғоғи вақти билан соат 15.27 да (Тошкент вақти билан 01.27) чиқишни якунлади.

iROSA электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини 30 фоизга ошириб, станциядаги умумий мавжуд ҳажмини 160 дан 215 киловаттгача етказади.

Бу космик станцияга хизмат кўрсатиш учун 257-марта ва иккала астронавт учун учинчи марта очиқ фазога чиқишдир.

Кассада ва Рубио олти ойлик илмий миссиясининг ярмини ХКСда ўтказди, улар микрогравитация лабораториясида ишлаяпти ва янги технологияларни, хусусан, NASAнинг "Артемида" Ой дастури учун синовдан ўтказяпти.

Айни пайтда астронавтларнинг очиқ фазога чиқиши фонида Халқаро космик станциянинг Америка дастури раҳбари Жоэл Монталбано ва "Роскосмос"нинг бошқариладиган космик дастурлар бўйича ижрочи директори Сергей Крикалев аудио-форматда оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказди. Улар «Союз МС-22» бошқариладиган космик кемасининг ташқи иссиқлик бошқарув тизимидаги босимнинг пасайиши билан боғлиқ вазият бўйича олиб борилаётган суриштирувга изоҳ берди. Станциядан кемани визуал текшириш аввалроқ совитиш суви сизиб чиққанини тасдиқлаган эди. Ердаги мутахассислар экипажнинг хавфсиз қайтиш вариантларини баҳолашда давом этмоқда, деди NASA.

Аввалроқ, 15 декабрга ўтар кечаси Америка космик агентлиги NASA россиялик космонавтлар Сергей Прокопев ва Дмитрий Петелиннинг режалаштирилган очиқ фазога чиқишини модда сизиб чиққани сабабли бекор қилган эди.

Прокопиев ва Петелин ишларни бажариш учун очиқ фазога чиқишлари керак эди, унинг давомида биринчи марта Европа ERA манипуляторидан фойдаланиш режалаштирилган. Бу Россия дастури бўйича космосдаги ишларни кетма-кет иккинчи ўтказишдир. Бунгача, 25 ноябрь куни ўша космонавтлар скафандрлардан бирининг совитиш тизимидаги насосларнинг ноанъанавий ишлаши туфайли ўз режаларини бажара олмаган.

Мавзуга оид