Жаҳон | 11:51 / 02.01.2023
10348
3 дақиқада ўқилади

Чет элга чиқиши чекланган россиялик қарздорлар сони 8 млн кишига етди

2022 йилда қарзлари туфайли мамлакатни тарк этиш тақиқланган россияликлар сони 8 миллион кишига етди. Бу 2021 йил охирига нисбатан деярли икки баравар кўп.

Фото: Интерфакс

2022 йил охирига келиб, Россия фуқаролари орасида чет элга чиқиши чекланган қарздорлар сони 8 миллион кишига етди, деб хабар бермоқда ТАСС давлат ахборот агентлиги 1 январь, якшанба куни Россия Федерал суд ижрочилари хизматига ("ФССП") таяниб. Бу кўрсаткич фуқароларнинг қарзлари туфайли мамлакатдан чиқиб кетишига чекловлар жорий этилганидан бери энг юқори кўрсаткич бўлди. Ушбу таъсир ўлчови 15 йил олдин ишлай бошлаган.

"ФССП" агентликка маълум қилишича, 2021 йил декабрь ойида 4,6 миллион ижро жараёнида саёҳат чекловлари мавжуд эди, аммо 2022 йил ёзининг бошига келиб, 5,5 миллион россияликнинг чиқиб кетиши чекланган деб тан олинган. Сўнгги 10 йилдаги умумий динамика чет элга чиқиш тақиқланган россиялик қарздорлар сонининг кўпайишини кўрсатади. 2013 йилда саёҳатга чиқиш мумкин бўлмаганлар рўйхатида 300 мингга яқин киши бўлган бўлса, 2016 йил охирида уларнинг сони 1 миллионга, 2019 йилда эса 3,4 миллионга етди.

2020 йилда Россия суд ижрочилари саёҳат чекловларини қарздорларга таъсир қилишнинг самарали чораси сифатида баҳоладилар. Агар қарз 30 минг рублдан ошса, суд ижрочиси шахснинг Россиядан чиқиб кетишини чеклаши мумкин, қарзнинг айрим турлари учун чекловлар 10 минг рублдан бошланади. Чегарада қарздор тегишли маълумотлар базасида қарзни тўлагани тўғрисидаги белги пайдо бўлмагунча, ҳатто виза бўлса ҳам, чиқиб кетишига рухсат этилмайди.

2021 йилнинг ёзидан бошлаб Россия Давлат думаси Ички ишлар вазирлиги томонидан таклиф этилган ва Россия ҳукумати томонидан маъқулланган қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда, унга кўра, чет элга чиқиши чекланган қарздорлардан чет эл паспортлари қарзлари тўлангунга қадар олиб қўйилиши мумкин.

Бундан ташқари, ташаббус муаллифлари фамилияси, исми, туғилган санаси ёки жинсини ўзгартирган россияликларнинг хорижий паспортларини автоматик равишда бекор қилишни таклиф қилишган. Бироқ, қонун лойиҳаси Давлат думасига тақдим этилганидан бери кўриб чиқиш натижалари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Мавзуга оид