Навоий, Жиззах ва Андижонда электр таъминотида узилишлар кузатиляпти
Навоий, Жиззах ва Андижон вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Навоий ва Жиззах вилоятларида кузатилаётган кучли шамол натижасида электр тармоқларида носозликлар юзага келмоқда.
Бунинг натижасида Жиззах вилоятининг Фориш, Зафаробод ва Ш.Рашидов, Навоий вилоятининг Нурота, Томди ва Учқудуқ туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
Шунингдек, Андижон вилоятининг Марҳамат, Булоқбоши ва Асака туманларини электр энергияси билан таъминловчи юқори кучланишли электр узатиш тармоғида носозлик юзага келган.
Бунинг натижасида ушбу туманларнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида фавқулодда узилишлар кузатилмоқда.
Ҳозирда махсус бригадалар томонидан носозликларни бартараф этиш чоралари кўрилаётгани ва тез фурсат ичида ушбу ҳудудларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланиши айтилган.