Самарқандда содир бўлган ЙТҲда икки киши ҳалок бўлди
ВАЗ-21013 ва автобус тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлган, яна уч киши шифохонага ётқизилган.
Самарқанд вилояти Пахтачи туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида икки киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Ҳодиса 2023 йил 10 январ куни соат 13:30 ларда М-37 Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши автомобил йўлининг 124-километрида содир бўлган.
ВАЗ-21013 ҳайдовчиси иккинчи даражали йўлдан чиқиб асосий йўлдан Самарқанд томон ҳаракатланаётган ZHONGTONG BUS русумли автобус билан тўқнашган.
Оқибатда, ВАЗ-21013 ҳайдовчиси ва мазкур машина салонида бўлган йўловчи оғир тан жароҳатлари олиб ҳалок бўлган. Яна уч нафар йўловчи шифохонага ётқизилган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Пахтачи туман ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
- Маълумот учун, бу мазкур вилоят ҳудудида йил бошидан буён инсонлар ўлими билан боғлиқ ОАВга маълум бўлган тўртинчи йўл-транспорт ҳодисасидир. Бу ЙТҲларда жами 9 киши ҳалок бўлди: 1 январ куни Самарқанд туманида AUDI ҳайдовчиси машина олдига югуриб чиққан икки нафар пиёдани уриб юборган; 3 январ куни Иштихон туманида Damas тартибга солинмаган пиёдалар йўлакчаси олдида йўлни кесиб ўтиш учун турган пиёдаларни уриб юборган; 4 январ куни Қўшработ туманида Nexia-3 ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва рўпарадан келаётган Spark билан тўқнашган, натижада икки машина ҳайдовчилари ҳамда бир йўловчи ҳалок бўлган.