Ўзбекистон | 12:55 / 13.01.2023
39528
3 дақиқада ўқилади

Навоийда чорва молларига бўрилар ҳужум қилмоқда. Юзлаб қўйлар нобуд бўлган 

Чорвадорлар масъуллар томонидан йиртқичларга қарши чора кўрилмаётганлигидан норози. 

Навбаҳор туманининг тоғли ва тоғолди ҳудудларида бир ойдан бери бўрилар чорва молларига ҳужум қилаётгани айтилмоқда. Чўпонлар йиртқичларнинг ҳужумидан катта зарар кўряпти. Журналист ва блогер Толиб Раҳматов бу ҳақида ўзининг телеграм каналида хабар қолдирди.

Kun.uz вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида тумандаги “Olchin Agro Eksport” МЧЖ раҳбари Тўлқин Эшназаров билан боғланди. Унинг таъкидлашича, бўрилар ҳатто кундуз кунлари ҳам отар ораламоқда.

3 кун олдин 20 бош наслли қўйимни бўғизлаб кетди. Ундан олдин ҳам 1-2 бош олиб турганди. Россия, Франция, Германия ва бошқа давлатлардан наслли қўчқорлар олиб келганман. Тунов куни қўшни чўпоннинг ҳам 20 бош қўйини бўғизлади, 11 боши ўлган. Ўтган бир ойнинг ўзида ҳудудда бўрилар 500 бошдан ортиқ чорвага зарар етказди.

Чорвани сўрайдиган одам қолмади. Тегишли масъуллар муаммога эътиборсизлик қилмоқда. Зарари катта бўляпти”, — дейди Тўлқин Эшназаров.

Навоий вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Ойбек Низомовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳолат юзасидан вилоят Экология бошқармасига мурожаат қилинган. 

Навоий вилояти экология бошқармаси биохилмахиллик бўлими бошлиғи Фурқат Қодировнинг билдиришича, чўпонлар мурожаат қилса, давлат инспекторлари ҳолатни жойига бориб ўрганиб кўради:

Биз бўрининг ҳақиқатдан тоғдан тушиб келгани, чорвага зарар етказгани ҳақида факт тўплаймиз. Агар бу рост бўлса, тўпланган фактларимизни далолатнома қилиб, Табиат ресурслари вазирлигига жўнатамиз. Вазирлик фанлар академиясига беради. Фанлар академияси ўрганиб, бўрини ҳисобдан чиқариш ҳақида Табиат ресурслари вазирлигига хулоса беради. Ўз навбатида вазирлик бўрини овлаш учун бизга рухсатнома жўнатади. Биз ана шу рухсатномани овчилар уюшмасига тақдим этамиз ва улар бўрини овлаб олишади. Ушбу жараёнга 10-15 кун вақт кетади”.

Ҳолатга вилоят масъуллари эътибор қаратиши зарур. Йўқса, бўриларни овлашга рухсат берилиши учун кетадиган 15 кун давомида яна юзлаб чорва молларига зарар етиши ҳеч гап эмас.

Мавзуга оид