Ўзбекистон | 20:45 / 13.01.2023
7464
2 дақиқада ўқилади

Халқаро йўналишлардаги автобус қатновлари вақтинча тўхтатилди

Ноқулай об-ҳаво шароити сабабли, йўловчи ташувлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга мунтазам автобус қатновлари 13 январдан вақтинча тўхтатилди.

Фото: Транспорт вазирлиги

“Шу кунларда қўшни Қозоғистон ва Россия Федерациясида кузатилаётган кучли совуқ туфайли йўлларда музламалар ҳосил бўлиб, автотранспорт воситаларида техник носозликлар келиб чиқиши натижасида йўловчилар қийин вазиятларга тушиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда”, – дея бу қарорга изоҳ берди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Маълумот учун, 11 январ куни Қозоғистоннинг Ақтўбе области ҳудудида, “Самара–Чимкент” автомобил йўлида Ўзбекистоннинг жами 69 нафар фуқароси бўлган икки автобус ноқулай об-ҳаво туфайли йўлда қолиб кетди. Улар эвакуация қилиниб, мактаб ва масжид биноларига жойлаштирилган.

Шунингдек, Чимкент вилояти ҳудудида “Тошкент-Алмати” йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи автобуси бузилиб қолди. Ундаги 34 нафар Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилиб, меҳмонхонага жойлаштирилган.

12 январда, шунингдек, Ақтўбе областида автобусда қолиб кетган яна 31 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилинди. Транспорт воситаси йўлда қолиб кетишига кучли совуқ туфайли дизел ёнилғиси музлаб қолгани сабаб бўлди.

Аввалроқ “Тошкент – Бухоро – Тошкент” йўналишидаги “Афросиёб” поездларининг 13, 14, 15 январ кунги 3 та рейси бекор қилинган эди.

  • Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Қозоғистон ҳудудида ноқулай об-ҳаво кунларида қийин аҳволга тушиб қолган ватандошлар мамлакатнинг Остонадаги элчихонаси (+717 2954252), Олмаота (+7273902616) ва Ақтау (+77292777117)даги бош консулликларига мурожаат қилиши мумкин.

Мавзуга оид