Ўзбекистон | 18:59 / 14.01.2023
31348
3 дақиқада ўқилади

“Ташқаридагилар одаммасми?!” — Кутувчилари унутилган Тошкент аэропортидан репортаж

Тошкент халқаро аэропортининг очиқ майдонда жойлаштирилган кутиш ҳудуди -13 даража совуқ бўлишига қарамасдан, кутиб олувчилар билан тўла. Улар орасида хориж фуқаролари, аёллар, кекса ота-оналар ҳам бор. 

3 йилдан бери кўришмаган дўстимни кутиб олиш учун Ўзбекистонга келгандим. Жуда совуқ экан. Музлаб қолдим. Ичкарига рухсат беришса, яхши бўларди. Бизда кутиб олувчилар меҳмонларини аэропорт ичкарисида кутиб олишади. Энг муҳими, иссиққина”, – дейди Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридан келган меҳмон.

Яна бир она эса Москвадан келаётган ўғлини кутаётгани, ҳамма яқинларини шундай совуқ шароитда, муз устида кутишга мажбур бўлаётгани ҳақида гапириб, масъуллардан шароит қилиб беришларини сўрайди.

Тошкент халқаро аэропортининг 2-терминали у қадар эски эмас. 2018 йил фойдаланишга топширилган. 5 йил олдин шу аэропорт биноси қурилаётганда кутиб олувчилар учун алоҳидами, терминал ичидами махсус ёпиқ бино ташкил қилиш ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўрмаганми?

Сиёсатчи Камолиддин Раббимов Тошкент халқаро аэропорти ҳақида ўз фикрларини билдирар экан, бу Ўзбекистоннинг репутацияси билан боғлиқ масала эканини таъкидлаб ўтган.

Сиёсатчи аэропортдан чиқаётганда ҳам қўл юкларини сканердан ўтказиш, ташқарида меҳмонини 3 соатлаб кутиб, совуқда қалтираётганлар, куралмаган қорлар ҳолати ҳақида фикр билдириб, бу ҳолатлар аэропорт маъмуриятини қизиқтирмаслигини танқид остига олган.

Бутун дунёда одамлар аэропортларнинг ичида, чиройли кутиш залларида ўтириб, яқинларини кузатишади ва кутиб олишади. Лекин фақат Ўзбекистонда эмас. Инсонларни қадрсизлаш – аэропортда бошланади ва аэропортда тугайди.  Ҳар қандай давлат тўғрисидаги биринчи таассурот – аэропортдан бошланади”, – деб ёзади у.

2022 йилнинг ноябрь ойида тузилган Hawaiian Islands ахборот портали рейтингига кўра, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти Ўрта Шарқ ва Марказий Осиёдаги энг стрессли аэропортлар рўйхатига киритилган эди. 46,02 фоиз кўрсаткич билан баҳоланган аэропортимиз 20 талик рўйхатнинг 7-ўринида қайд этилган. 

Аэропортда бир кишини кутишга чиққандим. Биласиз, барвақт бориб олинади ва роса кутилади. Истанбулдан олдинроқ Москва қўниши керак эди. Кўпчилик яқинларини кутяпти. Суратдаги аёлга эътибор бердим. Бир соатдан ортиқ вақт ўтди ҳамки на ўрнидан қўзғалди, на аэропортнинг чиқиш эшигига қадалган кўзини бошқа ёққа қаратди. Нисбатан енгил кийинган бўлса-да, совуқни ҳам, тик туришнинг ноқулайлигини ҳам сезмади. Ўриндиқда жой бўлса ҳам ўтирмади. Кўзлари йилтираб, лабларини тишлаб, нигоҳини узмай тураверди! Фарзандини кутган онанинг кечинмаларини ким таърифлай олибдики, мен эпласам?... Қайсидир ўғлоннинг шундай онаси бор! Ўзбекнинг шундай онаси бор!!!” – деб ёзган эди журналист Аброр Зоҳидов ўз Facebook саҳифасида.

Бизнинг аэропортлар билан эса бундай ҳикоялар янада таъсирли тус олади.

Сардорбек Усмоний, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид