Ўзбекистон | 16:22 / 25.01.2023
36469
3 дақиқада ўқилади

“Газ-транспорт тизими берилмайди” — Энергетика вазирлиги “Газпром” билан имзоланган ҳужжат ҳақида

“Газпром” билан имзоланган “йўл харитаси”дан мақсад – ички бозорга табиий газни зарур миқдорларда етказиб бериш, деб маълум қилди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги. “Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ”, – дейилади расмий ахборотда.

Фото: Энергетика вазирлиги

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги “Газпром” билан имзоланган “Йўл харитаси” бўйича баёнот берди.

“Жорий йил 24 январ куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Газпром” компанияси ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказилди ва унда Россиядан Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришнинг техник имкониятлари муҳокама қилинди.

Имзоланган “Йўл харита”га мувофиқ, томонлар ўртасида тузилган ишчи гуруҳ Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувури орқали газ транзитини амалга ошириш учун зарур бўладиган техник чора-тадбирлар ва ўрганишга келишиб олинди.

Ишчи гуруҳ техник жиҳатдан барча ишларни якунлагандан сўнг, табиий газни етказиб бериш бўйича асосий шартлар муҳокама қилинади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, олиб борилган музокаралар ҳамда “Йўл харитаси”да Ўзбекистон Республикасининг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда (бошқарув ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда) ички бозорга табиий газни зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ.

Келгусида ушбу йўналишдаги барча ишлар Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилган ҳолда амалга оширилиб, натижалари юзасидан доимий равишда жамоатчиликка маълум қилиб борилади”, – дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур “Йўл харитаси” кеча, 24 январ куни имзоланди. Ҳужжат имзоланганидан кейин ўтган қарийб бир сутка вақт ичида Ўзбекистон томони бу борада бирорта ҳам изоҳ бермагани жамоатчиликда жиддий хавотирларни юзага келтирди. Хусусан, ижтимоий тармоқларда мамлакатнинг газ транспорт тизими “Газпром”га ишончли бошқарувга бериб юборилиши мумкинлиги ҳақида тахминлар пайдо бўлди.

“Газпром” бундай ҳужжатни ўтган ҳафта Қозоғистон билан ҳам тузган эди.

Мазкур келишувлар Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия иштирокидаги учтомонлама газ иттифоқини тузиш таклифидан 2 ой ўтиб имзоланди. Расмий Тошкент ҳам, Остона ҳам бу ҳамкорлик иттифоқ шаклида бўлишига рози бўлмади.

Таъкидлаш керакки, Россиянинг Марказий Осиёга газ сотишга қизиқиб қолиши Украина уруши фонида Европа рус энергоресурсларидан юз ўгираётган бир пайтда рўй бермоқда.

Мавзуга оид