Ўзбекистон | 12:19 / 25.01.2023
38443
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилоятининг тўрт туманига янги ҳокимлар тайинланди

Вилоят ҳокими янгиланиши ортидан туманларда ҳам раҳбарлар ўзгармоқда. Термиз туманига Тошкент вилоятидаги солиқчи, Ангор туманига Вазирлар Маҳкамасида ишлаб келаётган иқтисодчи ҳоким қилиб юборилди. Жарқўрғонга камбағалликни қисқартириш вазирлиги ходими раҳбар бўлди.

25 январ куни Халқ депутатлари Ангор тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, сессияда шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Шоҳжаҳон Бекмуратович Абдуллаев вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Қосим Мардонов тасдиқланди.

Қосим Мардонов

Қосим Эсонович Мардонов 1975 йил 24 ноябрда Термиз туманида туғилган. 1997 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги иқтисодчи.

2007-2020 йилларда Молия бошқармаси, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда фаолият юритган.

2020 йилдан буён Вазирлар Маҳкамаси Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибиятининг Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари бўйича бош мутахассиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Шоҳжаҳон Абдуллаев 2020 йил июлида Ангор тумани ҳокимлигига тайинланганди.

Шу куни Халқ депутатлари Термиз тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳам ташкилий масала кўриб чиқилди. Сессияда шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Шуҳратжон Бекмаҳматович Ўринов вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Шуҳрат Назаров тасдиқланди.

Шуҳрат Назаров

Шуҳрат Худойбердиевич Назаров 1968 йил 16 апрелда Шўрчи туманида туғилган. 1991 йил Тошкент халқ хўжалиги институтини, 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги иқтисодчи, ҳуқуқ.

Ш.Назаров 2008-2022 йилларда солиқ органларида турли лавозимларда фаолият юритган.

2022 йилдан буён Чирчиқ шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Муқаддам кўп йиллар давомида Сурхондарё вилоятида прокуратура тизимида ишлаган Шуҳратжон Ўринов 2017 йилдан буён Термиз тумани ҳокими эди.

Халқ депутатлари Музработ тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди. Сессияда шу кунга қадар туман ҳокимининг биринчи ўринбосари - ҳоким вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган Абдурашид Исмоилов туман ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Абдурашид Исмоилов

Абдурашид Худоёрович Исмоилов 1977 йил 12 июлда Бойсун туманида туғилган. 2005 йил Термиз давлат университети, 2014 йил Тошкент молия институтини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги педагог, бюджет ҳисоби ва назорат-молия.

У 1996-2022 йилларда ижтимоий таъминот, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасида турли лавозимларда фаолият юритган.

2022 йил августида Музработ тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимига тайинланганди. 

  • 2022 йил сентябрида Музработ туманига 2018 йил июлидан буён раҳбарлик қилиб келган Эркин Алимов ишдан олинган, унинг ўрнига Абдурашид Исмоилов ҳоким вазифасини вақтинча бажарувчи бўлганди.

Халқ депутатлари Жарқўрғон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди. Сессияда шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Баҳодир Абдиқаюм ўғли Ўроқов вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Элмурод Авазов тасдиқланди.

Элмурод Авазов

Элмурод Рўзимуродович Авазов 1988 йил 15 июлда Шеробод туманида туғилган. 2010 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги бухгалтерия ҳисоби ва аудит, давлат молиясини бошқариш.

Э.Авазов 2012-2022 йилларда иқтисодиёт бошқармаси ва вилоят ҳокимлигида турли лавозимларда фаолият юритган.

2022 йилдан буён Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Савдо ва хизматлар инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Жарқўрғон туманига 2020 йил декабридан буён Баҳодир Ўроқов ҳокимлик қилаётганди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил охирида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ишдан олиниб, унинг ўрнига Тошкент шаҳри прокурори Улуғбек Қосимов тайинланганди. 

Мавзуга оид