Ўзбекистон | 11:25 / 30.01.2023
39172
2 дақиқада ўқилади

Нукусдаги портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони ортди

Вайроналар остидан яна 4 кишининг жасади топилди.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Нукусда газ портлаган уй вайроналари остидан яна 4 кишининг жасади топилди. ФВВнинг сўнгги маълумотларига кўра, фожиа оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 нафарни ташкил этмоқда.

«29 январ куни соат 16:15 ларда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри «Темир жол» МФЙдаги 4 қаватли уйнинг тўртинчи қаватида жойлашган хонадонларнинг бирида ҳаво-газ аралашмаси чақнаши содир бўлган. Юзага келган кинетик зарба натижасида бино конструкцияларига қисман шикаст етган.

Зудлик билан воқеа жойига ФВВ қутқарувчилари ва тегишли идоралар ходимлари етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб боришган.

30 январ куни соат 02:30 ларда ФВВ қутқарувчилари томонидан турли даражадаги жароҳатлар билан вайроналар остида қолиб кетган 5 ёшли қизалоқ чиқариб олиниб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилганди. Шунингдек, орадан 30 дақиқа ўтиб бино конструкциялари орасидан бир киши жасади топилганди.

Эрта тонгга келиб, вайроналар остидан яна 4 нафар фуқаронинг жасади топилиб, жами ҳалок бўлганлар 5 нафар бўлди», дейилади вазирлик хабарида.

Воқеа жойида Фавқулодда вазиятлар вазири бошчилигида ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид