Фарғона, Андижон ва Самарқандда наркотик моддалар мусодара қилинди
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Фарғона, Андижон ва Самарқанд вилоятларида наркотик моддалар мусодара қилинди.
ДХХ хабарига кўра, Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи фуқаро ўз жиноий шериги бўлган, Андижон вилояти Хўжаобод туманида истиқомат қилувчи шахс билан, муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар томонидан контрабанда йўли билан олиб келиниб, Наманган вилояти Поп тумани ҳудудига яшириб кетилган 1 кг 841 гр “гашиш” моддасини қабул қилиб олиб, йўловчи автомашинада Олтиариқда ҳаракатланаётган вақтида ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.
Мазкур фуқаролар муқаддам содир этган ўғирлик жиноятлари учун судланиб, жазо муддатини ўтаган бўлса-да, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган.
ДХХ ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаро Қирғизистондан олиб келинган 964 гр “гашиш” моддасини 8 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.
Бу йўналишда ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам вилоят ИИБ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказишди.
Булоқбоши туманида яшовчи икки фуқаро Хўжаобод туманида 630 гр “гашиш” моддасини 5800 АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди. Ушбу ҳолатда ажал оғуси Қирғизистондан айланма йўллар орқали Хўжаобод тумани ҳудудига ўтказилган.
Самарқанд шаҳрида кузатилган ҳолатда эса Тойлоқ туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқаро 352 гр “опий” моддасини 5 минг АҚШ долларига сотган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё ва Самарқанд вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди. Ушбу наркотик модда Тожикистондан олиб келинган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
07:35 / 26.12.2024
Бешта ҳудудда 16 кг гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди
16:18 / 10.12.2024
Суриядаги урушда қатнашиб, вазиятни ёритаётган ўзбекистонлик шахс қидирувда экани маълум қилинди
12:38 / 25.11.2024
Бош вазир ёрдамчиси ва унинг ДХХ Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган акаси ишдан олинди
15:44 / 24.11.2024