Ўзбекистон | 18:19 / 11.02.2023
10685
2 дақиқада ўқилади

2022 йилда табиатга етказилган зарар учун 40 млрд сўм жарима тайинланди

Табиат ресурслари вазирлиги экологик назорат ва экологик ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳисобот берди.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Ўтган йили давлат экологик назорат тадбирлари давомида 45 300 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, табиатга етказилган зарар учун 40 млрд сўм маъмурий жарима тайинланди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекция бошлиғи Адҳам Қурбонов маълум қилди.

Қайд этилишча, 1409 та ҳолат бўйича 5,8 млрд сўм жарима ва табиатга етказилган зарарни ундириш ва қонуний чора кўриш учун материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган. 36 та ҳолат бўйича жиноят иши очилган.

Ҳуқуқбузарлардан 300 дан ортиқ ҳайвонот дунёси объектлари, 6442 кг доривор, техник ва озуқабоп ўсимликлар, 2433 кг балиқ маҳсулотлари, 550 дан зиёд инвентарлар белгиланган тартибда олиб қўйилган.

446 та хўжалик юритувчи субъектларда давлат экологик назорати тартибида текширишлар ўтказилиб, 379 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 437,8 млн сўм жарима қўлланилган. Атроф-муҳитни ифлослантиргани учун 50,2 млрд сўм қўшимча компенсация тўловлари ҳисобланган.

Экологик талабларга риоя этмаган 24 та корхона фаолияти суд қарори билан камчиликлар бартараф этилгунга қадар вақтинча тўхтатилган.

Ҳудудларда ноқонуний тарзда дарахт ва буталарни кесиш, шунингдек, уларга шикаст етказиш билан боғлиқ 4673 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, 7 млрд сўмдан зиёд жарима ҳамда 10 млрд сўмдан зиёд табиатга етказилган зарар ҳисобланган. Бу кўрсаткичларнинг аксарият қисми, асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятлари ҳисобига тўғри келган.

Мавзуга оид