Жамият | 23:55 / 13.02.2023
49106
2 дақиқада ўқилади

Қибрайда наркокурьерларни “самосуд” қилишда қатнашган ўндан ортиқ шахс ушланган

Самосудда айбланиб қўлга олинганлар 20-26 ёшдаги йигитлардир.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати

Тошкент вилояти ИИББ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида жиноятга алоқадор ўндан ортиқ шахслар ушланган. Бу ҳақда вилоят ИИББ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ҳодиса 22 январь куни Қибрай тумани ҳудудида содир бўлгани айтилмоқда. Интернетда тарқалган видеоларда телеграм-бот орқали топшириқ олиб, гиёҳвандлик моддаларини тарқатиш билан шуғулланганларни номаълум шахслар уриб, тан жароҳати етказгани акс этган. Орадан маълум вақт ўтгач тасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқатилган.

Қайд этилишича мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ва бошқа ҳамкорликдаги органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 1997-2003 йилда туғилган ўндан ортиқ шахс гумонланувчи сифатида ушланган. Уларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган ва жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларига киришилган.

Дастлабки терговда гумонланувчилар маълум моддий манфаат эвазига шу каби бир нечта воқеада иштирок этиб, тан жароҳати етказиш ҳолати акс эттирилган видеоёзувларни ижтимоий тармоқ орқали буюртмачига етказиб бергани аниқланган.

“Ўтказилаётган тергов-суриштирув давомида Қонун устуворлиги ва қилмишга яраша жазонинг муқаррарлиги таъминланади. Маълумотлар тўлдириб борилмоқда, батафсил ахборот берилади”, дейилади расмий баёнотда.

Аввалроқ Тошкентда Теlegram-бот орқали гиёҳвандлик моддаларни тарқатиш билан шуғулланиб келган кладменнинг устига “зелёнка” сепиб “самосуд” қилинган, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми (“Одам ўғирлаш”) ва 105-моддаси 2-қисми (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) билан жиноят иши қўзғатилганди.

Мавзуга оид