Жаҳон | 13:31 / 16.02.2023
26983
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда Алишер Навоий ёдгорлигига зарар етказилди

Афғонистонда буюк шоир Алишер Навоий ёдгорлигига зарар етказилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан Афғонистон томонидан боғланилганини маълум қилди.

Фото: Sputnik

Ўзбекистон Афғонистонда Алишер Навоий ҳайкалига зарар етказилгани ҳақидаги хабарларни қайғу билан қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов маълум қилди.

Унга кўра, бу масала юзасидан Афғонистон ҳукумати вакиллари билан боғланилган. Уларнинг айтишича, ушбу вандализм ҳолати қардош Ўзбекистон билан кўп асрлик дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган ҳукумат расмий сиёсатини акс эттирмайди, номаълум шахсларнинг ўзбошимчалик ва ўйламасдан қилган ҳаракати натижаси бўлиб, умумий тарихий ва маданий меросга зарар етказади.

«Афғонистон ҳукумати вакиллари ёдгорликларни тиклаш ва умумий меросимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш чораларини кўришини маълум қилдилар», дейилади ТИВ муносабатида.

Аввалроқ Daryo.uz нашри Hasht-e Subh Daily’га таянган ҳолда «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг Балх вилоятида ўрнатилган Алишер Навоий ёдгорлигини бузиб ташлагани тўғрисида маълумот берганди.

Ёдгорлик бузиб ташлангани сабабли Афғонистон миллий қаршилик кўрсатиш кенгаши «Толибон» гуруҳи мамлакатнинг маданий ўзига хослиги қарши уруш ҳолатида эканини айтди. Кенгаш тарихий рамзларнинг олиб ташланиши ва маданий ўзига хослик ёдгорликларининг вайрон қилиниши Афғонистонда этник ва тиллараро зиддиятни кучайтиришини билдирди.

9 февраль куни маҳаллий манбалар Балх вилоятида Алишер Навоий ҳайкали вайрон қилингани ҳақида хабар берган.

Мавзуга оид