Жаҳон | 15:47 / 16.02.2023
16763
7 дақиқада ўқилади

Ноилож қолаётган илм-фан: зилзилаларни прогноз қилиш имкони нега бунча оз?

Замонавий илм-фан тараққий этиб, инсоният фазода учаётган бир пайтда олимлар ҳануз зилзилаларни аниқ прогноз қилишнинг иложини тополмаяптилар. Бунга Ернинг мураккаб тузилиши асосий сабаб.

Туркиянинг жанубий-шарқий қисми, Суриянинг шимолида рўй берган даҳшатли зилзилалар бундай табиий офат қандай кутилмаган тарзда содир бўлиши мумкинлигини кўрсатиб берди. Олимлар ҳануз зилзилалардан эрта огоҳлантириш усулларини топиш устида ишлашяпти.

Бир кунда содир бўлган 2 та кутилмаган ва даҳшатли силкиниш сабаб Туркия ва Сурияда ўн минглаб одамлар вафот этди, ярадор бўлди ва бошпанасиз қолди. Биринчи 7,8 балли зилзила уйқудаги одамларнинг уйларини бир лаҳзада вайронага айлантирди. Бир неча соатдан сўнг яна бир 7,5 балли кучли силкиниш содир бўлди.

Зилзила бўлган Шарқий Анадолу ёриқлари тизими тектоник учлик бирикманинг бир қисми бўлиб, Анадолу, Арабистон ва Африка плиталари бир-бирига тегиб туради. 1970 йилдан бери минтақада атиги 3 марта 6 ва ундан юқори балли зилзилалар содир бўлган ва шунинг учун ҳам олимлар Туркиядаги сўнгги даҳшатли зилзила бўлишини кутишмаган.

Уни прогноз қилиш мумкин эдими?

Фото: AFP

Тан олиб айтиш керакки, зилзилаларни олдиндан прогноз қилиш жуда қийин илмий йўналиш ҳисобланади. Гарчи зилзила содир бўлгач, сейсмик маълумотлар асосида дақиқалик сигналларни аниқлаш мумкин бўлса-да, олдиндан нима бўлишини билиб, уни прогнозлаш анча қийин жараён.

«Биз лабораторияда зилзилаларни тадқиқ қилганимизда қайсидир ҳудудда зилзиладан олдин кичик ёриқлар ёки дефектлар пайдо бўлаётганини ўрганамиз. Лекин табиатда шундай ноаниқликлар борки, шунинг учун ҳам кўпинча кучли зилзилага айланиши мумкин бўлган белгиларини кўра олмаймиз ва прогноз қила олмаймиз», — дейди Италиянинг Сапиенза университети профессори Крис Мароне.

Геологлар 1960-йилларнинг охиридан бери зилзилаларни тадқиқ қилишда замонавий илмий усуллардан фойдаланиб келишмоқда. Бироқ эришилаётган муваффақият ҳануз ҳаминқадарлигича қоляпти. Мароненинг таъкидлашича, бунинг сабаби бутун дунёни кесиб ўтувчи Ердаги ёриқлар тизимининг мураккаблигидадир. Қолаверса, жуда кўп сейсмик товушлар мавжуд — Ер доим ўзидан баланд, паст товушлар чиқариб туради. Унга инсоният томонидан ҳосил қилинган антропоген товушлар: транспорт овозлари, қурилишдаги ғала-ғовурлар аралашиб кетади ва аниқ сигналларни олишни қийинлаштиради.

АҚШ Геологик хизмати маълумотига кўра, зилзилани самарали прогноз қилиш учун 3 нарса зарур: зилзила содир бўлиш ҳудуди, вақти ва унинг қай даражада баланд бўлиши. Бироқ марказга кўра, ҳозиргача ҳеч ким бу 3 та талабга жавоб бера оладиган аниқликдаги прогнозни қила олмаган.

Махсус ҳудудларни белгилаш осонроқ

Бунинг ўрнига олимлар «Хавфли ҳудудлар хариталари»ни ишлаб чиқишади. Унда қайси ҳудудларда яқин йилларда зилзилалар бўлиш эҳтимоллилиги даражаси ҳисоблаб чиқилади. Афсуски, бундай ҳисоб-китоблар зилзила хавфи бор ҳудудларда яшовчи аҳолини хавфдан олдин огоҳлантириб, эвакуация қилишга ёки бехавотир бошпаналарга кўчиришга ёрдам бера олмайди.

Лекин шундай ҳудудларда биноларни зилзилага бардошли стандартлар асосида қуриш учун кўрсатма сифатида хизмат қила олади. Яна бир томони, хавфли ҳудудларда яшовчи ҳамманинг ҳам қаттиқ силкинишларга дош бера оладиган инфраструктура сотиб олишга қурби етмайди.

Мароненинг айтишича, ўтган асрнинг 70-80 йилларида ғарб дунёси ўзининг сейсмик стандартларини ўрната бошлади ва бунга амал қилиб келяпти. Лекин биноларни зилзилага бардошли сейсмик стандартлар асосида қуриш ва қайта мослаштириш анчагина қимматга тушади.

Сунъий интеллектга боғланган умид

Шунинг учун олимлар имкон қадар зилзилаларни олдиндан аниқлай олиш учун изланишлар олиб бормоқда. Тадқиқотчилар сейсмик сигналлар билан бирга ҳайвонларнинг ўзини тутишидан тортиб Ердан юқори атмосферадаги электронлар ҳаракатидаги тартибсизликларгача тадқиқ қилиб кўришмоқда. Инсонлар илғай олмай қолган белгиларни сунъий интеллект ёрдамида аниқлаш эҳтимоллилиги ҳам ошяпти. Машина алгоритмлари содир бўлган зилзилалардаги маълумотларни таҳлил қилиш орқали келажакда содир бўлиши мумкин бўлган силкинишларни олдиндан аниқлашга ёрдам бера олиши мумкин.

Масалан, хитойликлар шундай алгоритмлар ёрдамида маълум ҳудуддаги ёриқ зона устидаги магнит майдонида электронларнинг ҳаракатидаги тартибсизликлар билан зилзилаларни олдиндан била олиш мумкинлигини айтишмоқда.

Яқинда исроиллик яна бир гуруҳ олимлар машиналар ёрдамида охирги 20 йилда ионосферадаги электронлар таркибидаги ўзгаришларга қараб, содир бўлиши мумкин бўлган зилзилаларни 48 соат олдин 83 фоиз аниқликда била олишларини даъво қилди.

Хитой ионосферадан йиғиш мумкин бўлган маълумотларга умид боғлаяпти. 2018 йилда мамлакат Ер ионосферасидаги аномалияларни аниқлаш учун сейсмо-электромагнит йўлдошни фазога ҳам учирган.

Ўтган йили хитойлик олимлар 2021 йил май ва 2022 йил январдаги зилзилалардан бир неча ҳафта олдин ионосферада электронлар зичлигида пасайиш кузатилганини аниқлашганини маълум қилган. Шунингдек, олимлар гарчи сунъий йўлдош маълумотларини ўрганишаётган бўлсалар-да, уларнинг топилмалари зилзилаларни олдиндан прогноз қила олиш имконига эришишдан анча узоқда эканини ҳам айтиб ўтишган.

Фото: Reuters

Зилзилаларнинг аниқ қайси манзилда рўй беришини билиш ҳам қийин. Сабаби катта зилзилалар ўз эпицентридан узоқ ҳудудда ҳам тўлқинлар келтириб чиқаради. Бу эса аниқ локацияни топишни қийинлаштиради.

Бундан ташқари, бошқа турли сигналлардан ҳам умид қилинмоқда. Масалан, япониялик олимлар зилзила зоналаридан кўтариладиган сув буғларидаги ўзгаришларга қараб уни 1 ой олдин прогноз қилиш эҳтимолини илгари суряпти. Ўтказилган синовлар бу усулнинг 70 фоиз аниқликда эканини кўрсатган.

Бироқ шунча синовларга қарамай ҳали ҳеч ким шу пайтгача бирор зилзила аниқ қачон ва қаерда бўлишини олдиндан прогноз қила олмади.

Ҳатто прогнозлар яхшиланса ҳам, улар билан олинган маълумотларни нима қилиш мумкинлиги ҳамон савол остида. Прогнозлаш аниқлиги ошмагунча бутун шаҳарлар аҳолиларини эвакуция қилиш ёки одамлардан қулаш хавфи бор бинолардан ташқарида ўтиришни сўраш қимматга тушиши мумкин.

Зилзиладан кейинги ёрдам

Сунъий интеллект керак бўладиган яна бир жараён— зилзиладан кейинги тикланиш ишларидир. Хитой университети профессорлари шундай воситаларни ишлаб чиқишди. Бу воситалар табиий офатдан кейинги зарарни сунъий йўлдош тасвирлари орқали баҳолаб беради. Сунъий интеллект бинонинг қанчалик зарарланганини, тузилмаларнинг вайрон бўлган ёки қанчалик хавфли бўлиб қолганини аниқлаши мумкин. Шунда ҳукумат қутқарувчиларни ёрдам энг зарур бўлган нуқталарга йўналтира олади.

Машина алгоритмлари асосий зилзиладан кейинги силкинишларни аниқлаб бера олишига умид боғланяпти. Бунда асосий силкинишдан зарар кўрган ва одамларга хавф туғдириши мумкин бўлган бинолар аниқланиб, улар кўчирилади. Шунинг ўзи ҳам қутқарувчилар ва зилзиладан омон қолганларнинг хавфсизлигини таъминлашга катта фойда бўлиши мумкин.

Мавзуга оид