Жамият | 15:34 / 17.02.2023
29143
5 дақиқада ўқилади

Телефон ўйнаётган болалар: психологлар уларни кутаётган хавф ҳақида

Сиз ҳар тонгда уйқудан кўз очибоқ телефонингизни қидирасизми? Агар шундай бўлса сиз кенг тарқалаётган хавфли касаллик қаршисида турибсиз. Бу касаллик номофобия деб аталади ва энг хавотирлиси – у болалар орасида ҳам кўпайиб бормоқда.

Янги асрда янги касаллик – номофобия вужудга келди. Номофобия (мобил фобия) – телефонсиз қолиш қўрқуви ҳисобланади. Коронавирус пандемияси таъсирида янаям оммалашган бу касаллик коронавирусдан ҳам хавфлироқ бўлиб чиқди. Чунки бугун уйқудан кўз очиш билан телефон қидириш, телефон бўлмаганда ўзини ўта ноқулай ҳис қилиш одамлар орасида кўп учрайди.

Номофобия – аср вабоси

Даволаш мумкин бўлган хасталиклардан ҳам хавотирлироқ бу янги касаллик аср вабоси деб тан олинган. Психологлар номофобияни гиёҳвандлик ёки спиртли ичимликларга қарамлик билан тенг деб тан олишмоқда. Шунинг учун дунёнинг кўплаб давлатларида бу касалликни аниқлаш ва даволаш устида аллақачон ишлар олиб борилмоқда.

Бугун дунё бўйича 7,2 миллиарддан ортиқ одам ўз мобил телефонига эга. Бу дунё аҳолисининг 91 фоизини ташкил қилади. Гаджетлар шу даражада оммалашдики, кичик ёшдаги болалар ҳам ота-онасининг телефонидан чексиз равишда фойдаланмоқда.

Саудия Арабистони ва Иорданияда ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, бу икки давлат аҳолисининг 51 фоизидан ортиқроғида телефонга қарамлик ташхиси қўйилди. 5191 киши иштирок этган сўровноманинг 26 фоизида иштирокчилар телефонсиз қолиш қўрқуви билан яшаётганини ва бундан даволаниш истагини айтишган.

Буюк Британияда эса аҳолининг 53 фоизи номофобиядан азият чекишади. Бразилияда бу тадқиқот ўтказилганда иштирокчиларнинг 68 фоизида смартфонларга қарамлик аниқланган. Натижалар аёлларга нисбатан эркакларда мобил телефонларга боғланиб қолиш ва номофобия хавфи юқорироқ эканлигини исботлаган.

Дунё мамлакатларини хавотирга солаётган бу ҳолат ҳақида Ўзбекистонда ҳали бирор тадқиқот ўтказилмади. Статистик маълумотларга қараганда 2022 йилнинг январ ҳолатида республикамиздаги ҳар 100 та уй хўжалигига 308 та мобил телефон тўғри келиши аниқланган. Демак бизда ҳам бу хавотир уларникидан кам эмаслиги аниқ.

Телефон ўйнаётган болалар – хавфсизми?

Бугун гаджетлар болаларнинг ҳам севимли “ўйинчоғи”га айланиб улгурди. Тинимсиз хархашалар, инжиқликлардан халос бўлишнинг осон йўли. Оналар ўз телефонларини болага тутқазадилар ва бемалол бошқа ишлар билан машғул бўлиш мумкин. Лекин бу гўдаклар учун қанчалик фойда ёки зарарли эканлиги ҳақида ўйловлар ва фактлар хавотир уйғотади. Мутахассислар болаларнинг ютуб орқали мультфильмлар томоша қилиши уларнинг ақлий ривожланишига хизмат қилмаслигини айтишади. Фойда келтирмайдиган бу ҳолат зарарга ишлайди. Яъни болада бунинг оқибатида вазн ошиши, уйқусизлик, ўзини ёмон ҳис қилиш бошланади.

Психолог Шоира Исоқованинг фикрича, яқин 5 йилликда бу муаммо ўзининг ёмон асоратини кўрсатиб бошлайди:

“Бугунги кунда болаларнинг телефонга қарамлиги жуда долзарб муаммо ҳисобланади. Аммо ота-оналар бунга муаммо сифатида қарашмайди. Бу келажакда катта муаммоларни келтириб чиқаради. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан телефонга қарамликка касаллик даражасида қаралаётганига анча бўлди. Болаларда бу жисмоний саломатликка ёмон таъсир ўтказиш билан бирга:

-боланинг психик ривожланиш босқичини кескин ўзгартириб юбориши мумкин. Натижада боланинг диққати бузилади.

-идрокни ўзгартиради, психологик оғишлар юз беради, порнографик қарамликлар келиб чиқади. Ота-она буни ҳис қилмаслиги мумкин, яқин 5 йилликда бу муаммо ўзининг ҳақиқий асоратини кўрсатишни бошлайди.

Қабулимга шу муаммо билан жуда кўп болаларни олиб келишади: уларда дарсларни ўзлаштиришда орқада қолиш, ўртоқлари билан чиқиша олмаслик, бутун дунёдан, воқеликдан узилиш кузатилади. Ота-она телефондан фойдаланишни тақиқласа, уларга қўл кўтаришгача бораётган болалар бор.

Мен мутахассис сифатида болаларга 15 ёшгача гаджетлар олиб бермасликни тавсия қилган бўлардим”, дейди психолог.

Мутахассиснинг айтишича, бу болалар қаттиқ қўрқув, хавотир, тушкунлик, жиддий безовталик қамровида бўлишади. Бу касалликда шахс ривожланиши босқичи орқада қолади. Уларда мақсадлар йўқлиги, агрессивлик, ортиқча жазавага тушиш кузатилади. Фақат телефондаги виртуал ҳаёт таъсирида бўлишади. Келгусида бу болалар жамиятда бефарқ, лоқайд кимсаларга айланиши табиий ҳолат.

Демак, номофобиянинг келиб чиқиши одамларда:

Жисмоний зарар – семизлик, уйқусизлик, кўзлар зарарланиши, юрак касалликлари, ошқозон-ичак касалликлари кўпайишига олиб келади.

Ижтимоий зарар – бундай одамлар юзма-юз муносабатлардан қочишади, виртуал ҳаётда яшашади ва воқеликни қабул қилиш қийинлашади. Турли қимор ўйинларига берилиб кетиш, оилавий муносабатларга путур етказиш, ҳаётдан баҳра олишдан маҳрумлик келиб чиқади.

Психологик зарар – депрессияга тушиши, ўз жонига қасд қилиш, доимий қўрқув ва безовталик билан яшашга сабаб бўлади.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Мавзуга оид