Жаҳон | 18:57 / 22.02.2023
22303
3 дақиқада ўқилади

«Ўйиннинг 70-дақиқаси, «ҳисоб» эса ҳозирча 1:1». Буданов фронтдаги вазият ҳақида

Украина ҳарбий разведкаси раҳбари «ҳал қилувчи жанглар баҳорда бўлиб ўтиши»ни айтди.

Фото: Forbes

Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Буданов Forbes нашрига катта интервью берди.

Унинг сўзларига кўра, шарқий фронтда Россиянинг катта ҳужуми аллақачон давом этмоқда. Аммо ҳамма ҳам унинг қандай сифатдаги ҳужум эканини кўрмаяпти. Россия армияси олдида стратегик вазифа турибди – 31 мартгача Донецк ва Луҳанск областларининг маъмурий чегараларига етиб бориш.

«Бу улар орзу қилган мақсад, лекин буни амалга ошира олмайдилар. Россияда янги сафарбарлик тўлқини бошланди, у яширин. Биринчи тўлқинда сафарбар этилганларнинг 90 фоизидан ортиғи фронтга тайёргарликсиз жўнатилган», дейди у.

Будановнинг таъкидлашича, Украина иттифоқчилари Бахмутни сақлаб қолиш учун куч сарфламасликни маслаҳат беришмоқда.

«Бу худди Франция президентига Марселни ёки АҚШ раҳбарига Нью-Йоркни вақтинча топширишни таклиф қилишга ўхшайди. Мен учун ватанпарвар сифатида, Украина ҳудудининг бир миллиметрини ҳам душманга топшириш фалокатдир.

Ҳарбий нуқтайи назардан, Бахмутда биз русларни ҳолдан тойдирмоқдамиз. Икки ой давомида рус қисмлари имкон қадар артиллерия ўқ-дориларини тежашга ҳаракат қилмоқда. Бизда ҳам танқислик бор. Бахмутда рус қўшинлари бошқа тактикага ўтишди: пиёдалар тўлқини кетма-кет келади, артиллерия фақат уларни қўллаб-қувватлайди», деди у.

Будановнинг сўзларига кўра, Россияда ҳарбий саноат билан боғлиқ вазият оғир.

«Россия ҳарбий саноати ракета етказиб беришга улгурмаяпти. Шу сабабли, оммавий ўққа тутишлар миқдори ва интенсивлиги пасаймоқда. Россия чангютгичлар ва кир ювиш машиналарини бўлаклаб, ракета учун микрочипларни олмоқда. Бу шармандалик.

Россиядаги ёнғинлар ва портлашлар тасодифий эмас. Мунтазам равишда нимадир ёняпти ва бу бежиз эмас. Украинага Россияда нафақат украинлар ёрдам бермоқда: пул мўъжиза яратяпти», деди у.

У Украина ва Россия урушида «ҳисоб» ҳозирча тенглигини айтиб ўтди.

«Баҳорда ҳал қилувчи жанглар бўлади. Бу бурилиш нуқтаси. Энди футболга таққосласак, ҳисоб 1:1, ўйиннинг 70-дақиқаси кетяпти. Украинанинг учта асосий мағлубияти: Северодонецк, босқин бошида Волноваха ҳудудида мудофаанинг ёриб ўтилиши, 2014 йилда Донбасс ва Қримнинг босиб олиниши. Учта йирик ғалаба: душманнинг Киев йўналишидан ортга қайтарилиши, Харкивда қарши ҳужум, Херсонни озод қилиш.

Босиб олинган ҳудудлар озод этилгандан сўнг чегара яқинида қуролдан холи ҳудуд ташкил этиш зарур. Урушни тугатиш учун бир шартимиз бор – 1991 йил чегараларига етиб бориш, қолганини кейинроқ ҳал қиламиз», деди у.

Мавзуга оид