Жаҳон | 00:05 / 24.02.2023
32423
2 дақиқада ўқилади

Тожикистондаги зилзила Сарез кўлига зарар етказмагани ҳақида хабар берилди

Кун давомида содир бўлган бир қанча зилзилалар Сарез кўлида тошқин хавфини юзага келтирмади.

Фото: mfa.tj

23 феврал куни Тожикистонда бир нечта зилзила содир бўлди. Бу ҳақда Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот маркази раҳбари Умида Юсуфий Азия-Плюс нашрига хабар берди.

«Биринчи силкинишлар маҳаллий вақт билан соат 5:37 да содир бўлган, зилзила эпицентри Мурғоб тумани марказидан 67 километр ғарбда, Тожикистон шарқида, Душанбе шаҳридан 400 километр жануби-шарқда ва Сарез кўлидан 30 километр шарқда жойлашган. 20,5 км чуқурликда бўлган зилзила марказида магнитуда 6,8 баллни ташкил этди», деди у.

Шундан сўнг зилзилалар яна такрорланган. Жумладан 1 соат 20 дақиқа ичида 5 марта ер силкинган. Қайд этилган магнитудалар 4,5 – 5 балл бўлган. Кейинчалик, соат 11:50 да 4,5 балл магнитудали яна бир зилзила содир бўлган, соат 13:01 да силкиниш такрорланган, бу гал 4,7, магнитуда билан.

Юсуфийнинг сўзларига кўра, зилзилалар эпицентри тоғли ҳудудларда ва Мурғоб вилояти маркази билан Сарез кўли оралиғидаги одам яшамайдиган ҳудудда бўлган.

«Сарез кўлида кузатув ва эрта огоҳлантириш тизими меъёрида ишламоқда. Ўзгарувчанлик ва ўзгаришлар қайд этилмаган. Кўлга сув келиши ва унинг оқими ўзгаришсиз қолди», деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил май ойида Ўзбекистонда Тожикистон ҳудудидаги Сарез кўли дамбасининг ёрилиши оқибатида сув тошқини хавфи юзага келганда аҳолини шартли эвакуация қилиш бўйича ўқув машқлари ўтказилган эди.

Мавзуга оид