Ўзбекистон | 20:36 / 27.02.2023
15287
6 дақиқада ўқилади

Болаларга сифатсиз нонушта тарқатилмоқда

Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманидаги 4 та мактабда ўқувчиларга нонушта ўрнида чириган олма ва зарарланган “печенье”лар берилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Kun.uz'га ушбу вазият ўрганилаётганини маълум қилди. Ҳозирда бу борада кимга қандай чора кўрилгани очиқланмаган.

Бепул овқатлантириш тизимини йўлга қўйишнинг дастлабки босқичлари самарасиз ўтмоқда. Қорақалпоғистон мактабларида болаларга сифатсиз нонушта берилгани маълум бўлди. Кейинги йилдан республиканинг барча ҳудудидаги мактабларда йўлга қўйиладиган бу тизимнинг қандай шаклда бўлиши ҳали аниқ эмас.

Кегейлидаги ҳолат

Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманидаги 4 та мактабда болаларга сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари берилаётгани аниқланди. Жўқорғи Кенгеснинг хабар беришича, ўқувчиларга тарқатилаётган олма меваси истеъмолга яроқсиз (чирик) бўлган, қадоқланган маҳсулотлар эса зараркунандалар билан зарарланган.

Қолаверса, маҳсулотлар махсус автомашиналарда эмас, йўловчи ташувчи транспортларда етказиб берилаётгани маълум бўлган. Турли мактабларда кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилувчи комиссия таркиби ҳам тузилмаган.

Қайд этилишича, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, айбдорларга чора кўриш бўйича тегишли тартибда ишлар олиб борилмоқда.

Ҳолат юзасидан Kun.uz Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати билан боғланди. Вазирлик матбуот котиби Дилфуза Собированинг айтишича, бу бўйича масъуллар ўрганиш ишларини олиб боришмоқда. Тез орада расмий муносабат билдирилади.

Ўқувчиларга сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари берилаётгани янгилик эмас. Худди шунга ўхшаш ҳолат ўтган йили декабрь ойида ҳам муҳокамаларга сабаб бўлганди. Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл, Беруний туманлари ҳамда Хоразм вилоятидаги мактабларга ҳам яроқсиз бир марталик бепул енгил тамаддилар етказилгани маълум бўлган.

Кейинги йилдан йўлга қўйиладиган бепул овқатлантириш қандай бўлади?

Президент ўтган йили парламент ва халққа йўллаган мурожаатида янги ўқув йилидан бошлаб барча мактаблардаги бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатлантириш амалиёти жорий этилишини таъкидлаганди. Бунинг учун бюджетдан 2,3 трлн сўм ажратилиши ҳам маълум қилинганди.

2023 йилга мўлжалланган давлат дастурига оид фармон лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Унда шу йилнинг ўзида бепул овқат бериш тизими билан 2,5 млн нафар ўқувчи қамраб олиниши, бунинг учун 2,7 трлн сўмга яқин маблағ ажратилиши айтилди. Аммо бепул овқатлантириш енгил тамадди шаклида бўладими ёки иссиқ овқат, меню қандай тузилади, ундан нималар жой эгаллайди, жараёнда кимлар иштирок этади, каби саволлар ҳамон очиқлигича қолмоқда.

“Бепул нонушта”нинг асл мазахўраклари – асло болалар эмас

Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров юқоридаги ҳолатларга муносабат билдирар экан, бу камчиликлар рўйирост айтилаётгани яхшилигини, лекин кўзда тутилаётган ечимлар ўша-ўша: камчиликларни бартараф этиш, айбдорларга чора кўриш билан чегараланиб қолмаслигини айтмоқда.

“Ҳеч бир масъул ҳозир мактабларда болаларга зарурроқ ёрдамлар нималар эканининг рўйхатини тузмаган. Балки бу оддийгина нормал ҳожатхонанинг мавжуд бўлишидир? Балки бу сувнинг, майли иссиқ сув бўлмасин, оддийгина ичимлик сувининг бўлишидир? Балки зарурат ҳисобланган спорт зали билан боғлиқдир? Иккинчи ва учинчи сменада ўқиётганлар учун бу биринчи сменада ўқиш имконияти бўлиши мумкин. Юзлаб мактаблар буржуй печкалар билан иситилади. Балки қозонхоналар зарурроқдир.

Масъуллар орасида бундай саволларни берадиганлар ҳозирча йўқ. Қайдан ҳам бўлсин, улар “лаббай, хўп бўлади” дейдиган ижрочилар, улар Тэтчер эмас.

Қорақалпоғистон ва Хоразмда йилига 100 млрд сўмдан, тез орада бутун Ўзбекистон бўйлаб бир неча трлн сўмлик “бепул нонушта” йўлга қўйилади. “Бепул нонушта”нинг асл мазахўраклари асло болалар эмас, бу кун келишини орзиқиб кутиб ўтиришибди, — дея таъкидлайди Бакиров.

“Текин” дейилаётган нарсанинг харажатлари устида ўртадаги фойда кўрувчиларнинг ҳам “маржа”си ўтирибди

Таълим бўйича эксперт Комилжон Жалилов ҳам ҳолат бўйича ўз муносабатини билдирган.

“Текин” дейилаётган ҳеч бир нарса аслида текин бўлмайди: сиз солиқ тўловчи сифатида унга пул тўлайсиз. Баъзан эса “текин” дейилаётган нарса бевосита пул тўлаб сотиб олганингиздан кўра қимматроққа тушиши ҳам мумкин, чунки сотиб олаётган нарсангизнинг бозордаги муқобилларини ўрганиб, нарх ва сифат бўйича ўзингизга мақбулини танлайсиз, сизга ўзингиз тўлаётган солиқлар ҳисобидан “текин” дея тақдим қилинаётган нарсанинг харажатлари устида эса ўртадаги фойда кўрувчиларнинг ҳам “маржа”си ўтирибди.

Қорақалпоғистонда ҳам бошланғич синфларга “текин” дея тарқатилган истеъмолга яроқсиз, зараркунандалар билан зарарланган озиқ-овқат учун аслида сиз-у биз солиқ тўловчи сифатида пул тўлаганмиз. Бакироо айтганидек, бу пуллар бошқа муҳимроқ, зарурроқ нарсалар учун ҳам сарфланиши мумкин эди. Балки бу "текин" овқат амалиётини бутун республикага жорий қилишдан олдин яна бир марта ўйлаб, приоритетларни тўғри белгилаб олармиз?” — деган у.

Шунингдек, яна бир гуруҳ одамлар бепул овқат беришда ўқувчилар рациони диетолог ва бошқа мутахассислар билан бамаслаҳат шакллантирилиши, бунда боланинг саломатлигига алоҳида эътибор қаратиш кераклигини айтган.

Умуман олганда, бошланғич синфлар учун бепул овқатлантириш тизимини йўлга қўйиш ёмон иш эмас, аммо жараёнда инобатга олиниши зарур бўлган бир қанча жиҳатлар мавжуд. Агарда янги ўқув йилидан бу амалиёт бутун республикада Қорақалпоғистон ёки Хоразмдаги каби йўлга қўйиладиган бўлса, бизни ҳали кўп муаммолар кутиб турган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид