Ўзбекистон | 15:54 / 10.03.2023
17981
5 дақиқада ўқилади

Кейинги парламент қандай бўлиши керак?

Келаси йил Ўзбекистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиши керак. Янги чақириқдаги парламент 2025-30 йиллар давомида фаолият юритади. Халқ ишонадиган парламент ижтимоий барқарорлик, минтақавий рақобат ва глобал ижобий репутация учун жуда зарур.

Инсоният тарихи тезлашмоқда. Жараёнлар зичлашмоқда. Бу нима дегани? “Тарихнинг тезлашаётгани”, аслида, илмий атама. Олимлар томонидан тан олинган феномен. Бу, маълум давр ичидаги дунё аҳамиятига молик воқеа-ходисалар сонининг борган сари ошиб боришини назарда тутади.

Инсоният глобаллашувнинг янги босқичларига шўнғимоқда. Информацион технологиялар, ижтимоий тармоқлар инсонларга мисли кўрилмаган ахборот алмашинуви, катта ва эркин ахборот оқимини тақдим қилишда давом этади. Натижада, инсонларда борган сари анча эркин дунёқараш шаклланаверади.

Бу, бир томондан, ўзгаришлар учун улкан имконият. Айни пайтда, давлат институтлари олдига муҳим вазифаларни ҳам қўяди. Ўзбекистон жамияти яқин ўтмишда қаттиқ авторитаризм даврини яшади. Бугун ҳам вазият зиддиятли. Ижтимоий тафаккурдаги қўрқув эриб бормоқда. Лекин, давлат институтларининг фаолияти ижтимоий сўровларга, эҳтиёжларига мутаносиб эмас. Давлат институтларида авторитар фикрлаш ва ишлаш кучли.

Нима учун жамият ишонадиган парламент керак? Ўзбекистон Конституциясига кўра, икки давлат органининг бошқарувдаги роли беқиёс. Бу – президентлик ва парламент институтлари. Президент – якка шахс. Парламент эса, катта жамоа. Бутун дунёда парламентлар ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг марказида туради, айнан ушбу институт давлат легитимлигини мустаҳкамлаб берувчи муҳим марказ ҳисобланади.

Парламентнинг қандай фикрлаши ва ишлаши, уни шакллантиришдаги сиёсий консенсусга бориб тақалади. Яъни, парламентга сайловлар нақадар эркин, сиёсий плюрализм қанчалик таъминланган – мана шу омиллар парламентнинг салоҳиятини, унга бўлган ишончни белгилаб беради.

Қонунчиликка кўра, сайловлар парламент муддати тугашидан уч ой олдин эълон қилиниши керак. Янги партиялар эса, сайлов кампанияси эълон қилинишидан камида олти ой олдин рўйхатдан ўтган бўлиши керак. Бу дегани, агар келаси 2024 йил феврал-март ойларигача янги партиялар тузилмаса, рўйхатдан ўтмаса, 2030 йилгача Ўзбекистонда яна “бир партияли” парламент сақланиб қолаверади.

Ўзбекистонда расман бешта партия бор. Лекин, Ўзбекистон жамияти ва ташқи дунё, парламентимизни, де-факто “бир партияли” деб қабул қилади. Ҳеч кимга сир эмаски, парламентга бўлган ишонч паст. Бу эса, глобаллашган даврда, жиддий сиёсий нуқсон.

Тушунаман, сиёсатчиларда “эркин ва плюралистик парламент – хавфли бўлиши мумкин” деган қараш бор. Лекин, сиёсий зеҳният шундай бўлиши керакки, муаммони ёпиш, инкор қилиш эмас, уни эртароқ англаш ва унга ечим излаш керак.

Демак, Ўзбекистонда парламентаризмни жонлантириш, уни реал сиёсий институтга айлантириш учун, роппа-роса бир йил қоляпти. Бу, муҳим қарор қабул қилиш учун, вақт етар.

Ўзбекистонга янги партиялар керак. Парламент сайловлари ҳам ўзгартирилса, яхши бўларди. Мисол учун, Қонунчилик палатасининг ярми мажоритар, ярми партия рўйхатлари асосида шакллантирилса, партияларнинг жонланишига, ғоявий кучайишига туртки бўларди.

Ўзбекистон ҳокимияти олдида катта танлов турибди. Ёки давлат институтларини, жумладан, парламентни эркинлаштириш ва жонлантириш. Ёки, таъбир қилиб бўлмайдиган жамият билан бирга яшаш. Чунки жамият давлатнинг институтларига ишонмаса, халқни, одамларни таъбир қилиш қийин бўлади.

Парламентни эркинлаштиришдан қўрқмаслик керак. Парламентда эркин партиялар ва депутатларнинг бўлиши, аслида, давлатнинг барча тармоқлари учун фақат фойда бўлади. Эркин ва халқ ишонадиган парламент, Ўзбекистонда барқарорлик учун, минтақавий рақобат ва глобал репутация учун жуда муҳим. Қўшни Қозоғистон анча жиддий маъмурий сиёсий ислоҳотларни бошлади. 2030 йилга қадар Россияда катта сиёсий ўзгаришлар кутилади.

Мана шу фонда, Ўзбекистон халқ ишонадиган парламентни шакллантириши керак бўлади. Бунинг учун эса, одамлар ишонадиган партиялар, депутатлар ва сайлов тизими керак. Парламент қанчалик эркин бўлмасин, давлат органларининг ўзаро муносабати, мулоқоти вазиятни издан чиқармайди. Асосийси, эркин ва ўзаро ҳурматли мулоқот маданияти. Бу нарсани эса, ижроия ҳокимияти йўлга қўя олади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзуга оид